Ассалому алайкум! Намоз ўқиётганда йил чиққандай бўлса-ю овозини эшитмаса ҳидини сезмаса таҳорат синиб намоз бўзиладими? Намоз бўзилмаса кейинги намозга таҳоратни янгилаш керакми?
– Ва алайкум ассалом! Чиққани аниқ бўлмаса, яъни ҳиди ва овози келмаса ўқилаверади.
عَنْ عَبَّادِ بْنِ تَمِيمٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ عَمِّهِ: شُكِىَ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرَّجُلُ يُخَيَّلُ إِلَيْهِ أَنَّهُ يَجِدُ الشَّيْءَ فِي الصَّلَاةِ، قَالَ: لَا يَنْصَرِفْ حَتَّى يَسْمَعَ صَوْتاً أَوْ يَجِدَ رِيحًا. وَفِي رِوَايَةٍ: إِذَا وَجَدَ أَحَدُكُمْ فِي بَطْنِهِ شَيْئًا فَأَشْكَلَ عَلَيْهِ أَخَرَجَ مِنْهُ شَيْءٌ أَمْ لَا، فَلَا يَخْرُجَنَّ مِنَ الْمَسْجِدِ حَتَّى يَسْمَعَ صَوْتًا أَوْ يَجِدَ رِيحًا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳу ўз амакиларидан ривоят қилганлар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга намозда бир нарса бўлгани хаёлига келадиган одам ҳақида шикоят қилинди. У зот:
«Токи овоз эшитмагунича ёки елни (ҳидини) топмагунича намозини бузмайди», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Бирортангиз қорнида бирор нарсани топса, унга ундан бир нарса чиқдими-йўқми, аниқ бўлмай қолса, токи овозни эшитмагунича ёки елни (ҳидини) топмагунича масжиддан чиқмасин», деганлар.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Инсон ҳаётида тўлиқ ишончга, аниқ ва мустаҳкам мавқега эга бўлиш катта ўрин тутади. Шак-шубҳа ва иккиланиш эса фойда келтирмаслиги аниқ. Шак-шубҳа, ишончсизлик ва иккиланиш шайтоннинг иши ҳисобланади. Шайтон доимо инсоннинг ноқулай ҳолатда бўлишини хоҳлайди. Бу иш айниқса мусулмон инсон учун намозда яққол билинади. Шайтон намоз пайтида кўпроқ васваса қилишга уринади. Унинг бу ҳолдаги васвасасидан бири – кишининг хаёлига таҳорати кетганга ўхшаш фикр келаверишидир. Бу ҳақиқат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ҳадисларида ўз ифодасини топган.
Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар Абу Саъид ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳулардан ривоят қилишган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангизга шайтон келиб, «Таҳоратингни кетказдинг», деса, «Ёлғон айтибсан», десин. Лекин бурни ила ҳид ҳидласа ёки қулоғи билан овоз эшитса бошқа гап», деганлар.
Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу биз ўрганаётган ҳадисни уламоларимиз «Исломнинг асл қоидаларидан бирига асос бўлган улуғ ҳадислардан», деб баҳолаганлар. Бу қоида: «Нарсалар, ҳаттоки аниқ-равшан суратда тескариси воқе бўлмагунча, ўз аслида қолур. Ориз бўлган шак-шубҳа уларга зарар қилмас», деб таърифланган.
Ушбу ҳадисга биноан, асл таҳорат хаёлда «таҳорат кетганга ўхшайди», деган фикр бўлиши билан кетиб қолмайди. Таҳорат кетгани елнинг ҳидини сезиш, овозини эшитиш билан аниқ-равшан билингандан кейингина собит бўлади. Бунгача ўз аслида тураверади. Бошқа барча ишлар ҳам шунга таққосланади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Саҳобаи киромларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларида ориз бўладиган барча ҳолатларни шикоят қилишлари. Намоз вақтида таҳорат кетиб қолганга ўхшаши каби фикрнинг хаёлдан ўтиши ҳақидаги шикоят шунга ишорадир.
2. Хаёлга таҳорат кетгани ҳақидаги фикрнинг келиши билан таҳорат кетиб қолмаслиги.
3. Елнинг овози ёки ҳиди чиқиши билан таҳорат кетиши. Агар овоз ёки ҳиддан бошқа аниқ билиш ҳосил бўлса ҳам кетади.
4. Ҳаётда воқе бўлиб турадиган масалаларни уламолардан сўраб туриш лозимлиги.
5. Шариатга, илмга тегишли нарсаларни сўрашдан уялмаслик.
Ушбу қоидани ва фойдаларни яхшилаб анг¬лаб олиб, ҳаётимизга татбиқ қилмоғимиз лозим. Мусулмон кишининг ҳаётида васваса, хаёл, шак-шубҳа ва иккиланишга ўрин бўлмаслиги зарур. Ҳамма нарса очиқ-ойдин, равшан ва ишончли бўлиши керак. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!