Ассалому алайкум! Мен ҳозирда техник йўналишнинг 3-курс талабасиман, бироқ ислом ўқув юртлари мавжудлигини билганимдан сўнг мадраса ва ислом институтида ўқиб, умримни диний илм ўрганиш ва ўргатишга бағишламоқчиман. Ҳозирги ўқиётган соҳамга қизиқишим ва унда ишлаш ниятим йўқлиги сабаб, 3 йил маблағ ва вақтимни зоэ кеткизмаслик учун бу ўқишни ташламоқчиман. Бироқ онам мақсадларимга қаттиқ қаршилар, уларни тушунишимча динга берилиб кетиш хавфли экан. Бундай ҳолатда онанинг розилиги муҳумми ёки эзгу олий мақсадимми, ёки улардан бекитиб амалга оширайми?
– Ва алайкум ассалом! Динга хизмат қилиш учун фақат мадраса ўқиш шарт дейилмаганю соҳангизда етук мутахассис бўлиб, халқга ва мусулмонларга фойда келтиришингиз ҳам катта жидди-жаҳд хисобланади. Сиз кундалик диний эҳтиёжингиз учун кифоя қиладиган миқдордаги илмни ўрганинг.
Сиз инсониятга, хусусан мусулмонларга икки дунёсига фойда берадиган илмни ўрганишингиз, бу борада ниятни туғрилаб олишингиз айни савоб ва ибодат ҳисобланади. Дунёвий илмларни чўққисига чиқиш ҳам охир оқибат Аллоҳнинг маърифатига олиб боради. Дунёни ва ҳолатни теран англашга чақиради. Иқтисодда сармоя ва ресурсни тақсимлаш деган муҳим боб бор. Инсоннинг сармоя ва ресурси умри ва унинг истеъдоди бўлади. шуни тўғри тақсимласангиз дунёда ҳам муваффақиятга эришасиз охиратда ҳам нажот топасиз. Баъзи бир одамлар жуда кўп китоб ўқишни ёқтиришади. Бу яхши ҳислат, аммо ўша китоб ўқишда дини ёки дунёсига фойда келтирадиганлари бор, китоб ўқишга чанқоқлик, очлик деган нарсани қондириш учун ҳам китоб ўқиш бор. Унда одамлар дунё ва охиратига фойдаси бўлмаган фантастик, хаёлий ишқ муҳаббатга тегишли китобларга вақт сарфлашади. Албатта улар ҳам маълум даража фойдаси бор, лекин уларнинг фойдаси Аллоҳ таолонинг Қуръонда зикр қилган:
Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», – деб айт. (Бақара сураси 219-оят). Оятидаги “кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир” мисолига ўхшайди. Валлоҳу аълам!