Ассалому алайкум! Истироҳат боғларида "тир" ўқ отиш ўйини бор. Ўқни отиш пуллик ва агар 3-5 та ёки ундан кўп нишонга ўқни текказилса совғага эга бўлинади. Совға тикилгани учун ҳам буни қизиқиб ўйналади, яъни мақсад тир отиш эмас совға бўлади. Шундай ҳолда ютуқ ютуш қимор эмасми? Баъзи иштрокчилар совғага эга бўлади, баъзилари эса йўқ. Мен бу ўйинни бир марта ўйнаган эдим ва 800сўм ютиб олувдим. Ўрнига эса 800сўмни 2 та ўққа алмаштирувдим. Шу ўйин ҳаромми?
– Ва алайкум ассалом! Бу айни қиморнинг ўзи ҳисобланади.
Икки ёки ундан кўп томон пул тикиб, оқибатда бирининг фойдасига бўладиган ҳар бир ҳолат қимордир. Шу қоидага тушгани учун жоиз эмас. Турли ўйинлардаги ютқазган пулини тўлаш ҳам қимордир. Қимор икки ишдан иборатдир. Бир тарафдан пул тўланиши аниқ, нарига тарафдан тўланиши аниқ эмас. Иккинчиси пул тиккан кишининг ҳолати икки қисмга бўлинади. Тиккан пули тўлалигича ботиб йўқ бўлади ёки нариги тарафнинг молини тўлалигича тортиб келади. Валлоҳу аълам!