Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ифторликнинг вакти утиб кетса

00:00 / 23.09.2008 | eski savollar | 9898
Ассалому алайкум хурматли шайх хазратлари. Хурматли шайх хазратлари, мен сиздан ифторликнинг вакти утиб кетса, яъни огизни уз вактида очмаслик хакида сурамокчи эдим. Бир газетада укиб колувдим, унда ёзилишича агар рузадор рузани, огзини уз вактида очмаса, кечкурун тушиб, хамма жой коронги булиб кетса рузадор рузасини бу куни очмасдан кейинги куни очиши лозим булар экан. Шу тугрими? Сиздан илтимос, шу масалага ойдинлик киритиб берсангиз хурматли шайх хазратлари. Агарда бемаъни савол берган булсам сиздан узр сурайман. Аллохим сиздан рози булсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Сиз менимча, ўқиган нарсангизни тушунмабсиз. Аслида эса, гап қуйидагича:«Баро розияллоҳу анҳудан ривоят: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан қачон бир киши рўзадор бўлсаю ифтор бўлганда ифтор қилмай ухлаб қолса, ўша кечаси ва эртасига кундузи, то кеч кирмагунча таом емас эди. Қайс ибн Сирма рўзадор эди. Ифтор бўлганда хотинини олдига келиб, «таоминг борми?»-деди. Хотини:«Йўқ. Лекин, бориб сенга таом келтираман», деди. У кундузи ишлар эди. Кўзи илиниб ухлаб қолди. Хотини қайтиб келиб, уни кўриб, шўринг қурисин, деди. Эртасига кун яримлаганда ҳушидан кетиб йиқилди. Бу нарса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинди ва ушбу оят нозил бўлди: «Сизларга Рўза кечасида аёлларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди...». Бунинг учун жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Шунингдек: «Ва то оқ ип қора ипдан ажрагунча еб ичинглар» ҳам нозил бўлди». Бухорий, Абу Довуд ва Насаъий ривоят қилган.Бошқа ривоятда эса: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Хуфтонни ўқиганларидан кейин одамларга таом, шароб ва аёллар ҳаром бўлар эди ва янаги кечага рўза тутар эдилар. Бас, бир киши ўз нафсига хиёнат қилди, Хуфтонни ўқиб бўлиб, ифтор қилмай туриб, хотинига яқинлик қилди. Сўнгра Аллоҳ ўшани қолганларга осон, рухсатли ва манфаатли қилишни ирода қилди. Бас, Ул пок зот: «Аллоҳ, албатта, сиз ўз нафсингизга хиёнат қилишингизни билди. Бас, У сизларни кечирди ва афв қилди...» оятини охиригача туширди. Шарҳ: Ушбу икки ривоятда дастлаб рўза фарз бўлган вақтида ҳукми ҳозиргидан бошқача бўлгани, ўзига яраша қоидалари бўлгани ҳақида сўз кетмоқда. Ўша дастлабки қоидаларга биноан ифтор вақти қуёш ботгандан то хуфтон номози вақти киргунча бўлган, холос. Агар ўша вақт ичида ифтор қилиб олинмаса, ундан кейин яна ифтор вақти келмагунча еб-ичишга рухсат бўлмаган. Шунингдек, рўза пайтида кечаси ҳам эру хотин жинсий яқинлик қилишларига рухсат бўлмаган. Бу ўзига хос тарбия усули бўлиб, Аллоҳ таоло мусулмонларга хоҳлаган шаклда рўза ибодатини амр қилиши мумкинлигини, лекин энг осон ва фойдали йўлини ихтиёр этаётганини тажрибада кўрсатган.Албатта, юқорида зикр қилинганидек, ифтор вақти фақат Шом билан Хуфтон орасида бўлиши ва Рўза кечасида жинсий алоқаларни манъ қилиниши ўзига яраша қийинчиликлар туғдириши турган гап. Шундоқ бўлди ҳам. Мусулмонлар ҳаётида бу икки масалада ҳам ибрат оладиган воқеалар бўлиб ўтди. Ана шундан кейингина Аллоҳ таоло Рўза тутиш бўйича бир оз қийин бўлган ҳукмларни бекор қилиб, бандаларга енгиллик яратди. Бунга эса мусулмонлар ҳаётида бўлиб ўтган икки ҳодиса сабаб бўлди.Биринчи ҳодиса қаҳрамони Мадина аҳлидан бўлган, ансорий саҳобалардан Қайс ибн Сирма розияллоҳу анҳу эдилар. У кишининг хурмо боғлари бор эди. Қайс розияллоҳу анҳу кун бўйи ўша боғда меҳнат қилар эдилар. Бир куни рўза тутган ҳолларида, кечгача боғда ишладилар. Ифтор яқин қолганда уйга келиб хотинларидан, ифтор қилгудек таом борми, йўқлигини сўрадилар. Аёл тайёр таом йўқлигини, лекин бир оздан сўнг келтиришини айтиб, таом келтиргани чиқиб кетди. Кун бўйи боғда ишлаб чарчаган Қайс ибн Сирма розияллоҳу анҳу ухлаб қолдилар. Таом олиб келган хотин эрини ухлаб ётганини кўриб, шўринг қурсин, ухлаб қолибсанку, дедида раҳми келиб уйғотмади. Шундоқ қилиб Хуфтон вақти бўлди. Қайс розияллоҳу анҳу ифтор қилиш ҳақидан маҳрум бўлди. Эрталаб яна боғга ишлагани кетди. Икки кун қаторасига, орада овқат емай, рўза тутиб, боғда меҳнат қилган Қайс ибн Сирма кун ярим бўлганда ҳушдан кетиб йиқилдилар. Бу ҳодиса хабари дарҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Ўз-ўзидан ҳаммада савол пайдо бўлди. Рўзани ана шундоқ қийинчилик билан тутилаверадими ёки бошқа бирор ўзгариш бўладими? Жавоб эса Аллоҳ таоло томонидан келди. У зот азза ва жалла мўмин-мусулмон бандаларига лутфу-карам кўрсатди, Рўза ибодатида уларга осонлик яратди. Рамазон рўзаси кечаларида ҳам хотинларга жинсий яқинлик қилишга рухсат берди. Ифтордан кейин эса, то тонг отгунча таом ва шаробга рухсат берди. Бу лутфу марҳаматдан мўмин мусулмонлар беҳад шод бўлдилар.Икинчи ҳодиса қаҳрамони исми ривоятда очиқ айтилмаган. Эҳтимол у кишининг ҳурматларидан шундоқ қилинган бўлса керак. Аслида эса, бу ҳодиса қаҳрамони ким эканлиги ҳам маълум ва машҳур. Мазкур ҳодиса қаҳрамони ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудирлар. У киши ифтордан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашиб ўтириб, сўнгра ўйларига келганлар ва хотинларига бирга бўлиш истагини билдирганлар. Хотинлари эса, мен ухлаб турдим, деганлар. Яъни, ухламасам шарият ҳукми бўйича жоиз эди, аммо мен ухладим, энди шарият ҳукми бўйича менга яқинлик қилишингиз мумкин эмас, деганлари эди. Аммо, ҳазрати Умар, ухлаганинг йўқ, дедиларда яқинлик қилдилар. Ўзлари билиб туриб, ўз нафсларига хиёнат қилдилар. Сўнгра афсус надомат қилиб, бориб ҳодисани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бердилар. Ана шунда: «Аллоҳ, албатта, сиз ўз нафсингизга хиёнат қилишингизни билди. Бас, у сизларни кечирди ва авф қилди....» оятни охиригача нозил қилди.Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:1. Рўза дастлаб фарз қилинган вақтда ифтор вақти қуёш ботгандан хуфтон вақтигача бўлгани.2. Хуфтон вақтигача ифтор қила олмай, жинсий яқинлик қила олмай ухлаб қолган кишига янаги ифтор вақти келгунча таом, шароб ва хотин ҳаром бўлган.3. Кейин мазкур ҳукм насх қилиниб қуёш ботгандан то тонг отгунча таом емоқ, шароб ичмоқ ва жинсий яқинлик жоиз бўлган.4. Ҳозир тутадиган рўзамиз жуда ҳам осон турдаги рўза экани. Агар Аллоҳ хоҳласа, қийин қилиб қўйиши ҳам мумкин эканлиги.

Топ рейтинг www.uz Openstat