Ассалому алайкум! Дуо мустажоб бўлиши учун нима қилиш кeрак? Балким eтарлича амал қилмаётгандурмиз?
Ва алайкум ассалом!
ДУО
Аллоҳ таоло бандаларининг қилган дуолари яхши амалдир. Дунёда қайта-қайта бир шахсдан кичик-кичик нарсалар сўралаверса, у қанча саховатли бўлмасин охир бориб, норози бўлади. Лекин Аллоҳ таолодан банда қанча кўп сўраса, У шунча ун(банда)дан хурсанд бўлади.
عَن أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ لَمْ يَسْأَلْ اللَّهَ يَغْضَبْ عَلَيْهِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Аллоҳ таолодан сўрамаса, У Зот унга ғазаб қилади”, дедилар”.
Дуо мақсадни ҳосил қилиш воситасигина эмас, балки у бир мустақил ибодатдир. Бу хоҳ ўзи учун бўлсин, хоҳ дунёвий мақсад учун бўлсин у ҳам ибодат ҳисобланади ва унга савоб етади. Қанча кўп дуо қилса, шунча Аллоҳ таоло билан алоқаси зиёда бўлиб боради. Фақат машаққат ёки қийинчилик вақтда дуо қилиш зарур эмас. Балки, хурсанд ва мамнун вақтларда ҳам дуо қилиш лозимдир.
عن أبي هريرة رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قال : قال رسولُ اللّه صلى اللّه عليه وسلم : " مَنْ سَرَّهُ أنْ يَسْتَجِيبَ اللَّهُ تَعالى لَهُ عنْدَ الشَّدَائِدِ وَالكُرَبِ فَلْيُكْثِرِ الدُّعاءَ في الرَّخاءِ"
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимни қийинчилик ва ғам-ғуссалар пайтида Аллоҳ уни ижобат қилиши масрур қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин”, дедилар”.
عَنْ النعمان بن بشير رضي الله عنهما أن رسولَ الله صلى الله عليه وسلم قال: «الدعاء هو العبادة» ثم قرأ {وقال ربُّكمُ ادْعُونِي أسْتَجِبْ لَكُمْ ، إنَّ الّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عن عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ} [غافر:الآية 60] أخرجه الترمذي
Нуъмон ибн Башийр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳим васаллам:
“Дуо ибодатдир”, дедилар ва “Роббингиз: “Менга дуо қилинг сизни ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимда кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар”ни қироат қилдилар” (Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ваъда қилади: “Менга дуо қилинг сизга ижобат қилурман” (Ғофир 60 оят). Аллоҳ таолонинг бу ваъдасида хато бўлиши мумкин эмас. Шу боис чин дилдан дуо қилиш лозим ва у албатта мақбул бўлади. Дуоларнинг қабул бўлиш сурати турли хилдир. Баъзи вақтларда ўша сўраган нарсаси берилади. Ва баъзи вақтларда у нарса Аллоҳ таолонинг илмида банда учун муносиб ёки фойда берувчи бўлмайди. Бас, Аллоҳ таоло ундан яхши ва фойдали нарсани дунё ёки охиратда ато қилади. Шу тарзда ҳар дуонинг уч фойдаси бор:
1. Дуо қабул бўлиши билан мурод ҳосил бўлади;
2. Ҳар дуога савоб етади;
3. Дуо қанча кўп қилинса, шунча Аллоҳ таоло билан алоқа ортиб боради.
Дуо қилувчининг одобига қиблага юзланиш, қўлни кўтариш, тил билан қилиш ва энг биринчи ҳамду сано ва дуруду шариф ўқиш кирсада, агар уни ўрни бўлмаса, бас усиз ҳам дуо қилиш жоиздир. Шунинг учун Аллоҳ таоло дуони шундай осон қилдики, тақрибан ҳар вақт ва ҳар жойда юриб, айланиб ва ишлаб туриб ҳам сўраш мумкин бўлади. Агар тил билан сўраш ўрни бўлмаса (масалан, ҳожатхонада ёки бошқа жойда), бас қалбдан сўраш ҳам мумкин бўлади.
Дуода катта-катта нарсаларни сўраш зарур эмас, балки ўзининг катта, кичик ҳожатларини Аллоҳ таолодан сўраши лозим. Бу шу даражадаки, ҳадисларда келишича, оёқ кийимнинг тасмаси узилса ҳам, бас Аллоҳ таолодан сўранглар (Термизий).
Шу боис бу гапни одатга айлантириш лозимки, қачон жуда кичик ҳожатга рўбарў келса, уни Аллоҳ таолодан сўрасин. Арзимаган бирор машаққат бўлса, уни кетказишни ҳам Аллоҳ таолодан сўралади. Шу тарздаки, болага қачон бир муаммо рўбарў келса ёки бирор кичик машаққат етса, у ўз онасини чақиргани каби инсонга ҳам бирор ташвиш келса, Аллоҳ таолони чақириши лозим бўлади. Айланиб, юриб, туриб, ўтириб ва иш қилиб ва ҳар вақт кичикдан кичик нарсаларни Аллоҳ таолодан сўрашни одатга айлантирса, Аллоҳ хоҳласа жуда тез тараққий топади.
СУННАТ ҚИЛИНГАН ДУОЛАР
Билингки, ҳар бир ҳожат Аллоҳ таолодан сўралиши лозим. Лекин икки олам сарвари Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам эртаю кеч турли вақт ва ўринларда (ўқиладиган) мхсус дуоларни ўргатганлар. Масалан, уйқусизлик ватда нима дуо қилинади? Ҳожатхонага киришда нима айтилади? У ердан чиқишда нима ўқилади? Таҳорат вақтида, масжидга киришда, масжиддан чиқишда, уйга киришда, овқатланишдан олдин, овқатланишдан кейин, азонни эшитгандан сўнг, кийим кияётиб, ойнага қарашда ва тўшакка ётишда уйқудан олдин, мақсад турли ўринда турли дуоларни (қилишни) ўргатишдир. Ушбу дуолар бизнинг дин ва дунёйимизнинг барча заруратлари учун ниҳоятда фойдали дуолардир.
Биз умр бўйи фикр қилсак, шунда ҳам икки олам сарвари Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўргатган ўша дуоларнинг айни ўзидек, Аллоҳ таолодан сўрай олмаймиз.
Бу дуоларни ўқишда на бирор вақт, на меҳнат, на таҳоарт ва на қўлни кўтариш шарт бўлади. Бу дуоларни ёдлаш бир оз эътиборли гапдир. Арзимаган таважжуҳ натижасида дунё ва охиратнинг улуғ мақсад ва фойдалари ҳосил бўлиш билан бир қаторда меҳнатсиз номаи аъмолда яхшилик захираси тўпланиб боради.
Шу боис ҳар бир мусулмонга бу дуоларни ёдлаш албатта лозимдир. Кўплаб китобларда бу дуолар ёзилган. Ота –оналар уларга қараб бу дуоларни ёдлаш мумкин ва болаларга ҳам ёдлатади. Ёшлигидан буни одатга айлантирса, Худо хоҳласа уларнинг қилган дуоларининг савоблари ота-оналарига ҳам етиб боради.
БОШҚАЛАР ҲАҚҚИГА ДУО
Ўз эҳтиёжлари учун дуо қилиш билан бир қаторда бошқа азиз ва яқин дўст ва суюклилари ҳамда барча мусулмонлар ҳаққига қилган дуолари жуда фазилатлидир.
عن أُمِّ الدَّرْدَاءِ رضي الله عنها قَالَتْ : حَدَّثَنِى سَيِّدِى أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ : مَنْ دَعَا لأَخِيهِ بِظَهْرِ الْغَيْبِ قَالَ الْمَلَكُ الْمُوَكَّلُ بِهِ آمِينَ وَلَكَ بِمِثْلٍ
Умму Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қайси мусулмон банда ўзининг бирор иниси учун йўқлигида дуо қилса, унга муаккал қилинган фаришталар: “Омийн, сенга ҳам (ўшанинг) ўхшаши” дейдилар” дедилар” (Муслим ривояти).
Шу боис қайси бир мусулмонга бирор муаммо ёки ҳаёли паришонлик ёки бирор зарурат рўбарў келганлиги маълум бўлса, уни ҳаққига дуо қилиш лозимдир.Кофирлар ҳаққида ҳам Аллоҳ таоло уни исломга ҳидоят қилиши сўраб дуо қилиш лозимдир. Шунда унга дуони савоби етади ҳамда бошқаларга яхшиликни раво кўрганини фазилати ҳосил бўлади. Валлоҳу аълам!