Ассалому алайкум! Мeн “ҳадисдан” деган гап ҳақида билмоқчи эдим. Унда айтилишача шайтон дунё яратилганидан бeри уч бора йиғлаган экан. Биринчи марта “алайҳил лаъна” номини олганда, иккинчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганларида ва учинчи марта “Фотиҳа” сураси туширилганда йиғлаган экан. Агар кимки бамдод намозидан олдин ихлос билан “Фотиҳа” сурасини ўқиса, ўша инсонни гуноҳлари мағфират қилиниб, худди янги чақалоқдeк бўлиб қолар экан. Бу гап ҳақиқатми?
Ва алайкум ассалом! عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم قَالَ: إِذَا قَرَأَ ابْنُ آدَمَ السَّجْدَةَ فَسَجَدَ اعْتَزَلَ الشَّيْطَانُ يَبْكِي يَقُولُ يَا وَيْلَهُ. وَفِي رِوَايَةِ: يَا وَيْلِي! أُمِرَ ابْنُ آدَمَ بِالسُّجُودِ فَسَجَدَ فَلَهُ الْجَنَّةُ، وَأُمِرْتُ بِالسُّجُودِ فَأَبَيْتُ فَلِيَ النَّارُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласи сажда оятини қироат қилиб, сажда қилса, шайтон четга чиқиб, йиғлайди: «Вой, шўрим қурсин», дейди» дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Вой, шўрим! Одам боласи саждага амр қилинди ва сажда қилди. Энди унга жаннат берилур. Мен саждага амр қилиндим ва бош тортдим. Менга дўзах берилур», дейди», дейилган. Муслим ривоят қилган. Шарҳ: Шайтоннинг бадбахт бўлиб, Аллоҳ таолонинг лаънатига учрашининг асосий сабаби – Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, сажда қилмаганлигидир. Одам боласининг бахт-саодати эса Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, сажда қилишидадир. Ана шу саждалар ичида тиловат саждаси ҳам бор. Чунки ҳар бир тиловат саждасида Аллоҳ таолога сажда қилиш ҳақидаги амрга бўйсуниш бор. Ушбу ҳадиси шарифда баён қилинишича, мусулмон инсон қачон тиловат саждасини қилса, Шайтони лаъиннинг дарди янгиланиб, ҳасади қўзиб, четга чиқиб йиғлар экан. У одам боласининг Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, сажда қилиб, жаннатга ноил бўлишидан афсус қилиб, ҳасаддан куйиб, ёнар, ўзининг саждага бормаганлиги учун дўзахга тушишига афсус-надомат чекар экан. Демак, инсон боласи бахт-саодатининг асосий манбаи – унинг ўз Роббига қилган саждаси экан. Шайтон Аллоҳнинг борлигини инкор қилмайди, аммо Аллоҳнинг сажда қилиш ҳақидаги амрини қилмаганлиги учун лаънатга учраган, дўзахи бўлган. Энди «Мен ҳам Аллоҳга ишонаман», деб, унга сажда қилмай юрган одам болаларининг шайтондан нима фарқи борлигини ўйлаб кўрайлик. Эҳтимол, улар шайтондан ҳам баттардирлар? Чунки Аллоҳ шайтонни саждадан бош тортиши билан дарҳол лаънатлаб, даргоҳидан қувган. Одам боласидан бўлган шайтонлар эса ўзлари учун берилган фурсатдан ҳам фойдаланмай юраверадилар. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Сажда оятини тиловат қилганда сажда қилиш кераклиги. 2. Одам боласи тиловат саждасини қилганда шайтон четга чиқиб, надомат чекиши. 3. Тиловат саждасининг фазли. 4. Сажда жаннатга киришнинг омили эканлиги. 5. Саждадан бош тортиш дўзахга киришнинг омили эканлиги.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!