Ассалому алайкум! “Бақара” сураси 31-оятда. Шундай марҳамат қилинади "Ва У зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилиб деди: «Агар халифаликка биз ҳақдормиз, деган сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринг! »". Саволим у барча нарсалар нима? Жавобингиз учун раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Ва Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга кўрсатиб: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, манавиларнинг исмларини менга айтиб берингчи», – деди.
Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилаётган пайтда унга улуғ бир сирни берганлиги ушбу оятдан билиниб турибди. У ҳам бўлса, Одамга исмларнинг барчасини ўргатишидир. Яъни инсон ўзини ўраб турган барча ашёларнинг белгиси сифатида исмни, маънони ишлатади. Ҳис қилинадиган, жисмга эга бўлган нарсаларни фаҳмлаш учун нутқий рамзларни ишлатиш қудрати инсон ҳаётида энг улуғ қудратлардан бири ҳисобланади. Акс ҳолда бировга тоғни тушунтирмоқчи бўлсанг, уни тоғнинг олдига олиб бориб, айлантириб кўрсатишдан ўзга чора бўлмас эди. Агар Аллоҳ таоло инсонга ушбу қобилиятни бермаганида, ер юзида ҳаётни тасаввур қилиш қийин бўлар эди.
Ривоятларда келишича, «Бунинг исми от, буниси туя, мана бу қуёш, бу эса юлдуз», деб ҳатто кичкина нарсаларгача ўргатилган. Яъни Одамнинг ер юзида халифа бўлишининг асосий сабабларидан бири илм олишга истеъдодининг борлигидир. Ҳозирда инсоннинг илм ёрдамида борлиқнинг сирларини кашф этаётгани ҳам ўшанда берилган қобилият натижасидир.
Аллоҳ таоло Одамга исмларнинг барчасини ўргатганидан кейин уларни фаришталарга рўбарў қилди ва «Агар «Ер юзида фасод қилувчи ва қон тўкувчи кимсани яратасанми?» деган даъволаринг рост бўлса, менга ушбу нарсаларнинг исмларини айтиб беринглар», деди. (“Тафсири Ҳилол”). Валлоҳу аълам.