Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Витр намози

10:47 / 04.02.2023 | Madina | 4050

Ассалому алайкум! Устоз Шайх Муҳаммад Содиқнинг Абдуллоҳ ибн Санобиҳий р. а келтрлган ҳадис Абу Муҳаммад витр намозини вожиб деди. Шундан Убода ибн Сомит: Абу Муҳаммад хато қилибди. Гувоҳлик бераманки, албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Банда беш вақт намозини фарз вақтида, руку хушуни жойига келтириб оқиса Аллоҳнинг зиммасида уни магфират қилиш аҳди болур. Ким қилмаса, унга Аллоҳнинг зиммасида аҳд болмайди. Хоҳласа магфират қилади, хоҳласа азоблайди" деганларини эшитганман" деди". Мўминнинг мерожи 38-бет келтирилган ҳадисларни ўқигач савол туғилди бунда витр намози ҳанафий мазҳабига кўра вожиб. Лекин тушуншимча бу ҳадисда фарз, вожиб эмаслиги айтлмоқдами?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ҳанафий мазҳабига кўра витр намози фарз ёки суннат эмас балки вожибдир. Бу ҳукмни ҳаводан олмаганлар. Бунга яраша етарли далиллари бор. Уни “фарз эмас, вожиб эмас” деювчиларнинг далилларига раддиялари ҳам бор. Бу раддияларни ҳадис ва фиқҳ илмидан воқиф бўлган илм аҳли тушуна олади. Бу илмлардан хабари йўқлар тушуна олмайди. Шу туфайли сиз мазҳаб қавлини маҳкам тутиб, далиллашишни мутахассисларга қўйиб беришингизни сўраймиз. Ушбу хатда ҳанафий китобларидаги раддияларни таржима қилиб беришимизга вақт кетади. 

Витр ҳақида

Шарҳ: «Витр» сўзи луғатда «тоқ» маъносини англатади. Ушбу фаслда ўша намознинг ҳукми, фазли, ракатлари сони ва унга тегишли бошқа масалалар ҳақида сўз боради.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَا أَهْلَ الْقُرْآنِ أَوْتِرُوا فَإِنَّ اللهَ وِتْرٌ يُحِبُّ الْوِتْر. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй аҳли Қуръон, витр намози ўқинг. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўрур», дедилар
».
«Сунан» эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Аллоҳ тоқдир, дегани шериги йўқдир, жуфт эмасдир, маъносидандир. Шу маънода Аллоҳ таоло витр – (тоқ) намозни яхши кўрар экан.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, мўмин-мусулмонларга «Эй аҳли Қуръон», деб мурожаат қилишлари, «Витр намозини ўқинг», деб амр қилишлари бу намознинг вожиб эканини, ўқимаса бўлмаслигини кўрсатади.
Ортидан «Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўрур!» дейишлари ҳам шу маънони таъкидлайди.
Шунинг учун ҳанафий мазҳаби витр намозини вожиб, деган. Бошқа мазҳаблар эса вожиб эмас, деганлар. Аввал кўриб ўтганимиздек, ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда фарз ва вожиб тушунчалари бир маънони, ҳанафий мазҳабидаги фарз маъносини англатади. Шунинг учун беш вақт намоз фарзлиги ҳақидаги далил ва ҳужжатларни келтириб, уч мазҳаб вакиллари витрни ҳам вожиб, десак олти вақт намоз бўлиб қолади, деган фикрга борганлар.
Ҳанафийларда эса, фарз билан суннатнинг орасида вожиб борлиги ва витр намози ҳақидаги далиллар фарздан кучсиз, суннатдан кучли бўлгани учун вожиб, дейилган. Уларнинг битта далиллари ҳам ушбу ҳадисдир.

عَنْ خَارِجَةَ بْنِ حُذَافَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَرَجَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: إِنَّ اللهَ تَعَالَى قَدْ أَمَدَّكُمْ بِصَلَاةٍ هِيَ خَيْرٌ لَكُمْ مِنْ حُمْرِ النَّعَمِ وَهِيَ الْوِتْرُ، فَجَعَلَهَا لَكُمْ فِيمَا بَيْنَ الْعِشَاءِ إِلَى طُلُوعِ الْفَجْرِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

Хорижа ибн ҳузофа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқдилар ва:
«Албатта, Аллоҳ таоло сизларга бир намозни зиёда қилди. У сизлар учун қизғиш туялардан ҳам яхшидир. У ҳам бўлса, витрдир. У зот сизларга уни хуфтондан то тонг отгунча қилди», дедилар
».
Абу Довуд, Термизий ва ал-ҳоким ривоят қилди.
Шарҳ: Ўша пайтда қизғиш туялар арабларнинг энг обрўли моли мулки бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг,
«У сизлар учун қизғиш туялардан ҳам яхшидир», деганлари витр намози қанчалар фазлга эга эканига яна бир далилдир.
Шу билан бирга у ҳанафийларнинг бу намозни вожиб дейишларини қувватловчи кучли далилдир.
Ушбу ривоятдаги «У зот сизларга уни хуфтондан то тонг отгунча қилди», деган жумладан витр намозининг аввалги ва охирги вақтлари ҳам билинади.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اجْعَلُوا آخِرَ صَلَاتِكُمْ بِاللَّيْلِ وِتْرًا. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кечасидаги охирги намозингизни витр қилинглар», дедилар
».
Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Шунинг учун ҳар бир мусулмон кечаси уйқуга ётишдан олдин витр намозини ўқиб ётишни, агар ухлаб қолишдан қўрқмаса, витрни кечаси туриб ўқишни йўлга қўймоғи керак.

عَنْ مَسْرُوقٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قُلْتُ لِعَائِشَةَ: مَتَى كَانَ يُوتِرُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ؟ قَالَتْ: كُلَّ ذَلِكَ قَدْ فَعَلَ، أَوْتَرَ أَوَّلَ اللَّيْلِ وَوَسَطَهُ وَآخِرَهُ، وَلَكِنِ انْتَهَى وِتْرُهُ حِينَ مَاتَ إِلَى السَّحَرِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Масруқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Оишага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон витр ўқир эдилар?» дедим.
«У зот ҳаммасини ҳам қилганлар: кечанинг аввалида ҳам, ўртасида ҳам, охирида ҳам витр ўқиганлар. Вафотларидан аввал у зотнинг витрлари саҳар яқин қолганда эди», деди
».
Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Мана шу ривоятдан тоқати етган одам витрни тонг отишига оз қолганда ўқиса, афзаллиги келиб чиқади. Тоқати етмаган одам хуфтондан кейин, қачон иложини қилса ўқиб олса бўлаверади.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ خَافَ أَنْ لَا يَقُومَ مِنْ آخِرِ اللَّيْلِ فَلْيُوتِرْ أَوَّلَهُ، وَمَنْ طَمِعَ أَنْ يَقُومَ آخِرَهُ فَلْيُوتِرْ آخِرَ اللَّيْلِ، فَإِنَّ صَلَاةَ آخِرِ اللَّيْلِ مَشْهُودَةٌ وَذَلِكَ أَفْضَلُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким кечанинг охирида тура олмасликдан қўрқса, унинг аввалида Витр ўқисин. Албатта, тунги намоз шоҳид бўлингандир. Ўша афзалдир», дедилар
».
Муслим ва Термизий ривоят қилган.

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لِأَبِي بَكْرٍ: مَتَى تُوتِرُ؟ قَالَ: أُوتِرُ مِنْ أَوَّلِ اللَّيْلِ، وَقَالَ لِعُمَرَ: مَتَى تُوتِرُ؟ قَالَ: أُوتِرُ آخِرَ اللَّيْلِ، فَقَالَ لِأَبِي بَكْرٍ: أَخَذَ هَذَا بِالْحَزْمِ، وَقَالَ لِعُمَرَ: أَخَذَ هَذَا بِالْقُوَّةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга: «Қачон витр ўқийсан?» дедилар. Кечанинг аввалида Витр «ўқийман», деди у. У зот Умарга: «Қачон Витр ўқийсан?» дедилар. «Кечанинг охирида витр ўқийман», деди у. Бас, у зот Абу Бакрга, бу эҳтиёт тарафини олибди, дедилар. Ва Умарга: бу қувват тарафини олибди, дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳа, ким қувват тарафини оладиган бўлса, кечанинг охирида витр ўқийди. Ким эҳтиёт тарафини оладиган бўлса кечанинг аввалида витр ўқийди. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat