Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Дастурхон эгалари

07:53 / 26.05.2016 | Bobur | 6649

Ассалому алайкум! Дўзахнинг тубида Фиръавн, мунофиқлар ва дастурхон эгалари азобланади дейишади. Шу дастурхон эгалари ҳақида  маълумот берсангизлар.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Моида” сурасида марҳамат қилади: 

قَالُواْ نُرِيدُ أَن نَّأْكُلَ مِنْهَا وَتَطْمَئِنَّ قُلُوبُنَا وَنَعْلَمَ أَن قَدْ صَدَقْتَنَا وَنَكُونَ عَلَيْهَا مِنَ الشَّاهِدِينَ 113. 

Улар: «Ундан ейишни, қалбларимиз хотиржам бўлишини, бизга рост гапирганингни билишни ва унга гувоҳлик берувчилардан бўлишни истармиз», – дедилар. Ҳаворийларнинг «Аллоҳ осмондан бизга ясатилган дастурхон тушириб берсин», деб қилаётган талабларининг бир неча сабаблари бор экан. Биринчиси – ундан еб кўрмоқчилар. Эҳтимол, таомга ҳожатлари бор. Эҳтимол, пайғамбарга яқин кишилар сифатида алоҳида ҳурматга сазовор бўлмоқчилар. Эҳтимол, табаррук учун қилмоқчилар. Иккинчидан, қалбларини таскин топтирмоқчилар. Иймонга келганлар-у, аммо қалблари яна ҳам таскин топишини истайдилар. Бунинг учун ўзлари эргашган пайғамбарнинг сўровига биноан, ўзлари иймон келтирган Аллоҳ томонидан бир мўъжизанинг бўлишини хоҳлайдилар. Учинчидан, пайғамбар уларга рост гапирганини билишни истайдилар. Ийсо «Аллоҳнинг пайғамбариман», демоқда, агар гапи рост бўлса, у ўзига хос услуб билан бу даъвони исбот қилиши керак бўлади. Энг яхши исбот – мўъжиза кўрсатишдир. Ўша мўъжизани кўрсатса, рост гапирган ҳисобланади. Тўртинчидан, ҳаворийлар ўша мўъжиза содир бўлганига гувоҳ бўлмоқчилар. Улар Ийсо алайҳиссаломга яқин кишилар сифатида бошқа кишилар томонидан турли саволларга тутилишлари турган гап. Энг кўп бўладиган савол, албатта, «У зотнинг пайғамбарлигини қандай исботлайсиз?» қабилида бўлади. Ана ўшанда кўрсатилган мўъжизанинг гувоҳи бўлганликларини айтмоқчилар. Ёки бевосита саволсиз ҳам даъват чоғида, шубҳачиларнинг шубҳасини қайтариш пайтида бу гувоҳликларини айтишлари мумкин. Ҳаворийлар мана шу эътиборлар ила осмондан ясатилган дастурхон туширилишини сўрадилар. Шунда Ийсо алайҳиссалом Парвардигори Оламга мурожаат этиб, дуо қилдилар: 

قَالَ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ اللَّهُمَّ رَبَّنَا أَنزِلْ عَلَيْنَا مَآئِدَةً مِّنَ السَّمَاء تَكُونُ لَنَا عِيداً لِّأَوَّلِنَا وَآخِرِنَا وَآيَةً مِّنكَ وَارْزُقْنَا وَأَنتَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ 114. 

Ийсо ибн Марям: «Аллоҳим! Роббимиз! Бизга осмондан ясатилган дастурхон туширгинки, аввалимизгаю охиримизга байрам ва Сендан мўъжиза бўлиб қолсин. Ва бизни ризқлантиргин, зотан, Ўзинг энг яхши ризқлантирувчисан», – деди. Ушбу дуода Ийсо алайҳиссалом пайғамбарлик одоби ила ўз Илоҳи ва Робби – Аллоҳ таолога ўзларининг бандаликларини, Унга ҳожатманд эканликларини билдириб, хокисорлик ила нидо қилмоқдалар. У киши Аллоҳ таолодан осмондан дастурхон туширишни, туширганда ҳам, уни хайр-барака ва хурсандчилик боиси – байрамга сабаб бўладиган қилиб туширишини сўраб, дуо қилмоқдалар. Шу билан бирга, бу дастурхон Аллоҳ томонидан мўъжиза бўлиб қолишини ҳам сўрамоқдалар. Мўъжиза сифатида туширилган дастурхон ризқ бўлиб қолишини ҳам истамоқдалар. Аллоҳ таоло пайғамбари Ийсо алайҳиссаломнинг бу дуоларини ижобатга олди ва қуйидаги жавобни қилди: 

قَالَ اللّهُ إِنِّي مُنَزِّلُهَا عَلَيْكُمْ فَمَن يَكْفُرْ بَعْدُ مِنكُمْ فَإِنِّي أُعَذِّبُهُ عَذَابًا لاَّ أُعَذِّبُهُ أَحَدًا مِّنَ الْعَالَمِينَ 115. 

Аллоҳ: «Албатта, Мен уни сизларга туширувчиман. Бас, кейин сизлардан ким куфр келтирса, албатта, Мен уни шундай азоблайманки, оламларда ҳеч кимни ундай азобламагайман», – деди. Ҳақ таоло Ўзининг жалолига – улуғворлигига яраша жавоб бериб: «Албатта, мен уни сизларга туширувчиман», – деди. Уламоларимиз моида – дастурхон ҳақида Қуръони Каримда бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ бўлишига қарамай, худди шу жумланинг ўзига таяниб: «Дастурхон тушган, чунки Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир», – дейдилар. Аллоҳ таоло дастурхон тушириш ҳақидаги сўровни ижобат қилиш билан бирга, Ўзининг доимий одатини ҳам эсга солмоқда. У одат мўъжиза талаб қилган қавм мўъжиза келганидан кейин ҳам куфр келтирса, уни қаттиқ азобга дучор қилишдир. Бу азоб ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда бўлади: «Бас, кейин сизлардан ким куфр келтирса, албатта, Мен уни шундай азоблайманки, оламларда ҳеч кимни ундай азобламагайман», – деди».(“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat