СОЧ ВА УНИНГ ПАРВАРИШИ ҲАҚИДААнас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари икки елкаларига уриб турар эди».Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.Яна ўша кишидан ривоят қилинади:«У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қулоқларининг юмшоқ жойларигача эди».Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.Ушбу икки ривоятни қўшиб хулоса чиқарадиган бўлсак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари қисқа бўлган пайтда қулоқларининг юмшоқ жойига баробар бўлган. Ўсгада эса, икки елкаларига уриб турадиган бўлган. Ўша ҳолатга етганда қулоқларининг юмшоқ жойига баробар қилиб қисқартиб олганлар.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига амр қилинмаган нарсада аҳли китобларга мувофиқ иш қилишни яхши кўрар эдилар. Аҳли китоблар сочларини тушириб юришар эдилар. Мушриклар эса бошларидан фарқ очар эдилар. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешона сочларини тушириб юрдилар. Сўнгра, кейинроқ фарқ очдилар».Бешовлари ривоят қилган.Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар бутпараст мушриклар ва аввал самовий китобга эга бўлган яҳудий ва носронийлар билан алоқада бўлар эдилар. Баъзи ишларда мазкур икки томондан бирини танлаш зарурати туғилиб қолар эди. Шунда мусулмонлар доимо аҳли китоблар томонини олар эдилар. Мисол учун Рум ва Форс давлатлари уруш қилсалар, аҳли китоб бўлгани учун мусулмонлар румликларнинг тарафини олар эдилар. Чунки Ислом ҳам ўша аҳли китоблар ишининг охирги ва мукаммал нуқтаси эди. Ўша вақтдаги аҳли китоблар динлари ва илоҳий китобларини бузган бўлсалар ҳам, мусулмонларга мушриклардан кўра яқинроқ эдилар. Шунинг учун ҳам,«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига амр қилинмаган нарсада аҳли китобларга мувофиқ иш қилишни яхши кўрар эдилар».Албатта, Аллоҳдан амр келган ишларда бошқаларнинг қилмишига ҳеч қандай эътибор йўқ. Аммо баъзи ишларда Аллоҳнинг амри йўқ бўлса, худди ўша ишни мушриклар бир хил, аҳли китоблар бошқа хил қиладиган бўлсалар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобларнинг услубини танлар эдилар. Жумладан, сочни тарашда,«Аҳли китоблар сочларини тушириб юришар эдилар».Яъни, аҳли китоблар пешоналаридан фарқ очмай сочларини олдинга тушириб юрар эдилар.«Мушриклар эса бошларидан фарқ очар эдилар».Яъни, пешонадан фарқ очиб сочни икки ён томонга тараш мурикларнинг иши эди. Бу масалада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга амр ҳам келмаган эди.«Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешона сочларини тушириб юрдилар».Бу билан аҳли китобларга мувофиқ иш тутиб, мушрикларга хилоф қилдилар. Вақти соати етиб У зотга Аллоҳ таолонинг амри келганда эса,«Сўнгра, кейинроқ фарқ очдилар».Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини ювиб, сўнг фарқ очиб тараб қўйишлари ҳақида бир неча ривоятлар келган.Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ишларининг барчасида имкони борича ўнгдан бошлашни яхши кўрар эдилар; Таҳоратларида ҳам, соч парваришларида ҳам, оёқ кийими кийишларида ҳам ва мисвок қилишларида ҳам».Бешовлари ривоят қилган.Бу маънодаги ҳадиси шарифлар олдин ҳам ўрганилган. Мусулмон маданияти таълимоти бунга ўхшаш нарсаларнинг барчасида ўнг томонни афзал кўради. Ушбу ривоятда «соч парваришларида ҳам» деган гап борлиги учун ушбу жойда келтирилмоқда.Ушбу ҳадиси шарифга амал қилишимиз лозимлигини айтиб ўтиришнинг ҳожати ҳам бўлмаса керак.Абдуллоҳ Ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бевақт соч парваришидан қайтарганлар».Сунан эгалари ривоят қилган.Баъзи кишилар бўлган бўлмаганга вақтларини соч тараш билан ўтказишни одат қилаганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшандоқ нарсадан қайтарган эканлар. Ўз вақтида сочни қараб, тартибга солиб олган етарли. Беҳуда ишга вақтни кетказмай фойдали иш билан машғул бўлиш керак.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қазаъдан қайтарганлар», деди у киши.«Қазаъ нима?» дейилди Ибн Умарга.«Боланинг сочининг баъзисини қириб, баъзисини қолдириш», деди у киши».Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.Яна ўша кишидан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир боланинг сочининг баъзисини қирилиб, баъзисини қолдирилганини кўрдилар. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни наҳий қилдилар ва:«Ҳаммасини қиринглар ёки ҳаммасини қолдиринглар», дедилар».Абу Довуд ва Насаийривоят қилган.Ўша пайтда жоҳилият жамиятининг бидъат хурофотларининг сон-саноғи йўқ бўлганини яхши биламиз. Ана ўша номаъқулликлар ҳатто ёш болаларнинг сочини олдириш борасида ҳам бор эканлиги ушбу ривоятлардан билинмоқда. Агар ўхшатиш мумкин бўлса, авваллари бизда ҳам ёш болаларга кокил қўйиш одати бор эди. Сочни олиб келиб, маълум жойни ташлаб кетилади. Бир неча бор олинмагандан сўнг ўша жойдаги соч ўсиб кетади. Кўпроқ кокилни бирор мозорга атаб қўйилади. Бирор сўйиш олиб бориб ўша мозорда бирор таом пишириб улашилгандан сўнг кокилни олар эдилар. Ана ўшанга ўхшаш бидъат қадимги мушрикларда ҳам бўлган экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшандан наҳий қилмоқдалар.Ушбу ривоятдан эркакларнинг сочини тагидан қиртишлаб олдириб юришлари жоиз экани чиқади.Аммо аёлларга бу ишни қилишга рухсат йўқ.Имом Насаий ривоят қилган ҳадиси шарифда:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл киши сочини қирдиришидан наҳий қилдилар», дейилган.СОЧ БЎЯШАбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, яҳудий ва насоролар бўямайдилар. Бас уларга хилоф қилингиз», дедилар».Бешовлари ривоят қилган.Яъни, яҳудий ва насоролар соч-соқолларининг оқ тушган толаларини рангини бошқа рангга бўямайдилар. Сизлар, эй умматим, уларга хилоф қилиб соч-соқолларингизнинг оқарган толаларини бошқа рангга бўянг, деганлари. Қайси рангга бўяшга рухсат йўқлиги келаси ҳадиси шарифда баён қилинади.Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳуни Макка фатҳи куни олиб келинди. Унинг соч-соқоли худди сағомадек оппоқ эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Буни бирор нарса ила ўзгартинглар. Қорадан четланинглар», дедилар».Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.«Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳу» ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг оталари. У киши мўмин-мусулмон бўлишларига қарамай ўта қариликлари ва кўзлари кўрмаслиги сабабидан ҳижрат қила олмай Маккаи Мукаррамада қолиб кетган эдилар. Маккаи Мукаррама фатҳ этилган куни Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳуни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига зиёратга кўтариб олиб келишган. Шунинг учун ҳам ушбу ривоятда:«Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳуни Макка фатҳи куни олиб келинди», дейилмоқда.«Унинг соч-соқоли худди сағомадек оппоқ эди».«Сағома» гули ҳам, меваси ҳам оппоқ бўладиган ўсимлик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Буни бирор нарса ила ўзгартинглар. Қорадан четланинглар», дедилар».Аслида кўпинча соч-соқолнинг оқини ҳинно билан ўзгартирилади. Шунинг учун соч бўяш ўрнига соч ҳиннолаш ҳам дейилади. Лекин ҳиннодан бошқа нарса билан бўлса ҳам жоиз. Фақат қора ранг бўлмаса бўлгани.Анас розияллоҳу анҳудан:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўяганмилар?» деб сўралди.«У зот озгинагина оқликка етганлар, холос», деди у. Бошқа бир ривоятда:«Албатта, у зот бўямаганлар. Агар хоҳласам, соқолларидаги оқ толаларни санай олардим», дейилган.Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.Насаийнинг лафзида:«У зот бўямаганлар. Фақатгина анфақада бир оз, икки яноқда бир оз ва бошда бир оз яккам-дуккам оқлик бор эди», дейилган.«Анфақа» - пастки лабнинг остида, ўртада, жағнинг устида ўсиб турадиган толалар.Ривоятлардан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч-соқоллари сезиларли оқармаган ҳолларида вафот этган эканлар. Олтмиш уч ёшларида бу ҳолда бўлишлари ҳам ҳозирги шароитга солиштирадиган бўлсак, нодир ҳисобланади. Эҳтимол ўша давр учун ҳам нодир бўлгандир. Чунки баъзи ривоятларда зикр қилинишича ҳазрати Абу бакр ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳумолар иккилари ҳам «хизоб»-соч бўяш иши қилган эканлар.Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туки йўқ кавшни кияр ва соқолларини варас ҳамда заъфарон ила сарғайтирар эдилар. Ибн Умар ҳам шундоқ қилар эди».Абу Довуд, Бухорий ва Насаий ривоят қилган.«Варас» Яманда ўсадиган сариқ гулли ўсимлик. У билан бўялган нарса қизғиш тус олади.Бу ривоят олдингисига зид маънони келтирмоқда. Уламоларимиз ривоятларни яхшилаб ўрганиб чиққанларидан кейин, Анас розияллоҳу анҳу ушбу, кейинги ривоятда зикр қилинган ишдан бехабар қолганлар, шунинг учун ўзларининг билганларини ривоят қилганлар, дейишган.Абу Римса розияллоҳу анҳу айтадилар:«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига отам билан келдим. У зот соқолларини ҳинно билан бўяб олган эдилар».Мана шу иш машҳур ва кенг тарқалган. Ҳозирда ҳам кўпчилик соқолини ҳиннолайди. Кўпчилик мусулмон халқларда соқолни бўяш истилоҳи йўқ, балки соқолни ҳиннолаш истилоҳи машҳур.Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ушбу оқликни ўзгартириш учун энг яхши нарса ҳинно ва катамдир», дедилар».Иккисини Сунан эгалари ривоят қилган.«Катам» Яманда ўсадиган ўсимлик бўлиб, бўялганда қора ранг беради. Уни ҳинно билан аралаштириб бўялганда эса, қизғиш қорамтир ранг ҳосил бўлади.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Охири замонда соч-соқолини кабутарнинг жиғилдонига ўхшатиб қорага бўяйдиган қавмлар бўлур. Улар жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламаслар», дедилар».Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.Ушбу ривоятдаги «кабутарнинг жиғилдонига ўхшатиб» деган маънони, дейдилар уламоларимиз, икки хил тушуниш мумкин.Биринчиси охири замонда бир қавмлар чиқадики улар соқолни фақат жағларига худди кабутарнинг жиғилдонига ўхшатиб қўядилар. Бунда суннатга хилоф қилиб фақат ияккагина соқол қўйиш ҳам қораланган бўлади.Иккинчиси охири замонда бир қавмлар чиқадики улар соқолни худди кабутарнинг жиғилдонига ўхшатиб қорага бўяб юрадилар.Демак, икки мазкур иш ҳам яхши эмас экан. Уламоларимиз соч-соқолни қорага бўяш ҳақидаги барча далилларни чуқур таҳлил қилиб чиққанларидан кейин, соч-соқолни қорага бўяш макруҳ, деган қарорга келишган.Оиша розияллоҳу анҳодан ҳинно ила бўяш ҳақида сўралди. У киши:«Ҳечқиси йўқ. Лекин мен ёқтирмайман. Чунки ҳабибим соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳидини ёқтирмас эдилар», дедилар».Шарҳ: Соқолга тегишли маълумотларни аввал келтирдик. Энди уламоларимиз соч ҳақидаги ҳужжат ва далилларни жамлаб таҳлил қилиб чиқиб тартибга солган ҳукмлардан баъзиларини зикр қиламиз;1. Инсоннинг сочи ўзида турганидан ҳам, олинганидан кейин ҳам покдир.2. Инсоннинг сочини сотиб ёки бирор нарса учун ундан фойдаланиб бўлмайди.3. Вафот этган одамнинг сочини олиб бўлмайди.4. Киши ўз сочини яхшилаб парваришлаб юриши лозим.5. Сочни ўстириб ёки ҳаммасини олдириб юриш жоиз.6. Кокил қўйиш жоиз эмас.7. Соч қўйган одамлар уни икром қилишлари лозим. Ювиб, тараб, мойлаб юриш билан.8. Сочнинг оқини юлиш макруҳ.9. Сочни қоп – қора рангдан бошқа рангга бўяш жоиз.10. Улама соч қилиш ҳаром.