Ассалому алайкум! Кўча куйда таксида, автобусларда кўриб қоламан, аёллар ўтирган холларида намозларини ўқийдилар. Руку ва сажда амалларини бажаришни ўрнига имо ишора қиладилар. Қаердадир ўқигандим, аёллар уй ичида, айниқса хос хоналарида намозларини ўқисинлар деб. Юқоридаги холат мумкинми? Унчалик илмим йўқ, шунчун узр сўрайман.
– Ва алайкум ассалом! Мумкин эмас! Намози дуруст бўлмайди. Чунки бу ҳолатда намозни икки фарзи бўлган, қибла ва қиём топилмайди. Яъни қодир бўлатуриб қиблага юзланиш ва қиём. Агар бунга автомашинада бирга кетаётган ҳамроҳларнинг манзилга кеч қолиши баҳона бўлса, бу нарса узр ҳисобланмайди. Фарзни тарк қилиш билан намоз адо бўлмайди. Нафл намозларни шаҳар ташқарисида автомашинада ўқиш жоиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳар ташқарисида улов устида нафл намоз ўқир эдилар.
أَنَّ عَامِرَ بْنَ رَبِيعَةَ أَخْبَرَهُ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم وَهْوَ عَلَى الرَّاحِلَةِ يُسَبِّحُ، يُومِئُ بِرَأْسِهِ قِبَلَ أَيِّ وَجْهٍ تَوَجَّهَ، وَلَمْ يَكُنْ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم يَصْنَعُ ذَلِكَ فِي الصَّلَاةِ الْمَكْتُوبَةِ
Омир ибн Робиъа розияллоҳу анҳу бундай хабар қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туя устида қайси тарафга юзланган бўлсалар, ўша томонга қараб, бошлари билан имо қилиб нафл намоз ўқиётганларини кўрдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни фарз намозида қилмас эдилар».
قَالَ سَالِمٌ: كَانَ عَبْدُ اللهِ يُصَلِّي عَلَى دَابَّتِهِ مِنَ اللَّيْلِ وَهْوَ مُسَافِرٌ، مَا يُبَالِي حَيْثُ مَا كَانَ وَجْهُهُ. قَالَ ابْنُ عُمَرَ: وَكَانَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم يُسَبِّحُ عَلَى الرَّاحِلَةِ قِبَلَ أَيِّ وَجْهٍ تَوَجَّهَ، وَيُوتِرُ عَلَيْهَا، غَيْرَ أَنَّهُ لَا يُصَلِّي عَلَيْهَا الْمَكْتُوبَةَ
Солим айтади:
«Абдуллоҳ (ибн Умар) мусофирликда кечаси уловининг устида намоз ўқир, қайси томонга юзланганига парво қилмас эди».
Ибн Умар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафл ва витр намозларини туялари устида, қаёққа қараб йўналсалар, ўша ёққа қараб ўқир эдилар. Фақат фарз намознигина унинг устида ўқимас эдилар», дейди.
حَدَّثَنِي جَابِرُ بْنُ عَبْدِ اللهِ: أَنَّ النَّبِيَّ صلي الله عليه وسلم كَانَ يُصَلِّي عَلَى رَاحِلَتِهِ نَحْوَ الْمَشْرِقِ، فَإِذَا أَرَادَ أَنْ يُصَلِّيَ الْمَكْتُوبَةَ نَزَلَ فَاسْتَقْبَلَ الْقِبْلَةَ
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо бундай сўзлаб берди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туяларининг устида машриққа* қараб намоз ўқир, фарз ўқимоқчи бўлганларида эса тушиб, қиблага юзланар эдилар».
* Бу воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анмор ғазотига чиққанларида содир бўлган. У Мадинадан кетаётган одам учун шарқ томонда бўлиб, қибла унинг чап томонида бўлади.("Олтин силсила" китобидан "Саҳиҳ Бухорий"). Валлоҳу аълам!