Ҳар бир ошланган тери пок бўлади. Фақат чўчқа ва одамнинг териси бундан мусасно.Бунда ошлашнинг барча турлари кўзда тутилган. Нима қилса ҳам терининг бузилишдан сақлайдиган ва қўланса ҳидини оладиган нарса бўлса, кифоя.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймунанинг озод қилган чўрисига садақадан берилган қўйнинг ўлигини кўрдилар ва: «Бунинг терисидан манфаатлансангиз-чи!» дедилар. Улар: «Бу ҳаром ўлган», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни емоқ ҳаромдир», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «У киши «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Вақтики, ошланмаган тери ошланса, батаҳқиқ, пок бўлур, деганларини эшитганман», деганлар». Бошқа бир ривоятда: «Қайси бир ошланмаган тери ошланса, батаҳқиқ, пок бўлур», дейилган. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.Демак, тери ошлаш билан пок бўлар экан. Ошлаб пок қилиб олгандан кейин ундан турли мақсадларда фойдаланса, бўлаверади. Фақат ҳурмати юзасидан одамнинг териси ва асли нажас бўлгани учун чўчқанинг териси бундан истисно қилинган.Териси ошлаш билан пок бўладиган нарса, уни (шаръий) сўйиш ила пок бўлади. Шунингдек, гўшти ҳам, гарчи ейилмаса ҳам. Бўлмайдигани, бўлмайди. Ўлимтикнинг жуни, тиши ва пайи покдир. Шунингдек, инсон ҳам.Бу бобдаги пок сўзи ифлос-нажас сўзининг зиддидир. Ҳеч қачон ҳалол маъносини билдирмайди. Бир нарса пок бўлиши ва шу билан бирга ҳаром бўлиши мумкин. Мисол учун, ҳаром ўлган қўйнинг териси ҳаром, аммо уни ошласа пок бўлади. Унинг устида намоз ўқиса бўлаверади. Ўзи ҳаром бўлса ҳам териси ошлаш ила пок бўладиган ҳайвоннинг ўзи ҳам пок бўлади. Ўша ҳайвоннинг гўшти ҳаромлиги учун ейилмаса ҳам, сўйилгани учун пок бўлади. Яъни, ўша гўшт бирор жойга тегса уни нажас қилиб қўймайди. Ўша ерни ювиш ҳам лозим бўлмайди. «Бўлмагани, бўлмайди» дейилгани, териси ошлаш ила пок бўлмайдиган ҳайвонни шаръий йўл билан сўйилса ҳам на ўзи ва на гўшти пок бўлмайди. Унинг ҳалол бўлмаслиги турган гапу, аммо пок ҳам бўлмайди. Бунга ёрқин мисол чўчқадир. Унинг бутун бошли борлиғи билан нажас бўлгани учун ҳеч қайси амал билан, ҳеч бир ери ҳам пок бўлмайди.Қуйидаги жумлада ўзи ҳаром ўлган ҳайвоннинг баъзи аъзоларининг ҳукми баён қилинади.Ўлимтикнинг жуни, тиши ва пайи покдир.Уламоларимиз мазкур уч нарсага ўлимтикнинг пати, туёғи, шохи каби нарсларини ҳам қўшганлар.Бунга далил сифатида имом Дора Қутнийнинг қуйидаги ривояти келтирилади:«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўлимтикдан фақат унинг гўштини ҳаром қилганлар. Аммо териси, жуни, тукининг ҳечқиси йўқ».Ҳанафий мазҳабининг бу борадаги умумий қоидаси «Чўчқадан бошқа барча ҳайвонларнинг қон оқмайдиган бўлаклари у тирикми, ўликми ёки гўшти ейиладиганми, ейилмайдиганми покдир». Шунга биноан суяк ҳам покдир.Йиртқич қушлар, сичқон, чаён ва мушук каби ҳайвонларнинг сулаклари макруҳ.Чўчқа, ит ва йиртқич ҳайвонларнинг сўлаги ҳам, улар теккан сув ҳам нажасдир.Одамнинг сўлаги пок. Фақат ароқ ичганда оғзи нажас бўлгани учун унинг оғзидаги ва оғзи теккан нарсалар ҳам нажас бўлади. У оғзидаги нажосатни кетказиш учун уни ювмоғи, сув ичмоғи ёки туфуткисини уч марта ютмоғи даркор. Тухум ҳам покдир. У билан кийим ёки сув нажас бўлиб қолмайди. Аммо ўша сув билан таҳорат қилиш макруҳдир. Паша, қурт, чумоли, чаён, ари, бурга каби қони йўқ қуруқлик ҳайвонлари покдир.Кабутар, чумчуқ каби гўшти ейиладиган ва ҳавода туриб тезак ташлайдиган қушларнинг тезаги покдир. Қадимдан масжидул ҳаром ва бошқа масжидларда кабутарлар боқилиб келган.Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг устига кабутар тезак ташлаганда артиб юбориб, намоз ўқиган. Худди шундай ҳолат Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг устиларига чумчуқ тезак ташлаганда ҳам бўлган.Шунингдек, имом Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфларнинг наздида лочин, қирғий ва қарға каби гўшти ейилмайдиган ҳаводан тезак ташлайдиган қушларнинг тезаги ҳам пок. Яъни, уч марталаб ювмасдан артиб ташлаб намоз ўқиса бўлаверади.Балиқнинг қони покдир. У аслида қон эмас. Шунингдек, ҳайвон сўйилгандан кейин томирлар ва гўштда қоладиган қон ҳам покдир.