Мен сизга бир гуруҳ бошқа давлатларда ишлаб юрган йигитлар номидан куйидаги саволни йўлламоқдаман. Шайх ҳазратлари, биз турмуш тақозоси билан Ўзбекистондан ташқарида ишлаб юрибмиз. Биз ишлайдиган корхонада иш фаолияти тўхтовсиз бўлганлиги сабабли, дам олиш вақтларидан ташқарида намоз ўқиб олишнинг имконияти бўлмаяпти. Иш жойимиздан бирон жойга кетиб қолсак, ишлаб чиқаришга салбий таъсир қилганлиги сабабли, иш берувчининг жаҳли чиқиши ва охир оқибатда бизни ишдан бўшатиши мумкин. Бу ерда пешин вакти биз учун ажратилган тушлик маҳалига тўғри келмайди. Соат 15-00 да ва 17-00 да 10 минутлик дам олиш вақтлари бўлади. Шу вақтларда таҳорат олиб, намозларимизни ўқиб оламиз. Лекин ёмон томони, суннат намозларини ўқиб олиш учун вақт етмаяпти. Биламиз бу жуда емон ҳолат ва сиздан бу ҳақида сўрашга ҳам кўп уйландик. Лекин, охири сўрашга қарор қилдик. Суннат намозларини тарк қилиш оркали гуноҳ орттириб олмаяпмизми? Бу узрли ҳолатга ўтадими?
- Пешиннинг вақти завол-қуёш қиёмдан оққандан бошлаб ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгунча. Бошқача қилиб айтганда қуёш тик туришдан қайтишни бошлагандан Асрнинг вақти киргунча. Ўша вақтда ўқилган Пешин тўғри бўлади. Мактубнигизга қараганда сизлар Пешинни вақтида ўқимоқдасизлар. Суннатга вақт бўлмаса, узр. Кейин дам олаётгандан ўқиб олсангизлар ҳам бўлади. - Сизлар иш берувчи тарафга тушунтириб ижозат олсангизлар ҳам бўлади. Кўпчилик тушунади. Баъзи ерлик динни ҳурмат қиладиган одамлардан ҳам иш берувчиларга тушунтиришда ёрдам сўранглар. Агар уларга боғланиш йўлларини берсангиз, биз ҳам уриниб кўришимиз мумкин.