Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Намозни тез ўқиш

21:32 / 24.12.2022 | Базарбаева Жулдыз | 1000

Ассалому алайкум! Битта ҳонадошим айтдики сен намозни кўп вақт ўқисан, намозни ўзи белгилаб қўйилган вақтдан ортиғини ўқиб бўлмайди деиди. Шунда мен тушунмадим ҳар намоз учун белгиланган вақт бўладими? У тез ўқиди жуда. Мен 6ракат намозни 15 минутта ўқиганимда у 13ракат ўқиб бўлди. Ҳуллас секин ўқима бундаи деиди. Шунга ойдинлик киритиб беринг илтимос.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ҳадиси шарифда қуйидагича келади:

عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلًا قَالَ: وَاللهِ يَا رَسُولَ اللهِ إِنِّي لَأَتَأَخَّرُ عَنْ صَلَاةِ الْغَدَاةِ مِنْ أَجْلِ فُلَانٍ مِمَّا يُطِيلُ بِنَا، فَمَا رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي مَوْعِظَةٍ أَشَدَّ غَضَبًا مِنْهُ يَوْمَئِذٍ، ثُمَّ قَالَ: إِنَّ مِنْكُمْ مُنَفِّرِينَ، فَأَيُّكُمْ مَا صَلَّى بِالنَّاسِ فَلْيَتَجَوَّزْ، فَإِنَّ فِيهِمُ الضَّعِيفَ وَالْكَبِيرَ وَذَا الْحَاجَةِ، وإِذَا صَلَّى لِنَفْسِهِ فَلْيُطَوِّلْ مَا شَاءَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам:
«Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен фалончининг бизга (намозни) чўзиб юборганидан бомдод намозидан орқада қоламан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша кунидек шиддатли ғазабланганларини кўрмадим. У зот:
«Албатта, сизларда нафрат қилдирувчилар бор. Қай бирингиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил ўтказсин. Албатта, уларнинг ичида заифи, каттаси ва ҳожатлиси бор. Қачон ўзи намоз ўқиса, хоҳлаганича чўзсин», дедилар
».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, имом одамларга малол келадиган даражада намозни чўзиб юбормаслиги керак. Имом намозни чўзиб юборгани учун жамоатга боришни тарк қилган кишини эшитиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ундан эмас, имомдан қаттиқ аччиқлари чиққани шунга далолат қилади.
Имом намозга ўтар экан, қавм ичидаги энг заиф, ёши катта ва шошилиб турган кишиларга ҳам аҳамият бериши керак. Намозни енгил ўқиш керак. Аммо бу енгиллик намознинг амалларини чала қилиш ҳисобига бўлмаслиги керак.
Ушбу маъноларни имомликка ўтувчи ҳар бир киши доимо ёдида тутмоғи лозим.
Киши ёлғиз ўзи намоз ўқиганида уни хоҳлаганича чўзиши мумкин. Шунингдек, маълум кишиларга имомлик қилса, улар намознинг узун бўлишига рози эканликларини билса, шунда намозни чўзиб ўқиш жоиз.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَا صَلَّيْتُ وَرَاءَ إِمَامٍ قَطُّ أَخَفَّ صَلَاةً وَلَا أَتَمَّ مِنَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَإِنْ كَانَ لَيَسْمَعُ بُكَاءَ الصَّبِيِّ فَيُخَفِّفُ مَخَافَةَ أَنْ تُفْتَنَ أُمُّهُ. وَفِي رِوَايَةٍ: إِنِّي لَأَقُومُ فِي الصَّلَاةِ أُرِيدُ أَنْ أُطَوِّلَ فِيهَا، فَأَسْمَعُ بُكَاءَ الصَّبِيِّ، فَأَتَجَوَّزُ فِي صَلَاتِي كَرَاهِيَةَ أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمِّهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаш енгил ва тугал намоз ўқийдиган имомнинг ортидан ҳеч намоз ўқиганим йўқ. У зот бувакнинг йиғисини эшитар ва унинг онаси фитнага учрамасин, деб намозини енгиллатар эдилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Албатта, мен намозда туриб уни чўзишни ирода қиламан. Бирдан бувакнинг йиғисини эшитиб қолиб, унинг онасига машаққат солишни ёқтирмай, намозимни енгиллатаман», деганлар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда имом намозни енгил ўқиши зарур эканлиги ҳақида сўз бормоқда. У ҳам бўлса, намоз ўқиётган оналарнинг болалари йиғлаб қолиб, уларнинг намозига путур етиши, болалари қийналишидир. Бунда Исломнинг оналар ва болалар ҳаққини нақадар улуғлаши кўриниб турибди.
Умуман олганда, намозни пухта ва енгил ўқиш муҳим эканлиги маълум. Бу ҳақда биз ўрганган ҳадислардан бошқа ҳадислар ҳам кўп. Улардан битта мисол келтирайлик:
«Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозни ўқиб бўлиб, сўнгра ўз қавми, Бани Саламага бориб имомлик қилар эди. Бир кеча уларга хуфтонга имомликка ўтиб Бақара сурасини ўқиди. ҳазм ибн Убай ибн Каъб намоздан чиқиб кетди. Буни Муоз розияллоҳу анҳуга айтганларида, уни мунофиқ, деб атади.
Бу хабар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етди. У зот Муозга «Сен фитначимисан!» деб уч марта айтдилар ва унга «Вас-самааи ват-ториқи», «Ваш-шамси», «Ваз-зуҳа» ёки «Саббиҳисма Роббика» ва «ҳал атака»ни ўқишни буюрдилар».

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يُصَلُّونَ لَكُمْ، فَإِنْ أَصَابُوا فَلَكُمْ، وَإِنْ أَخْطَأُوا فَلَكُمْ وَعَلَيْهِمْ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Улар сизларга намоз ўқиб берурлар. Агар тўғри ўқисалар сизнинг фойдангизга. Агар хато қилсалар сизнинг фойдангизга, уларнинг зарарига», дедилар
».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда гап имомлар ҳақида бормоқда. Имомлик улкан омонат экани олдин ҳам айтиб ўтилган эди. Имомлар ўша омонатга хиёнат қилмасликлари керак. Мусулмонларнинг энг нозик ибодатлари бўлмиш намозни мукаммал ва сифатли қилиб ўқиб беришлари керак. Аммо шу билан бирга, қавмнинг кўнгли доимо тўқ бўлиши керак. Имом намозни тўғри ўқиса ҳам, хато ўқиса ҳам уларга савоб бўлади ва намозлари қабул бўлади. Хато қилган имомнинг гуноҳи ўзига. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat