Ассалому алайкум! Танишим бир ҳадис айтиб берди. Унга кўра, Оиша онамиз бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан хафалашиб қолиб, жаҳл устида овқат тўла қозонни улоқтириб юборган эмишлар. Шунда Росулуллоҳ индамай ерга тўкилган овқатни тозалаб еган эмишлар. Ва: "аёлларнинг қайсарликларига сабр қилишимиз керак" деган гапни айтган эканлар. Бу саҳиҳ ҳадисми? Шу воқеа ҳақиқатдан ҳам рўй берганми? Ишониб қўйсам Оиша онамизга туҳмат қилган бўлиб қолмайманми? (Астағфируллоҳ).
– Ва алайкум ассалом! Воқеъ у ташингиз айтганиндек бўлмаган. Воқеъани аслини “Бахтиёр оила” китобидан иқтибос қиламиз:
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ عِنْدَ بَعْضِ نِسَائِهِ، فَأَرْسَلَتْ إِحْدَى أُمَّهَاتِ الْمُؤْمِنِينَ مَعَ خَادِمِهَا قَصْعَةً فِيهَا طَعَامٌ، فَضَرَبَتْ بِيَدِهَا فَكَسَرَتِ الْقَصْعَةَ، فَضَمَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِحْدَى الْكَسْرَتَيْنِ إِلَى الْأُخْرَى وَجَعَلَ يَجْمَعُ فِيهَا الطَّعَامَ وَيَقُولُ: غَارَتْ أُمُّكُمْ كُلُوا، فَأَكَلُوا حَتَّى جَاءَتْ قَصْعَتُهَا، قَالَ: كُلُوا، وَحَبَسَ الرَّسُولَ وَالْقَصْعَةَ الْمَكْسُورَةَ حَتَّى فَرَغُوا فَدَفَعَ الْقَصْعَةَ الصَّحِيحَةَ إِلَى الرَّسُولِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا وَلَفْظُهُ لِأَبِي دَاوُدَ
Абу Довуд ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирининг ҳузурида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бирлари бир идишга таом солиб, ўз ходимларидан юбордилар. Бас, у (аёл) идишни қўли билан уриб, синдирди.
Набий алайҳиссалом идишнинг икки бўлагини бир-бирига қўшиб жамлаб, унга таомни йиға бошладилар ва: «Онангиз рашк қилди, енглар», – дедилар.
Улар то у (аёл)нинг идиши келгунча едилар. У зот: «Енглар», деб, хизматчини ҳам, идишни ҳам тутиб турдилар. Токи улар (таом емоқдан) фориғ бўлганларида бутун идишни хизматчига бердилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. Ушбу лафз Абу Довудники.
Ушбу ривоятда исмлари айтилмаётган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида бўлган завжаи мутоҳҳаралари Оиша онамиздир. Бўлиб ўтган ҳодисани ровийлар мақтовга сазовор эмас, деб тушуниб, у кишининг исмларини очиқ айтмай, учинчи шахс сийғасида, у аёл, деб гап юритишган.
Бошқа бир ривоятда эса, бу ҳодисани Оиша онамизнинг ўзлари айтиб берганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг уйларида бир тўп кишилар билан ўтирганларида София онамиз таом пишириб, ходимлари орқали юборадилар. Идиш ҳам, таом ҳам Оиша онамизникидан яхши бўлади.
Шунда Оиша онамизни титроқ босиб, София онамизнинг идишларини уриб, синдирадилар. Идиш иккига бўлиниб, таом тўкилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам идишнинг бўлакларини йиғиштириб, ушлаб туриб, таомни унга тўплайдилар ва ўтирган кишиларга: «Онангизнинг рашки келди, сизлар (ҳеч хижолат бўлмай) таомни енглар», – дейдилар.
Бошқа ривоятда айтилишича, Оиша онамиз:
«Ё Аллоҳнинг Расули, қилган ишимнинг каффороти нима?» – дейдилар. У зот:
«Идишга ўхшаш идиш, таомга ўхшаш таом», – дейдилар.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо София онамизнинг синган идишларига ўхшаш идиш олиб келишга кетадилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса одамларга таомни едириб, таом олиб келган хизматчини кетказмай турадилар. Таом еб бўлинганидан кейин бутун идишни хизматчига берадилар. Валлоҳу аълам!