Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қуръони Карим етти хил шевада нозил бўлганми?

12:26 / 27.10.2015 | Алишер Каримов | 3783

Ассалому алайкум! Бир дўстим “Қуръон етти хил шевада нозил бўлган, Жаброил фаришта пайғамбаримизга етти хил ўқиб ўтказган экан” деди. Шу тўғрими? Мишари Рошид тиловатини эшитдим бир сурада “авхалаха” деб ўқиди яна шу сурани бошқа тиловатида “авхелаха” деб ўқиди. Жавоб учун олдиндан самимий минатдорчилигимни қабул этгайсиз.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳиим.
Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати илоҳийси ила Ўзининг охирги каломини араб тилида нозил қилишни ирода қилди ва уни фасоҳату балоғат ва бошқа жиҳатларда инсон зоти қурби етмайдиган даражада юксак ва олий этди. Арабларнинг каттаю кичиги, олимию шоири ‒ барча барчаси унинг қаршисида тиз чўкканча таслим бўлишга мажбур бўлди. Унинг турли усулда ўқилиши эса алоҳида бир мўжиза бўлди.
Қуръони Карим даставвал бир хил суратда нозил этилар ва қироат қилинар эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилишгач, кўплаб араб қабилалари Исломга кира бошлади. Уларнинг ичида қариси ҳам, ёши ҳам, эркаги ҳам, аёли ҳам, билимлиси ҳам, билимсизи ҳам бор эди. Шу боис, уларнинг Қуръон ўрганишларида маълум қийинчиликлар кўндаланг бўлиши табиий эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  Аллоҳ таолодан улар учун енгиллик беришини сўраб илтижо қилдилар. У зотнинг дуолари сабаб бўлиб, Аллоҳ таолонинг азалий иродаси юзага чиқди: Қуръони Каримни бир неча суратда ўқишга ижозат бўлди.
Қуръони Каримнинг мазкур қироат услублари Пайғамбар алайҳиссаломнинг қалбларига нозил бўлар, у зот оятларни ўзларига қандай нозил қилинган бўлса, худди шу тарзда саҳобаларга етказар, таълим берар эдилар. Бу жараён Расул алайҳиссаломнинг саҳобаларга оятларни ўқиб беришлари билан ҳам, уларнинг қироатларини эшитишлари билан ҳам амалга ошаверар эди. Бу турлилик ўша даврда "ҳарф" деб аталар эди.
Аммо бу, Қуръоннинг ҳар бир сўзи бир неча хил ўқилади, дегани эмас. Балки бунда айрим сўзларни икки­уч хил ўқиш мумкинлиги назарда тутилади. Мисол учун, «Фотиҳа» сурасидаги «маалики» калимаси «малики» тарзида ҳам ўқилади. Шунингдек, айрим мад, идғом, иқлоб каби қоидаларда ҳам турлилик мавжуд бўлиб, баъзи мадлар бир неча миқдорда чўзилиши, бир қироатда идғом ё иқлоб бўлмайдиган ҳарфлар бошқасида идғом ёки иқлоб қилиниши мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қироатдаги ушбу турлилик Қуръоннинг маъносига халал бермайди, балки, унинг мазмуини ёритиб бериши, янада бойитиши мумкин. Мисол учун, «маалики» калимаси «эга» деган маънони англатса, «малики» «падшоҳ» деган мазмунни билдиради. Тилшунос олимларнинг таъкидлашларича, иккиси ҳам бир ўзакдан ясалган ушбу икки сўзнинг ҳар бири ўзига хос маъно англатади: «эга» бирор нарсага эгадорликни билдирса, «подшоҳлик» ўша ўзи эга бўлган нарсани тўла тасарруф этишни англатади. Бу икки маъно бир­бирини тўлдириши натижасида мазкур оятнинг мазмуни «У Зот Қиёмат кунининг эгаси ва унинг тасарруфини қилувчи подшоҳи» дегани бўлади. Бунга ўхшаш мисоллар жуда ҳам кўп.
Бу турлилик бир қарашда араб лаҳжаларига монанд келсада, аслида уларнинг бирортасига ҳам тўла бўйсунмайди, ҳеч бир умумий қоидага бош эгмайди, балки ҳаммасидан устун туради. Аммо уларнинг қайсинисидир қайсидир қабила кишилари учун бошқасидан осон бўлиши мумкин эди. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни кишиларга таълим беришда уларнинг ўзларига осон бўлган суратида ўргатар эдилар. Баъзи саҳобалар бир нечта қироат турини, айримлари деярли барча турини ўзлаштириб борар эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин саҳобаи киромлар ўзларига маълум бўлган, Расул алайҳиссаломдан таълим олган оятларни ўзлари ўрганган суратда кейинги авлодга, яъни тобеинларга етказдилар. Тобеинлар ҳам ўз навбатида олган омонатларини кейинги авлодга ‒ табаъа тобеинларга топширдилар. Мана шу тарзда бу омонат бизгача оғизма оғиз ҳеч бир ўзгаришсиз етиб келмоқда.
Яна шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, Қуръонни мазкур кўринишларда қироат қилишда ҳеч ким ўзбошимчалик қилган эмас, балки ҳар бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бевосита ўзларининг таълимларига асослангандир. Уламолар эҳтиёт юзасидан ҳатто озчилик ривоят қилган, яъни мутавотир даражасига етмаган қироат турларини ҳам қабул қилмасликка келишишган ва уларни алоҳида, маълумот маъносида нақл қилиб қолдиришган.
Тобеинлар ва табаъа тобеинлар даврида бошқа илмлар қатори қироат, яъни Қуръонни тиловат қилиш илми ҳам тартибга солина бошлади. Маълум қироат услубида ўқиш ва ўқитиш билан айрим қироат устозлари донг таратди. Кейинроқ ушбу услублар ўша устозлар номига нисбат бериладиган бўлди. Уламолар ушбу услубларни китобга тушурар экан, уни ўрганишни қулайлаштириш мақсадида даставвал уларнинг энг машҳурларини ўша устозлар номига нисбат берган ҳолда қайд қилдилар. Бу борада ёзилган энг машҳур илк асарларда улардан еттитаси жамланган эди. Ана шундан етти қироат тушунчаси келиб чиқди. Улар шунчалик машҳур бўлиб, оммалашиб кетдики, бошқа қироатлар мусулмонлар орасидан унутилиб кетиши хавфи туғилди. Шунда Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи томонидан яна учта қироатни тартибли равишда мазкур етти қироатга илова қилинди. Шундай қилиб, Ислом оламида барча томонидан тан олинган, мутавотир даражасида нақл қилинган ўнта қироат машҳур бўлиб, бугунги кунгача мусулмонлар уларни ўз силсилалари асосида ўрганиб, ёдлаб, асраб келмоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган қироатлар мана шу ўн қироатда ўз аксини топганини уламолар таъкидлайдилар.
Кўплаб машҳур қорилар ўша қироатларда Қуръон тиловатини кишиларга етказиб келган ва ҳозир ҳам етказмоқдалар. Сиз эсга олган қироат шайхлари ҳам ана шулар жумласидандир. Саволингизга қисқача жавоб шундан иборат. Батафсил маълумот учун керакли манбаларга мурожаат қилишингиз мумкин.(“quran.uz” сайтидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat