Ассалому алайкум! 1. Мархумни намоз ва рўза қазолари қолиб кетган бўлса, олдин шуларни каффорати ва мархумни қарзлари тўланадими ёки мерос тақсимланадими? Умуман каффоратини васият қилмаган бўлса, ким тўлаши керак? 2. Агар мархум фалон нарса фалон неварамга, келиним, опам ва ҳоказо деб айтиб қўйган бўлса ўша одамларга меросхўрларни изни билан бериладими ёки қарши бўлишса хам бериб юбориладими васиятга кўра?
– Ва алайкум ассалом! 1). Мусулмон кишининг баъзи намозлари ёки рўзаси қазога қолган бўлса, киши вафот қилишидан хавфсиралган пайтда агар қоладиган ортиқча моли бўлса, ворисларига фидя беришни васият қилиши вожиб. Аммо марҳум васият қилмаган бўлса, фидя бериш ворисларига вожиб эмас.
2). Марҳумнинг қолдирган мол-мулки шариат қоидаларига кўра ворисларга тақсим қилиниши шарт. Шаръан улуши белгилаб қўйилган ворислар учун бирор нарсани васият қилиш жоиз эмас.
Маййитнинг (меросхўрлардан бошқаларга) васиятлари, қолдирган мероснинг учдан бири доирасида ҳеч кимнинг рухсатига қарамай бажарилади. Ана шу васиятларни маййитни кафанлашга етарли маблағни ажратиб ва унинг зиммасидаги қарзларни адо қилингач амалга оширилади. Аммо васиятнинг миқдори мероснинг учдан биридан кўп бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққосга:
«...الثُّلُثُ وَالثُّلُثُ كَثِيرٌ، إِنَّكَ إِنْ تَذَرَ وَرَثَتَكَ أَغْنِيَاءَ خَيْرٌ مِنْ أَنْ تَذَرَهُمْ عَالَةً يَتَكَفَّفُونَ النَّاسَ»
«...Учдан бири? Учдан бири ҳам кўп. Сен меросхўрларингни бой ҳолларида ташлаб кетишинг уларни одамларга юк бўлиб, тиланиб юрадиган қилиб ташлаб кетишингдан яхшироқдир», деган сўзларига кўра, учдан биридан ошган миқдорида меросхўрларнинг розилигини олгандан кейингина бажарилади. Валлоҳу аълам!