Бугун Пешинда бир қариндошимизни чиқаздик, АЛЛОҲ уни раҳмат қилсин, шунда жамоат билан Намоз ўқилаятганда мен биринчи 4 ракат Суннатни кечроқ тугатдим ва Фарзни ҳаммадан кечроқ бошладим, намоз пайтида етиб олишга ҳаракат қилдим лекин улгурмадим, бошида эса 4 ракат Суннатни бузгим келмасдан кеч қолгандим. Ҳаммадан алоҳида бўлиб қолдиб ўқидим, бу гуноҳми? ? ? шундай ҳолатда нима қилиш керак? қандай қилиб намозни тезроқ тугатади? Сизга олдиндан раҳмат, АЛЛОҲ барча амалларингизни даргоҳида қабул қилсин.
Фарз намозга етишиш
Киши фарз намозни бошлагандан кейин ўша намозга иқомат айтилиб қолса, агар биринчи ракъатга сажда қилмаган бўлса ёки тўрт ракъатли бўлмаган намозда сажда қилган бўлса, ўз намозини кесади ва иқтидо қилади. Шунингдек, тўрт ракъатлисида ҳам, бир ракъат қўшгандан кейин.
Агар мазкур намоздан уч ракъатни ўқиган бўлса, уни тамом қилади ва нафлни ният қилиб иқтидо қилади. Илло, Асрда буни қилмайди.
Азон айтилган масжиддаги одам намозни ўқимай чиқиши макруҳдир. Бошқа жамоатни қоим қилувчига макруҳ эмас. Шунингдек, Пешин ва Хуфтонни ўқиб олганларга ҳам. Илло, иқома пайтида макруҳдир. Иккисидан бошқасида, агар иқома айтилса ҳам, чиқаверади.
Бомдоднинг суннатини ўқиса фарз жамоатига етиша олмайдиган бўлса, суннатни тарк қилади. Ким фарздан бир ракъатга етадиган бўлса ҳам, суннатини ўқийди.
Бомдоднинг суннати қазосини фақат фарзига тобеъ бўлган ҳолдагина ўқийди.
Икки ҳолатда ҳам Пешиннинг суннатини тарк қилиб, иқтидо қилади. Сўнгра унинг қазосини бир жуфт суннатидан аввал ўқийди. Ўша иккисидан бошқаларни асло қазо қилинмайди.
Намозни жамоат билан ўқиш ўта савобли амал. Уни аввалидан охиригача имом билан ўқилса, савоби мукаммал бўлади. Такбири таҳримани имом билан бирга айтиш катта фазийлатдир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: إِنَّمَا جُعِلَ اْلإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ بِهِ فَإِذَا كَبَّرَ فَكَبِّرُوا وَلاَ تُكَبِّرُوا حَتَّى يُكَبِّرَ وَإِذَا رَكَعَ فَارْكَعُوا وَلاَ تَرْكَعُوا حَتَّى يَرْكَعَ وَإِذَا سَجَدَ فَاسْجُدُوا وَلاَ تَسْجُدُوا حَتَّى يَسْجُدَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Имом фақат унга эргашилмоғи учун қилинган. Бас, қачон у такбир айтса, сиз ҳам такбир айтинг. У такбир айтмагунча, сиз такбир айтманг. Қачон у рукуъ қилса, сиз ҳам рукуъ қилинг. Қачон у сажда қилса, сиз ҳам сажда қилинг. У сажда қилмагунча, сиз сажда қилманг», – дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: إنَّ لِكُلِّ شَيْءٍ أَنَفَةً وَإِنَّ أَنَفَةَ الصَّلاَةِ التَّكْبِيرَةُ اْلأُولَى فَحَافِظُوا عَلَيْهَا.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир нарсанинг сараси бўлади. Намознинг сараси биринчи такбирдир. Бас, уни муҳофаза қилинг», – дедилар».
Шу билан бирга, жамоатни энг охирги лаҳзасида топган кишига ҳам савоб бўлаверади.
Ким имом биринчи саломни беришидан олдин такбири таҳримани айтиб қолса, жамоатни топган бўлади.
Ким келганда имомнинг рукуъ қилиб турганини кўрса, тик турган ҳолда такбир айтиб, кейин рукуъга бориб, бир тасбиҳ айтиб қолса ҳам, ўша ракъатни топган бўлади. Нима бўлса ҳам, имомга иқтидо қилишга ошиқиш керак.
«Мухтасари Виқоя»нинг қуйидаги матнлари ҳам ушбу масалага бағишланади:
Киши фарз намозни бошлагандан кейин ўша намозга иқомат айтилиб қолса, агар биринчи ракъатга сажда қилмаган бўлса ёки тўрт ракъатли бўлмаган намозда сажда қилган бўлса, ўз намозини кесади ва иқтидо қилади.
Бир киши бехабар ҳолда бир намозни ёки унинг қазосини ўқиётган эди. Бирдан худди ўша намозга жамоат учун иқома айтилиб қолди. Шунда у биринчи ракъатнинг саждасини қилмаган бўлса, тик турган ҳолида икки тарафга салом бериб намозини тугатади ва бориб жамоатга қўшилади.
Бомдод ва Шом намозларида биринчи ракъатнинг саждасини қилган бўлса ҳам, намозини кесиб, жамоатга қўшилади.
Чунки, бир ўзи ўқигандан кўра жамоат билан ўқиш савоблидир.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ t أَنَّ رَسُولَ اللهِ r قَالَ: صَلاَةُ الْجَمَاعَةِ أَفْضَلُ مِنْ صَلاَةِ الْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِينَ دَرَجَةً. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ أَبَا دَاوُدَ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир», – дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шунингдек, тўрт ракъатлисида ҳам, бир ракъат қўшгандан кейин.
Яъни, тўрт ракъатли намознинг биринчи ракъати саждасини қилган бўлса, унга яна бир ракъат қўшиб салом беради ва жамоатга қўшилади.
Агар мазкур намоздан уч ракъатни ўқиган бўлса, уни тамом қилади ва нафлни ният қилиб иқтидо қилади.
Ўша тўрт ракъатли намознинг уч ракъатини ўқиб бўлганидан кейин иқома айтилиб қолса, қолган тўртинчи ракъатни ҳам ўқийди. Намозини тамомлаб бўлганидан кейин, савоб учун, нафл ният қилиб жамоатга қўшилади.
Илло, Асрда буни қилмайди.
Чунки, Асрнинг фарзини ўқиб бўлгандан кейин нафл ўқиш макруҳдир.