Ассалому алайкум! Мени бир дўстим бор. У билан анча йиллардан буён дўстмиз ва мен Аллоҳ учун дўст бўлганман у билан. Лекин у яқин вақтларда тинмай ҳар хил гуноҳ масиятларга кириб бормоқда. Янги дўстлар орттириб уларга қўшилиб янги ҳунарлар чиқармоқда (чекиш, ичиш, қизлар дегандай). Мен унга кўп маротаба айтдим ва айрим чоралар ҳам қўллаб кўрдим. Лекин у буларни қилганим сари мендан узоқлашмоқда. У билан Аллоҳ насиб этса жаннатда ҳам бирга бўлмоқчиман лекин нима қилишни билмаяпман. Бунга чора қандай?
– Ва алайкум ассалом! Дўстингиз ҳаққига дуо қилишда бардавом бўлинг. Қўлингиздан келганча уни гуноҳ ишлардан қайтаринг. Агар барибир бу ишлардан тийилмаса, ўнгланишидан умид қолмаса, тарк қилишингиз жоиз. Аллоҳ таоло "Зухруф" сурасида марҳамат қилади:
الْأَخِلَّاء يَوْمَئِذٍ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ عَدُوٌّ إِلَّا الْمُتَّقِينَ
67. Ўша Кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир.
Қиёмат куни ҳамма ўз оқибатини билгач, гарчи бу дунёда ўзаро яқин дўст бўлса ҳам, бир-бирига душманга айланади. Чунки у дунёда бир-бирларини турли амалларга ундаган дўстларнинг дўзахга тушиб, жазо тортишлари аниқ маълум бўлиб қолади. Ана ўшанда ёмон билан дўст бўлганига афсусланиб, дўстлар дўстини ёқтирмай қўяди. Дўстлар душманга айланади. Бир-бирига маломат қилиб, «Сени деб шундай бўлди», дейишга ўтади.
Фақат тақводор дўстларнинг оқибати хайрлидир. Чунки уларнинг дўстлиги Аллоҳ учун, тақво асосига қурилган эди. У дўстлар доимо яхши амалларни қилган бўладилар. Шунинг учун қиёмат куни бирга жаннатга тушадилар ва дўстликлари яна ҳам ортади. Ҳамда уларга қуйидагича нидо қилинади:
يَا عِبَادِ لَا خَوْفٌ عَلَيْكُمُ الْيَوْمَ وَلَا أَنتُمْ تَحْزَنُونَ الَّذِينَ آمَنُوا بِآيَاتِنَا وَكَانُوا مُسْلِمِينَ ادْخُلُوا الْجَنَّةَ أَنتُمْ وَأَزْوَاجُكُمْ تُحْبَرُونَ
68. Эй бандаларим! Бугунги Кунда сизга хавф йўқ ва маҳзун ҳам бўлмассиз.
69. Оятларимизга иймон келтирганлар ва мусулмон бўлганлар!
70. Жаннатга киринглар, сизлар ва жуфтларингиз шод бўлурсизлар.
Нақадар катта бахт, нақадар улуғ инъом! Бу дунёда дўст бўлиб ўтган кофир, мунофиқ ва осийлар бир-бирига душманга айланиб, хусуматлашиб турган бир пайтда, тақводор мўмин-мусулмонларга Аллоҳ таолонинг Ўзи:
«Эй бандаларим!» деб хитоб қилиб турса! Аллоҳ бандам, деган инсондан ҳам бахтли одам борми?!
«Бугунги Кунда сизга хавф йўқ...»
Бугунги даҳшатли ва ҳаммани хавфу хатарга солган қиёмат кунида сизга ҳеч қандай хавф йўқ. Сиз омондасиз. Келажагингиз бахт-саодатга тўла.
«...ва маҳзун ҳам бўлмассиз».
Ўтган ишларни ўйлаб, кўнглингиз хира ҳам бўлмасин. Зеро, у дунёда тақво билан ўтгансиз.
Эй бандаларим!
«Оятларимизга иймон келтирганлар ва мусулмон бўлганлар! Жаннатга киринглар...»
У дунёдаги иймонингиз ва ибодатингиз мукофотига сизга жаннат тайёрлаб қўйилган. У жаннатда
«...сизлар ва жуфтларингиз шод бўлурсизлар».
Чунки жаннатда фақат шодлик келтирувчи неъматлар бор. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!