Ассалому алайкум! Мени 15 ёшли жияним оламдан ўтди. Акам бир жанозада майит қабрга қўйилгандан кейин қабр тепасида уни яқинларидан 3-4 киши қолиб майитга қабрда бўладиган савол жавобларни қабр устида айтиб туришганини кўрибди. Энди мени ўғлимга шунақа қилмадик, у савол жавобларда эслолмай қийналмадимикин деб халоватини йўқотган. Шу амални қилиш аслида тўғрими хақиқатдан хам майит эшитиб саволларга жавоб беришда ёрдам бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Бу иш динимизда йўқ. Бундай қилмаслик керак. Маййитга заррача фойда бермайди. Инсон қабрдаги савол-жавоб ҳақида нимаики билиши керак бўлса ҳаётлик пайтида ўрганиши керак эди. Қабрга тушгач кеч бўлади.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон мўмин қабрида ўтқазилса, унга келинади. Сўнгра, Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳи, деб шаҳодат келтиради. Ана ўша Аллоҳнинг: «Аллоҳ иймон келтирганларни ҳаёти дунёда ва охиратда субутли сўз ила собит қилади», деганидир», дедилар».
Бу ҳадисдаги «Қачон мўмин қабрида ўтқазилса», дейилгани унинг дафни ва устига тупроқ тортилганидан кейин бўлади. Уни қабрида ўтқазиб сўроқ-савол қилиш бошланади. «Унга келинади», яъни унинг олдига сўроқ-савол қилингани келинади. Бу ишни бажаргани иккита қорамтир кўк рангдаги фаришта келади. Уларнинг исмлари Мункар ва Накийр бўлади. Уларнинг яратилиши фариштага ҳам, одамга ҳам ўхшамайди. Мўмин мусулмон кишининг иймони ва амали солиҳи туфайли уни икки фаришта сўроққа тутганда Аллоҳ таоло унга ёрдам бериб, субутли сўз билан собит қилади. У калимаи шаҳодатни айтишга муяссар бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳам хабар берган экан. Аллоҳ таоло ҳаммамизни ана шундоқ саботли калима эгаси бўлган бандаларидан қилсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, банда қачон қабрига қўйилсаю, ундан соҳиблари қайтиб кетса, у уларнинг ковушлари таққиллаганини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб, уни ўтқазишади ва: «Бу одам – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида – нима дер эдинг?» дейишади. Мўмин бўлса: «Шаҳодат бераманки, У Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир», дейди. «Дўзахдаги ўрнигга назар сол, батаҳқиқ, Аллоҳ сенга уни жаннатдаги ўринга алмаштириб берди», дейилади унга. У икковини ҳам кўради. Аммо кофир ёки мунофиққа эса: «Бу одам ҳақида нима дер эдинг?» дейилади. «Билмадим, одамлар айтадиган нарсани айтар эдим», дейди. Бас Унга:«Билмадинг ҳам, (билганларга) эргашмадинг ҳам» -дейилади ва темирдан бўлган гурзи билан бир уриладики. Шунда шундоқ ҳам қичқирадики, инсу жиндан бошқа ҳамма эшитади», дедилар».
Бешовлари ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда Аҳли сунна ва жамоа ақийдаси бўйича Қуръон ва Суннат билан собит бўлган ақийдавий масала, қабр саволи ва азоби ҳақ экани ва унинг қай йўсинда бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Бу ҳадисни диққат билан ўрганишимиз ва ундаги ҳар бир масалани ақийда маъносида сингдириб олишимиз ва ҳар лаҳзада ундаги ҳолатни эслаб туришимиз керак. Худди ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифда айнан қабрда нималар кечиши ҳақида сўз бормоқда. Келинг, бир-бир ўрганиб чиқайлик:
1. Қабрдаги янги кўмилган киши ўзини кўмиб кетаётган кишиларнинг оёқ товушларини эшитиши. Бу ҳақиқат ҳозирги замон илми орқали ҳам тасдиқланади.
2. Қабрнинг саволи кўмиб қайтаётган кишиларнинг қабрдан узоқлашмай турибоқ бошланиши.
3. Қабр саволи икки фаришта томонидан олиб борилиши.
4. Қабрдаги кишини ўтқазиб олиб сўроқ қилиниши.
5. Бериладиган саволлардан бири Пайғамбар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида бўлиши.
6. Бу дунёда мўмин-мусулмон бўлиб, иймони ва амали жойида бўлган киши қабр саволи вақтида дадил бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги саволга дадил ва аниқ жавоб бериши.
7. Мўмин-мусулмон кишининг дадил ва аниқ жавобидан кейин ҳалиги икки фаришта унга агар мўмин-мусулмон бўлмаганида дўзахдаги жойи қайси бўлишини кўрсатиши. Сўнгра мўмин-мусулмонлиги туфайли унга жаннатдан бериладиган жойни кўрсатишлари. Аллоҳ барчамизни ана шундай бахтли кишилардан қилсин.
8. Кофир ва мунофиқлардан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўроқ қилиниши. У дунёда бу одам ҳақида нима дер эдинг? деб сўралиши.
9. Кофир, билмасам, деб жавоб бериши. Тилида, мусулмонман, деб юрган одам эса одамлар нима деса ўшани айтар эдим, дейиши. Демак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида одамлар нима деса ўшани айтиб юриш кифоя қилмас экан. Кишининг қалбида У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида мустаҳкам эътиқод бўлиши зоти шарифларини аниқ билиши керак экан.
10. Кофир ва мунофиққа саволга жавоб бера олмаганидан кейин, қаттиқ сўз айтилиб, бошига темир гурзи билан уриб азоб бериш бошланиши. Азоби қабр, дегани шу бўлади. Қабр азобининг баёнотлари келгуси ҳадисларда ҳам келади.
11. Қабрида темир гурзидан калтак еган кофир ва мунофиқнинг дод-войини одам ва жинлардан бошқа ҳамма мавжудот эшитиши. Ушбу нарсаларга тўлиқ иймон келтириш ва ҳаётда ҳали имкон борида қабрга кирганда яхши ҳолда бўлишга лойиқ ишларни қилишга ўтиш керак. Валлоҳу аълам!