Ассалому алайкум! Бир инсон олдига гўшт олиб келиб қўйилди, у инсон гўштни ҳаром эканлигига шубҳаси ғолиб бўлса ҳам ўша гўштдан тановул қилди. Лекин гўшт ҳалол йўл билан сўйилгани кейин маълум бўлди. Шунда у киши ҳалол гўшт еди аммо шубҳаси бўла туриб парво қилмай егани учун гуноҳкор бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Гуноҳкор бўлмайди.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ قَوْمًا قَالُوا لِلنَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: إِنَّ قَوْمًا يَأْتُونَا بِاللَّحْمِ لَا نَدْرِي أَذُكِرَ اسْمُ اللهِ عَلَيْهِ أَمْ لَا، فَقَالَ: «سَمُّوا عَلَيْهِ أَنْتُمْ وَكُلُوهُ». قَالَتْ: وَكَانُوا حَدِيثِي عَهْدٍ بِالْكُفْرِ. تَابَعَهُ عَلِيٌّ عَنِ الدَّرَاوَرْدِيِّ. وَتَابَعَهُ أَبُو خَالِدٍ وَالطُّفَاوِيُّ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир қавм Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бир қавм бизга гўшт олиб келади. Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинганми, йўқми, билмаймиз», деди. У зот: «Унга ўзларингиз тасмия айтинглар ва уни еяверинглар», дедилар. Улар куфрдан янги чиққанлар эди».
Изоҳ: Бу ҳадисдан «Тасмиясиз сўйилган жонлиқни ейиш пайтида тасмия айтса, сўйиш пайтидагининг ўрнига ўтар экан», деган маъно чиқмаслиги керак. Балки бу ерда «Ўзга мусулмон жонлиқни сўяётган пайтда биз унинг сўйишига гувоҳ бўлмаганмиз. Мабодо у унутган ҳолда тасмия айтмаган бўлса, биз унинг тасмияни зикр қилгани ёки унутганини аниқ билмай туриб есак бўладими?» деган савол берилмоқда. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиз ўзингизга буюрилган суннатни бажариб, еяверинг, бошқа мусулмонлар ҳақида ёмон гумонда бўлманг», демоқдалар. (“Олтин силсила” китобидан "Саҳиҳул Бухорий"). Валлоҳу аълам!