Ассалому алайкум! Келин бўлиб тушганимга 11йил бўлди. Шу вақтгача оиламизда мен билан боғлиқ кўнгилсизлик, жанжал бўлмаган. Уйдагиларни ҳурматини сақлайман. Саволим шуки, турмуш ўртоғимнинг ишлари орқага кетиб ўнгланмаяпмиз. Қайнотам бундан дарғазаб бўлиб феъли кўтармай қарғаганлар. Шумниятланиб қолган. Сабр қилинг десак ҳам, тақдиримиз экан десак ҳам бўлмаяпти. Ўғлини ҳам совутиб қўйган. Айтингчи отамизни бу хусусдаги норозилиги тўғрими? Аллоҳ синайдику бандларини. Шу ишлардан сўнг хидоят топаяпмиз. (Аммо отамиз намоз ўқимаяптилар.) Ҳар ишда ҳикмат борлиги шудир.
– Ва алайкум ассалом! Отангизни норози қиладиган бирор иш қилмаган бўлсангиз бас. Аллоҳ таоло бандасига гоҳида ризқни тор, гоҳида кенг қилиб қўяди. Бу синовдир. Бунинг учун бир-бирингизни айблашингиз тўғри эмас. Аллоҳ таоло "Фажр" сурасида марҳамат қилади:
فَأَمَّا الْإِنسَانُ إِذَا مَا ابْتَلَاهُ رَبُّهُ فَأَكْرَمَهُ وَنَعَّمَهُ فَيَقُولُ رَبِّي أَكْرَمَنِوَأَمَّا إِذَا مَا ابْتَلَاهُ فَقَدَرَ عَلَيْهِ رِزْقَهُ فَيَقُولُ رَبِّي أَهَانَنِ
15. Бас, қачон инсонни Роббиси синаш учун икром қилса ва неъмат берса, «мени Роббим икром қилди», дейдир.
16. Бас, қачон Роббиси синаш учун ризқини тор қилиб қўйса, у «Роббим мени хорлади», дейдир.
Кишиларда бойлик ва камбағаллик ҳақида нотўғри тушунча бор. У ҳам бўлса бойликни Аллоҳ тарафидан иззат-икром, Аллоҳ розилигининг аломати, яхши кўргани учун мол-дунё берди, деб эътиқод қиладилар.
Аксинча, камбағалликни эса Аллоҳ тарафидан хўрлаш, хуш кўрмаганлик аломати, деб тасаввур қиладилар. Аслида эса ундоқ эмас.Аллоҳ таоло молу дунё, бойликни яхши кўрган бандасига ҳам, ёмон кўрган бандасига ҳам бераверади, шунингдек, яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам ризқини тор қилиб қўйиши мумкин. Бойлик Аллоҳ тарафидан бўлган иззат-икром эмас, балки имтиҳон–синовдир, шунингдек камбағаллик ҳам. Синовдан мақсад эса Аллоҳнинг итоати: банда бой бўлса, шукр қилиб, бойликни Аллоҳ кўрсатган йўлга сарфлайдими, йўқми? Ёки камбағал бўлса, сабр қиладими, йўқми? (“Тафсири ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!