Ассалому алайкум! Мeн қиёмат ҳақида жуда кўп ўйлайман. Шу ҳақида савол бор эди. Бир дўстим айтдики қиёмат кунида ота ўз ўғлидан ўзи учун савоб сўраркан. Ўғил эса савоб ўзимга ҳам кeрак дeб отасига савобидан улашмас экан. Охират шундай кун эканки энг яқин қариндошлар ҳам бир бирини танимас экан. Лeкин чин дўстлар охират кунида бир бирига савоб улашувчи ягона одамлар ҳисобланишар экан. Шу ростми?
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Зухруф” сурасида марҳамат қилади: الْأَخِلَّاء يَوْمَئِذٍ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ عَدُوٌّ إِلَّا الْمُتَّقِينَ 67. Ўша Кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир. Қиёмат куни ҳамма ўз оқибатини билгач, гарчи бу дунёда ўзаро яқин дўст бўлса ҳам, бир-бирига душманга айланади. Чунки у дунёда бир-бирларини турли амалларга ундаган дўстларнинг дўзахга тушиб, жазо тортишлари аниқ маълум бўлиб қолади. Ана ўшанда ёмон билан дўст бўлганига афсусланиб, дўстлар дўстини ёқтирмай қўяди. Дўстлар душманга айланади. Бир-бирига маломат қилиб, «Сени деб шундай бўлди», дейишга ўтади. Фақат тақводор дўстларнинг оқибати хайрлидир. Чунки уларнинг дўстлиги Аллоҳ учун, тақво асосига қурилган эди. У дўстлар доимо яхши амалларни қилган бўладилар. Шунинг учун қиёмат куни бирга жаннатга тушадилар ва дўстликлари яна ҳам ортади. Ҳамда уларга қуйидагича нидо қилинади: يَا عِبَادِ لَا خَوْفٌ عَلَيْكُمُ الْيَوْمَ وَلَا أَنتُمْ تَحْزَنُونَ الَّذِينَ آمَنُوا بِآيَاتِنَا وَكَانُوا مُسْلِمِينَ ادْخُلُوا الْجَنَّةَ أَنتُمْ وَأَزْوَاجُكُمْ تُحْبَرُونَ 68. Эй бандаларим! Бугунги Кунда сизга хавф йўқ ва маҳзун ҳам бўлмассиз. 69. Оятларимизга иймон келтирганлар ва мусулмон бўлганлар! 70. Жаннатга киринглар, сизлар ва жуфтларингиз шод бўлурсизлар. Нақадар катта бахт, нақадар улуғ инъом! Бу дунёда дўст бўлиб ўтган кофир, мунофиқ ва осийлар бир-бирига душманга айланиб, хусуматлашиб турган бир пайтда, тақводор мўмин-мусулмонларга Аллоҳ таолонинг Ўзи: «Эй бандаларим!» деб хитоб қилиб турса! Аллоҳ бандам, деган инсондан ҳам бахтли одам борми?! «Бугунги Кунда сизга хавф йўқ...» Бугунги даҳшатли ва ҳаммани хавфу хатарга солган қиёмат кунида сизга ҳеч қандай хавф йўқ. Сиз омондасиз. Келажагингиз бахт-саодатга тўла. «...ва маҳзун ҳам бўлмассиз». Ўтган ишларни ўйлаб, кўнглингиз хира ҳам бўлмасин. Зеро, у дунёда тақво билан ўтгансиз. Эй бандаларим! «Оятларимизга иймон келтирганлар ва мусулмон бўлганлар! Жаннатга киринглар...» У дунёдаги иймонингиз ва ибодатингиз мукофотига сизга жаннат тайёрлаб қўйилган. У жаннатда «...сизлар ва жуфтларингиз шод бўлурсизлар». Чунки жаннатда фақат шодлик келтирувчи неъматлар бор. يُطَافُ عَلَيْهِم بِصِحَافٍ مِّن ذَهَبٍ وَأَكْوَابٍ وَفِيهَا مَا تَشْتَهِيهِ الْأَنفُسُ وَتَلَذُّ الْأَعْيُنُ وَأَنتُمْ فِيهَا خَالِدُونَ 71. Уларга тилладан бўлган товоқлар ва қадаҳлар айлантирилур. У ерда нафслар иштаҳа қиладиган ва кўзлар лаззатланадиган нарсалар бордир. Сизлар у ерда мангу қолувчисиз. Жаннат аҳлларига тилла товоқларда таомлар, мевалар ва тилла қадаҳларда шароблар айлантириб турилади. Жаннатда фақат кўнгил тусайдиган, кўзлар кўриб, лаззатланадиган яхши ва чиройли нарсалар бор. «Сизлар у ерда мангу қолувчисиз».(“Тафсири Ҳилол” китобидан). أن عليا رضي الله عنه قال : خليلان مؤمنان ، وخليلان كافران ، فمات أحد المؤمنين فقال : يا رب إن فلانا كان يأمرني بطاعتك وطاعة رسولك ، ويأمرني بالخير ، وينهاني عن الشر ويخبرني أني ملاقيك يارب فلا تضله بعدي واهده كما هديتني وأكرمه كما أكرمتني ، فإذا مات خليله المؤمن جمع بينهما فيقول : ليثن أحدكما على صاحبه فيقول : يا رب إنه كان يأمرني بطاعتك وطاعة رسولك ، ويأمرني بالخير ، وينهاني عن الشر ، ويخبرني أني ملاقيك ، فيقول : نعم الخليل ، ونعم الأخ ، ونعم الصاحب؛ قال : ويموت أحد الكافرين فيقول : يا رب إن فلانا كان ينهاني عن طاعتك وطاعة رسولك ، ويأمرني بالشر ، وينهاني عن الخير ، ويخبرني أني غير ملاقيك ، فيقول : بئس الأخ ، وبئس الخليل ، وبئس الصاحب Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Икки мўмин биродар ва икки кофир биродар. Мўминлардан бири вафот топса: “Эй Роббим фалончи(мўмин биродарим) мени Сенинг тоатинг ва расулингнинг тоатига буюрар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар ва Сенга йўлиқишимни хабарини берар эди. Эй Роббим мендан кейин уни адаштирмагин, мен ҳидоят қилганингдек уни ҳам ҳидоят қилгин, мени икром қилганингдек уни ҳам мукаррам қилгин” дейди. Унинг мўмин биродари вафот топгач, Аллоҳ таоло иккисининг ўртасини жамлаб, “иккингиз ўз соҳиби ҳақида мақтов сўларни айтинг” дейди. Шунда бири “Эй Роббим фалончи(мўмин биродарим) мени Сенинг тоатинг ва расулингнинг тоатига буюрар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар ва Сенга йўлиқишимни хабарини берар эди” дейди. Аллоҳ таоло “Қандай ҳам яхши дўст, қандай ҳам яхши биродар ва қандай ҳам яхши ҳароҳ” дейди. Икки кофирнинг бири вафот топса : “Эй Роббим фалончи(кофир дўстим) мен Сенинг тоатинг ва расулингни тоатидан қайтарар, мени ёмонликка буюриб, яхшиликдан қайтарар ва Сенга йўлиқишлик йўқ деб айтар эди” дейди. Аллоҳ таоло “Қандай ҳам ёмон дўст, қандай ҳам ёмон биродар ва қандай ҳам ёмон ҳамроҳ” дейди". (Тафсири Тобарий). Валлоҳу аълам!