Ассалому алайкум! Мен поликлиникада врачман. Бизни ойлигимиз кам. Беморларни ногиронликка чиқиш учун кўчирма ёзаман. Ман уларга кўнглиздан чиқариб рози қилиб кетинг дейман. Баъзилар пул беради, рози бўлиб. Шу пул менга халолми? Чунки бизни ойлигимиз 2.5 млн, тирикчилик учун етмайди. Уй жой хақида айтмаса хам бўлади.
– Ва алайкум ассалом! Бу порага таъма қилиш ҳисобланади. Пора ҳаром, олган ҳам берган ҳам бир хил.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه ، قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ فِي الْحُكْمِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмда пора берувчини ва пора олувчини лаънатладилар».
Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Аллоҳдан Ўзи хуш кўрадиган ва рози бўладиган нарсага муваффақ қилишини сўраймиз. Аллоҳу аълам. Пора араб тилида «ришва» деб аталиб, шаръий истилоҳда адолатни йўққа чиқариш ва ботилни юзага чиқариш учун бериладиган нарсага ишлатилади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатламоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатлари жуда оғир жазодир, чунки лаънат бировнинг Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини сўрашдир. Аллоҳнинг маҳбуб Расули Аллоҳ таолодан сўраган нарса бўлмай қолмаслиги ҳаммага маълум. (“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам!