Ассалому алайкум! Исмоил ака устоз, Мусо билан Қорун алайҳимассаломлар ака-ука бўлишганми? Мен “islom.uz” сайтидаги бир мақолада Мусо алаҳиссалом Аллоҳга дуо қилиб Қорун алайҳисаломни ерга юттирганларини ўқидим. Бу ўз укаларими ё бошқа бир Қорунними? Саволим ўринсиз бўлса минг бор узр. Аллох сизлардан рози бўлсин.
Ва алайкум ассалом! Мусо билан Қорун эмас, Мусо билан Ҳорун. Ҳорун алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломдан уч йилдан кейин туғилганлар. У зот туғилган пайтларда Фиръавн бану исроил ўғил болаларини қатл қилишни тўхтатган пайт эди. Баъзилар “Ҳорун алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломдан уч ёш катта бўлган” дейишади. Аллоҳ таоло “Тоҳа” сурасида марҳамат қилиб :
اذْهَبْ إِلَى فِرْعَوْنَ إِنَّهُ طَغَى
24. Фиръавнга бор, чунки у туғёнга кетди». Яъни «Эй Мусо, сени пайғамбар қилиб танлаб олдик, муқаддас Туво водийсида нидо қилдик, улкан мўъжизаларимиздан кўрсатдик. Энди сен Миср подшоҳи Фиръавн олдига бор. У, шубҳасиз, ҳаддан ошиб, туғёнга кетди. Уни йўлга солиш керак», деди.
قَالَ رَبِّ اشْرَحْ لِي صَدْرِي
25. У (Мусо) деди: «Роббим, менинг кўксимни кенг қил.
وَيَسِّرْ لِي أَمْرِي
26. Менинг ишимни осон қил.
وَاحْلُلْ عُقْدَةً مِّن لِّسَانِي
27. Тилимдаги тугунни ечгин.
يَفْقَهُوا قَوْلِي
28. Сўзимни англасинлар.
وَاجْعَل لِّي وَزِيرًا مِّنْ أَهْلِي
29. Менга ўз аҳлимдан бир вазир қилиб бер –
هَارُونَ أَخِي
30. оғам Ҳорунни.
اشْدُدْ بِهِ أَزْرِي
31. У билан белимни қувватла.
وَأَشْرِكْهُ فِي أَمْرِي
32. Уни ишимга шерик айла…
كَيْ نُسَبِّحَكَ كَثِيرًا
33. Сенга кўп тасбеҳ айтишимиз учун…
وَنَذْكُرَكَ كَثِيرًا
34. ва Сени кўп зикр қилишимиз учун.
إِنَّكَ كُنتَ بِنَا بَصِيرًا
35. Албатта, Сен Ўзинг бизни кўриб турувчи эдинг».
Аллоҳ томонидан ўзига ўта масъулиятли вазифа юклатилганини чуқур ҳис этган Мусо алайҳиссалом бу амри илоҳийни қабул этдилар. Фиръавннинг олдига боришларидан олдин ҳар нарсага қодир Аллоҳ таолодан ўзларининг машаққатли ишларида зарур бўладиган ёрдамларни бир йўла сўраб олдилар.
Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолодан энг аввал: «Роббим, менинг кўксимни кенг қил», – деб сўрадилар. Чунки одамларни Аллоҳнинг динига даъват қилишда қалбнинг кенг бўлиши жуда муҳимдир. Қалби тор одам даъват ишини эплай олмайди. Қалби кенг одам эса ҳатто даъват йўлидаги машаққатлардан роҳатланади. Кейин Мусо алайҳиссалом Аллоҳдан енгиллик сўрадилар: «Менинг ишимни осон қил». Аллоҳ ишини осон қилмаса, инсон ҳеч нарсага эриша олмайди. Инсоннинг ўзига қўйиб берилса, нима ҳам қила олар эди у?! Фақат Аллоҳ таоло ёрдам бериб, ишини осон этган одамгина бирор нарса қила олиши мумкин. Мусо алайҳиссаломнинг Аллоҳга учинчи тилаги: «Тилимдаги тугунни ечгин», дейиш бўлди. Тилнинг бурро бўлиши ҳам даъватчилар учун жуда керак. Мусо алайҳиссаломнинг тилларида бир оз дудуқлик бор эди. Аллоҳдан ўша дудуқлик тугунини ечишини сўрадилар. Тилакнинг ортидан: «Сўзимни англасинлар», – деб, ўшанда одамлар у кишининг сўзини яхшироқ тушунишларини ҳам қўшиб қўйдилар. Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолодан сўраган тўртинчи тилак: «Менга ўз аҳлимдан бир вазир қилиб бер». Яъни «Менга машаққатли ишларда ёрдам берадиган, оғиримни енгил қиладиган бир ёрдамчи бер», – дедилар. Ўша вазир ўзларининг аҳлларидан бўлишини ҳам қўшиб қўйдилар. Чунки аҳлини тушуниш осон, у билан бирга ишлаш осон. Кейин Мусо алайҳиссалом вазир қилиб кимни хоҳлаётганларини очиқ айтдилар: «оғам Ҳорунни». Ўзларининг катта акалари Ҳорун алайҳиссаломни Мусо алайҳиссалом яхши билишлари турган гап. Айнан Ҳорун алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга вазир бўлиш салоҳиятига эга эдилар. У киши тили ўткир ва фасоҳатли, босиқ-вазмин ва саботли одам эдилар. Мусо алайҳиссалом ана шу сифатларга эга бўлган оғаларининг пайғамбарликка шерик бўлишини сўрадилар. «Уни ишимга шерик айла…» дейишлари шу маънони англатади. Мусо алайҳиссалом сўзларининг ниҳоясида бу талабларни қўйишдан қандай мақсадлари борлигини ҳам айтдилар: «Сенга кўп тасбеҳ айтишимиз учун ва Сени кўп зикр қилишимиз учун». Шу билан бирга, уларнинг эҳтиёжларини Аллоҳ таолонинг Ўзи билиб турганини ҳам айтиб қўйдилар: «Албатта, Сен Ўзинг бизни кўриб турувчи эдинг». «Ҳолимизни биласан. Заифлигимизни кўряпсан. Камчиликларимиз Ўзингга маълум». Мусо алайҳиссалом тилакларини тугатишлари биланоқ, Аллоҳ таоло бу тилакларни амалга оширганини билдирди.("Тафсири Ҳилол" китобидан). Сиз айтган дуоибад қилинган инсоннинг исми Қорун бўлган. У ҳақида Аллоҳ таоло “Қосос” сурасида марҳамат қилади :
إِنَّ قَارُونَ كَانَ مِن قَوْمِ مُوسَى فَبَغَى عَلَيْهِمْ وَآتَيْنَاهُ مِنَ الْكُنُوزِ مَا إِنَّ مَفَاتِحَهُ لَتَنُوءُ بِالْعُصْبَةِ أُولِي الْقُوَّةِ إِذْ قَالَ لَهُ قَوْمُهُ لَا تَفْرَحْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْفَرِحِينَ
76. Албатта, Қорун Мусо қавмидан бўлиб, уларга такаббурлик қилди. Биз унга калитлари бир гуруҳ қувватлиларга ҳам оғирлик қиладиган хазиналарни берган эдик. Ўшанда қавми унга: «Ҳовлиқма, албатта, Аллоҳ ҳовлиққанларни суймас. Қуръони Карим Қоруннинг таржимаи ҳоли билан машғул бўлмайди. Унинг қачон ўтгани ҳақида ҳам хабар бермайди. Балки Қорун қиссасидан одамларга асрлар оша ибрат бўладиган жойини келтиради. Шунинг ўзи кифоя. «Албатта, Қорун Мусо қавмидан бўлиб, уларга такаббурлик қилди». Демак, Қорун Мусо алайҳиссаломнинг қавмларидан, яъни Бану Исроил қавмидан бўлиб, қавмига такаббурлик қилган. Қоруннинг такаббурлиги сабабини кейинги жумладан биламиз. «Биз унга калитлари бир гуруҳ қувватлиларга ҳам оғирлик қиладиган хазиналарни берган эдик». Қорун катта бойликка учиб, қавмига такаббурлик қилди. Мол-мулки шу даражада кўп эдики, хазиналарининг калитларини кўтариш бир тўда кучли одамларга ҳам оғирлик қилар эди. Ўша вақтда шунчалик молга эгалик уни ҳовлиқтириб юборади. Шу сабабли, ўз қавмига такаббурлик қилади. «Ўшанда қавми унга: «Ҳовлиқма, албатта, Аллоҳ ҳовлиққанларни суймас», – дедилар. Молу мулкка берилиб, ҳовлиқиб кетиш яхшиликка олиб келмайди. Молу дунёга берилган киши одамларни, яхшиликни, ҳатто Аллоҳни ҳам ёдидан чиқаради. Унинг бутун вужуди, фикри-зикри мол билан машғул бўлиб қолади. Ҳамма нарсани молу мулк билан ўлчайдиган ҳолга келади. Бундай кишиларни эса, албатта, Аллоҳ суймайди. Қавм Қорунга насиҳат қилишда давом этди:
وَابْتَغِ فِيمَا آتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآخِرَةَ وَلَا تَنسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِن كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ
77. Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни изла, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни истама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас», – дедилар. Аллоҳ таоло берган молу дунёга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ушбу ояти каримада ўз аксини топган. Мусулмон банда қўлига молу дунё тушганда, ўзини худди шу оятга мос тутмоғи лозим. «…Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни изла...» Мусулмон одам, аввало, Аллоҳ берган молу дунё билан охиратни излашга интилади. Яъни молу мулкини шариатда кўрсатилган, охиратда фойда берадиган жойларга сарфлайди. Ҳаром-хариш, гуноҳ, фисқу фужур ва беҳуда ишларга сарф этмайди. Чунки беҳуда ишларга сарфланган молу дунё бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фойда бермайди. Аксинча, икки дунёда ҳам зиён келтиради. Лекин мусулмон одам охиратни ўйлаб, бу дунёсини тарк қилиб, унутиб ҳам юбормайди. «...бу дунёдаги насибангни ҳам унутма». Бу дунёда ҳам яхши яшаб, Аллоҳ берган молу дунёдан ҳалол йўл билан, такаббурлик қилмай фойдаланади. Чунки Аллоҳ таоло ҳалол-пок ризқларни бандалар фойда, ҳузур ва лаззат олишлари, сўнгра уларни берган Зотга шукр қилишлари учун яратган. Ана шунда тавозуъли, ширин ва бахтли-саодатли ҳолга эришилади. «Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил». Ҳалол-пок молу дунё Аллоҳнинг бандасига берган ҳадяси ва яхшилигидир. Ўша илоҳий неъматдан баҳраманд бўлган ҳар бир банда бошқа одамларга ҳам яхшилик қилиши керак. Турли сабабларга кўра ноқулай иқтисодий ҳолатга тушиб қолган биродарларига ёрдам бериши, бева-бечора, фақир-мискинларнинг ҳолидан хабар олиши, мусулмонлар манфаати йўлида хайру эҳсонлар қилиши шу жумладаги ишлар қаторига киради. «Ер юзида бузғунчиликни истама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас». Молу дунёга қувониб, унга ишониб, бузғунчиликка – фасод ишларга берилиш ҳеч тўғри келмайди. Аллоҳ бузғунчиларни хуш кўрмайди. Шунинг учун улар икки дунёда хору зор бўладилар. Аммо молу дунё қўлига тушган одамларда диндорлик, тақво бўлмаса, ҳовлиқиб кетадилар, дарров бузғунчилик қилишга киришадилар. Қорун ҳам ўшандай нафси бузуқ, насиҳат кор қилмайдиган, молу дунё қутуртирган одамлардан эди. У ўз қавмининг насиҳатларини қулоққа олмади.
قَالَ إِنَّمَا أُوتِيتُهُ عَلَى عِلْمٍ عِندِي أَوَلَمْ يَعْلَمْ أَنَّ اللَّهَ قَدْ أَهْلَكَ مِن قَبْلِهِ مِنَ القُرُونِ مَنْ هُوَ أَشَدُّ مِنْهُ قُوَّةً وَأَكْثَرُ جَمْعًا وَلَا يُسْأَلُ عَن ذُنُوبِهِمُ الْمُجْرِمُونَ
78. У (Қорун): «Менга у фақат ўзимдаги илм туфайлигина берилгандир», – деди. Албатта, Аллоҳ ундан олдинги авлодлардан ундан кўра қувватлироқ, ундан кўра кўпроқ (мол) жамлаганларни ҳалок этганини у билмасмиди?! Жиноятчилардан гуноҳлари ҳақида сўраб ўтирилмас. Дунёдаги кўплаб молу дунё соҳиблари каби, Қорун ҳам бойлигига ўз назари билан қарар эди. Бу молу мулк менга илмим туфайли берилди, мен ўзимдаги қобилиятни, илмни ишга солиб, мол топдим, энди қандай қилиб сарфлашни ҳам ўзим биламан, деб ўйлар эди. Мусулмон бўлмаган бойларнинг барчалари доимо худди шундай ўйлайдилар. Шунинг учун ҳам, улар туғёнга кетадилар, бошқалар устидан такаббурлик қиладилар. Ер юзида бузғунчилик содир этадилар. Ислом хусусий мулкчиликка кенг йўл очиб беради, кишилардаги мол-мулк топиш рағбатини қўллаб-қувватлайди. Аммо мол-мулк доимо ҳалол-пок йўл билан топилишини таъкидлайди ва текширади. Шунингдек, топилган мол-мулкни ҳалол-пок йўлда сарфлаш зарурлигини ҳам қаттиқ тайинлайди. Мол-мулк эгасини туғёндан, такаббурликдан ва ер юзида бузғунчилик қилишдан қайтаради. Қиссада тилга олинган Қорун ер юзида бузғунчилик қиладиган мулкдор бойлардан эди. «У (Қорун): «Менга у фақат ўзимдаги илм туфайлигина берилгандир», – деди». Яъни «Менга мол-дунё фақат илмим туфайли келди. Уни мен топдим. Сизларнинг менга молни қандай сарфлашим ҳақида маслаҳат беришингиз нимаси? Нима қилишни ўзим биламан. Унинг бу ғурури танқид қилиниб, унга ўзини сал босиб олиш, ўтган бойларнинг аҳволига бир назар солиш кераклиги эслатилди. «Албатта, Аллоҳ ундан олдинги авлодлардан ундан кўра қувватлироқ, ундан кўра кўпроқ (мол) жамлаганларни ҳалок этганини у билмасмиди?!» У ўзича, мол-дунё билан хоҳлаган ишни қиламан, деб ўйлаётган бўлса керак. Йўқ, Аллоҳнинг иродаси билан Унинг азоби келганда, давлати қанча кўп бўлмасин, молу дунёси ҳеч кимни ҳалокатдан тўсиб қола олмайди. Қорундан олдинги асрларда ўтган турли бойларни Аллоҳ таоло ҳалок қилган. Ўша бойлар Қорундан кўра кўпроқ молу мулк тўплаган эдилар. Аммо туғёнга кетиб, такаббурлик қилганлари учун ҳалокатга учрадилар. Уларни ҳалок қилган Аллоҳ Қорунни ҳам йўқотиши ҳеч гап эмас. «Жиноятчилардан гуноҳлари ҳақида сўраб ўтирилмас». Ҳа, Қорунга ўхшаганларни сўраб-суриштириб ўтирмай, ҳалок қилиб юборилаверади.
فَخَرَجَ عَلَى قَوْمِهِ فِي زِينَتِهِ قَالَ الَّذِينَ يُرِيدُونَ الْحَيَاةَ الدُّنيَا يَا لَيْتَ لَنَا مِثْلَ مَا أُوتِيَ قَارُونُ إِنَّهُ لَذُو حَظٍّ عَظِيمٍ
79. Бас, у (Қорун) қавми ҳузурига зебу зийнати ила чиқди. Дунё ҳаётини истайдиганлар: «Қани энди, Қорунга берилган нарсадан бизга ҳам бўлса эди. Дарҳақиқат, у улкан насиба эгасидир», – дедилар. Ўз қавмининг инсофли, билимли одамларининг насиҳатига қулоқ осмаган, мол-дунёси кибр ва туғёнга кетказган Қорун бойлиги билан фахрланишда давом этди: «Бас, у (Қорун) қавми ҳузурига зебу зийнати ила чиқди». Қорунга ўхшаган бойларнинг умумий одати шу. Такаббурликка берилиб, молу дунёси билан фахрланувчи бой доимо инсонлар орасига зебу зийнати билан чиқишга ҳаракат қилади. Улар бошқа одамлардан ўз кийимлари, маркаблари, юришлари, хизматкорларининг кўринишлари ва бошқа нарсалари билан ажралиб туришни истайдилар. Бундай бойлар нима қилиб бўлса ҳам, одамларни ўз зебу зийнатлари билан қойил қолдиришга ҳаракат қиладилар. Мақсадларига қисман эришадилар ҳам. Баъзи бир кишилар уларга ҳавас қилишади, кўнгилларидан ҳар хил фикрларни ўтказишади, турли гапларни айтишади. Қорун ўз қавми ичига зебу зийнати ила чиққанида ҳам шундай бўлди. «Дунё ҳаётини истайдиганлар: «Қани энди, Қорунга берилган нарсадан бизга ҳам бўлса эди. Дарҳақиқат, у улкан насиба эгасидир», – дедилар». Молу дунёсига ишониб, мутакаббирлик билан ғурурга кетган, дунёда бузғунчилик қилишга уринган ношукр одамга фақат бу дунё ҳаётини ўйлайдиган кишиларгина ҳавас қилиши мумкин. Ушбу дунёнинг беш кунлик матоҳига эришишдан бошқа мақсади йўқларгина ўша туғёнкор, бузғунчи кимсага ўхшаган бўлишни орзу қилиши мумкин. Ана ўшаларгина ғурурга кетган мазкур мутакаббирни «улуғ насиба эгаси» дейишлари мумкин. Аммо ўзини таниган билим эгалари умуман, бошқача фикрда бўладилар.
وَقَالَ الَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ وَيْلَكُمْ ثَوَابُ اللَّهِ خَيْرٌ لِّمَنْ آمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا وَلَا يُلَقَّاهَا إِلَّا الصَّابِرُونَ
80. Илм берилганлар эса: «Вой бўлсин сизларга! Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар учун Аллоҳнинг савоби яхшидир. Унга фақат сабр қилганларгина эришурлар», – дедилар. Доимо, ҳамма жамиятларда модда туғёнидан устун тура оладиган, унинг ҳойи-ҳавасига учмайдиган, моддий бойликнинг ҳаётдаги ўрнини тўғри баҳолай оладиган кишилар ҳам бўлади. Улар бу мавқифларида ўзларига берилган тўғри илмга асосланадилар. Улар молу дунё фитнасига учмайдилар. Бой-бадавлат бузғунчиларнинг зебу зийнатларига ҳавас қилмайдилар. Аксинча, зебу зийнатга берилганларга насиҳат қилиб юрадилар. «Илм берилганлар эса: «Вой бўлсин сизларга! Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар учун Аллоҳнинг савоби яхшидир». Бу дунёда ҳойи-ҳавасга, зебу зийнатга сабаб бўладиган мол-мулкдан кўра, Аллоҳ таоло иймон ва амали солиҳ учун берадиган савоб яхши эканини одамларга эслатиб турадилар. Кишиларни иймонга, амали солиҳга чақирадилар. Аллоҳнинг савобига эришиш учун сабр-чидам зарурлигини ҳам айтадилар. «Унга фақат сабр қилганларгина эришурлар», – дедилар». Ҳа, Аллоҳнинг савобига эришиш учун сабр-бардош керак. Иймонли бўлиш қийинчиликларига ва солиҳ амаллар йўлидаги тўсиқларга ҳамда бу дунё зебу зийнатларидан ўзини тийиш йўлидаги машаққатларга сабр қилиш керак. Молу дунё фитнасига учмаслик лозим. Ана ўшандагина Аллоҳ таолонинг савобига эришилади. Қорун қавмида ҳам илмли кишилар бор эди. Улар ўз вазифаларини адо этдилар. Аввал Қорунга, сўнгра унга ҳавас қилаётган кишиларга насиҳат қилдилар. Бир томонда молу дунё билан ғурурланишнинг, туғёнга кетишнинг чўққисига чиқиб олган Қорун. Иккинчи томонда унинг қавмидан бўлган, ҳаёти дунёни хоҳлайдиганлар. Улар, қани энди, бизда ҳам Қорунга берилган молу мулк бўлса эди, деб ҳавас қилиб турибди. Учинчи томонда эса илм берилганлар. Улар, Аллоҳнинг савоби яхшироқ, демоқдалар. Энди хотима – ажрим қилувчи ҳолат ҳам керак. Шундай бўлди ҳам:
فَخَسَفْنَا بِهِ وَبِدَارِهِ الْأَرْضَ فَمَا كَانَ لَهُ مِن فِئَةٍ يَنصُرُونَهُ مِن دُونِ اللَّهِ وَمَا كَانَ مِنَ المُنتَصِرِينَ
81. Бас, Биз уни ва унинг ҳовли-жойини ерга юттирдик. Унга Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган гуруҳ бўлмади, ўзи нусратга эришувчилардан ҳам бўлмади. Ҳаммаси оддийгина тугади. Қорунни ҳам, ҳовли-жойини ҳам ер ютди-қўйди. Қорун ҳам, унинг бойликлари ҳам, кибру ҳавоси ҳам йўқ бўлди-кетди. Қорунга Аллоҳнинг азоби келганида, унга ёрдам берувчи топилмади. Унинг ўзи ҳам илми ила, молу дунёси ила ўзини қутқариб қола олмади.
وَأَصْبَحَ الَّذِينَ تَمَنَّوْا مَكَانَهُ بِالْأَمْسِ يَقُولُونَ وَيْكَأَنَّ اللَّهَ يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَن يَشَاء مِنْ عِبَادِهِ وَيَقْدِرُ لَوْلَا أَن مَّنَّ اللَّهُ عَلَيْنَا لَخَسَفَ بِنَا وَيْكَأَنَّهُ لَا يُفْلِحُ الْكَافِرُونَ
82. Ва кечагина унинг маконини орзу қилаётганлар: «Воажаб, Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаганларига ризқини кенг ёки тор қиладиганга ўхшайдир. Агар Аллоҳ бизга лутф қилмаганида, бизни ҳам ерга юттирар эди. Воажаб, кофирлар нажот топмайдиганга ўхшайди-ку!» – дейишга ўтдилар. Дунё ҳаётига берилган ғофилларнинг кўзи шунга ўхшаш фалокатлар вақтида очилиши мумкин. Қорунни ва унинг ҳовли-жойини ер ютганидан кейингина унга ҳавас қилаётган одамларнинг, дунё ҳаёти ихлосмандларининг кўзи очилди. Ва кечагина унинг маконини орзу қилаётганлар: «Воажаб, Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаганларига ризқини кенг ёки тор қиладиганга ўхшайдир», – дейишга ўтдилар. Аллоҳ таоло одамларнинг шахсига қараб эмас, ўзи билган ҳикматга биноан, бировга кўп, бировга оз ризқ беришини тушуниб етдилар. Қорунга ҳам молу дунё унинг илми туфайли эмас, Аллоҳнинг хоҳиши ва ҳикмати ила берилганини англадилар. Мол-дунё кишининг фазли, мартабаси бўла олмаслигини билдилар. «Агар Аллоҳ бизга лутф қилмаганида, бизни ҳам ерга юттирар эди». Кечагина молу дунё талабида юришган эди, бугун молу дунёдан маҳрум бўлганларини Аллоҳнинг лутфи деб тушунадиган бўлиб қолдилар. «Воажаб, кофирлар нажот топмайдиганга ўхшайди-ку!» – дейишга ўтдилар». Демак, нажот топмасликнинг асосий сабаби кофирликдир, фақирлик эмас. Шундай қилиб, сиёсий истибдод билан бўлган курашдаги каби, иқтисодий истибдод билан курашда ҳам иймон тарафи ютиб чиқди. Энди қиссага хотима ясалади:
تِلْكَ الدَّارُ الْآخِرَةُ نَجْعَلُهَا لِلَّذِينَ لَا يُرِيدُونَ عُلُوًّا فِي الْأَرْضِ وَلَا فَسَادًا وَالْعَاقِبَةُ لِلْمُتَّقِينَ
83. Биз ўша охират диёрини ер юзида баланд кетиш ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун қилурмиз. Оқибат тақводорларникидир. Ўша, илмлилар айтган охират диёрини ер юзида Қорун каби такаббурлик ва бузғунчилик қилмаганлар, ер юзида уларнинг бўлишини истамайдиганларга берамиз. Ким тақводор бўлса, оқибат яхши бўлади.("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.