Ассалому алайкум! 1. Бир ҳадис ўқиб қолдим. Ҳалаф ибн Аюбдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Ким масжидда дунё гапини гапирса, 40 кунлик намози бекор бўлади". Шу ҳадис саҳиҳми? 2. Ҳозир менда матни йўқ эди. Шундай ҳадис эштган эдим. (Кимни кўзи бировнинг авратига кўзи тушса, 40 кунлик намозига таъсир қилади) деб эштгандим. Ушбу ҳадислар батафсил айтиб ўтсангиз, 40 кунлик намоз бошқаттан ўқиш керак буладими? 3. Ижтимоий тармоқлардаги профилимизга "ТоҲа" ёки "Абу Туроб" деб номлаб қўйсак буладими. (Албатта ҳавас қилиб, яхши ниятда).
– Ва алайкум ассалом! 1). Бундай гап йўқ. Аммо:
إنْ أَرَادَ الْإِنْسَانُ أَنْ يَدْرُسَ الْكِتَابَ بِسِرَاجِ الْمَسْجِدِ إنْ كَانَ سِرَاجُ الْمَسْجِدِ مَوْضُوعًا فِي الْمَسْجِدِ لِلصَّلَاةِ قِيلَ : لَا بَأْسَ بِهِ وَإِنْ كَانَ مَوْضُوعًا فِي الْمَسْجِدِ لَا لِلصَّلَاةِ بِأَنْ فَرَغَ الْقَوْمُ مِنْ صَلَاتِهِمْ وَذَهَبُوا إلَى بُيُوتِهِمْ وَبَقِيَ السِّرَاجُ فِي الْمَسْجِدِ قَالُوا : لَا بَأْسَ بِأَنْ يَدْرُسَ بِهِ إلَى ثُلُثِ اللَّيْلِ ، وَفِيمَا زَادَ عَلَى الثُّلُثِ لَا يَكُونُ لَهُ حَقُّ التَّدْرِيسِ ، كَذَا فِي فَتَاوَى قَاضِي خَانْ
«Бир киши масжид чироғи намоз учун ёқилган пайтда китоб ўқимоқчи бўлса, зарари йўқ. Агар қавм намозларини тугатиб уйларига кетган бўлсалар ва чироқ ёқиқ қолиб бир киши китоб ўқимоқчи бўлса, кечнинг учдан биригача ўқиса бўлади. Кечанинг учдан биридан кейин масжиднинг чироғи ёрдамида дарс қилиши, дарс бериши жоиз эмас. Қозихонда шундай дейилган» (Фатвои ҳиндия).
Масжид Аллоҳнинг байтидир. Уни ҳурмат қилиб, одобларига риоя қилиш зарур бўлиб, амал қилмаслик улкан зарарга сабаб бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжид ичида дунёвий сўзларни гапириш худди олов ўтинни ёндириб юборганидек, яхшиликларни куйдириб юборади» дедилар».
Яна бошқа ҳадисларида: «Бирор киши масжидда дунёвий сўзларни сўзлай бошласа, унга фаришталар: «Эй Аллоҳнинг дўсти, жим бўлинг», дейдилар. Агар у гапида давом этса, фаришталар унга қарата: «Эй Аллоҳнинг душмани, жим бўл», дейдилар. Агар у яна гапида давом этса, фаришталар унга: «Сенга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, жим бўл», дейдилар», деганлар» (Мадхал).
Шунинг учун масжидни мусофирхона ёки гапхонага айлантириш мумкин эмас.
2). Бундай ривоят билмаймиз.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Қайси бир мусулмоннинг назари бирор аёл кишининг чиройига тушиб, ундан кўзини юмса, Аллоҳ у учун ҳаловатини топадиган ибодатни беради” дедилар». Ҳадиси қудсийда: “Номаҳрамларга қараш Иблиснинг заҳарланган ўқларидан бир ўқдир. Ким мендан қўрққанлигидан ўша қарашни тарк қилса, эвазига қалбида ҳаловатини топадиган иймонни ато қиламан” дейилган.
Табароний ва имом Ҳоким ривояти.
3). Киши ижтимоий тармоқда ёки бошқа бирор жойда ўзини бирор куня ёки шариатга зид бўлмаган лақаб билан номлашига монелик йўқ. Шарти шуки, ўша ўринда асл исм кўрсатиш шарт қилинмаган бўлсин ва бу исм ўзгаларнинг ҳуқуқига зарар етишига олиб келмасин. Валлоҳу аълам!