Рамазондан олдинги Шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни мусулмонлар янги ойни кўришга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун ўша куни қуёш ботиши пайтида унга қараб турилади. Агар ой янгирган бўлса, бир кўриниб ўтади ва эртасига биринчи Рамазон бўлади. Агар янги ой кўринмаса, Шаъбонни ўттиз кунлик қилиб индинига рўза тутиш бошланади. Аммо ойни кўришга боғлиқ бир қанча ҳолатлар бор. Ўшаларнинг баъзилари ҳақида «Мухтасари Виқоя»да келган матнларни ўрганамиз.Ким рўза тутиш ёки очиш ҳилолини ёлғиз ўзи кўрса ва унинг гапи рад қилинса ҳам рўза тутади.Бир юртда фақат биргина киши Рамазон киргани ёки чиққанининг аломати бўлган ҳилолни кўрди. Келиб қози ҳузурида гувоҳлик берганда қози гувоҳлигини қабул қилмаса икки ҳолатда ҳам рўза тутади.Агар тутмаса, қазосини тутади. Унга каффорот вожиб бўлмайди.Чунки каффорот шубҳа ила собит бўлмайди.Булутли кунда адолатли бир кишининг агар у қул ёки аёл бўлса ҳам рўзани бошлаш ҳақидаги гувоҳлиги қабул қилинади.Чунки бу диний хабар бўлиб унинг қабул бўлиши учун фақат адолат шарт бўлади.Рўзадан чиқиш ҳақидаги гувоҳликка агар кун булутли бўлса, гувоҳликнинг нисоби, лафзи ва адолат шарт бўлади. Даъвода шарт бўлмайди.Рамазоннинг йигирма тўққизинчи куни рўза тугаганини билиш учун ой кўрилганда кун булутли бўлиб турса гувоҳларнинг сони камида шариатда талаб қилинган икки эр киши ёки бир эр, икки хотин киши бўлиши шарт. Шунингдек, гувоҳлик берувчи киши шаҳодат лафзини ҳам айтмоғи шарт. Бунинг устига гувоҳлик берувчилар адолатли бўлишлари, ҳур, тўҳматчилиги учун дарра урилмаган шахслар бўлиши шарт. Рўзани очиш ҳақидаги гувоҳликка шартларнинг оғир қўйилишининг сабаби бу иш бандаларга манфаат берувчи, оғизларини очишга омил бўлувчи бўлганлигидандир.Биров ёки бир неча киши ойни кўрмай туриб бугун Рамазон кирган ёки чиққан бўлса керак деган даъвони қилсалар мазкур даъво ўтмайди.Кун булутсиз бўлса, икки ҳолатда ҳам кўп кишиларнинг гувоҳлиги шартдир.Яъни, рўзани бошлаш ёки тугатиш ҳақидаги ҳилол кўришда кун булутсиз, очиқ бўлса, кўп сонли кишиларнинг гувоҳлик беришлар шарт. Кўпнинг миқдори қанча деганда баъзилар, бир маҳалла одамлари деса, Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи эллик киши деганлар. Умуман раҳбар одам тўлиқ ишонч ҳосил қиладиган даражада кўп одам бўлиши лозим.Ўттиз кун рўза тутилгандан кейин икки одил кишининг ойни кўрганлик ҳақидаги гувоҳлиги билан оғизни очиш ҳалол бўлади. Бир одил кишининг гувоҳлиги билан эмас.Бир қавм ҳаво булутли бўлиб тургандан икки адолатли кишининг гувоҳлиги асосида Рамазон рўзасини тутишни бошладилар. Аммо ўттиз кун рўза тутсалар ҳам Шавволнинг ҳилоли кўринмади. Шунда бир адолатли киши мен Шавволнинг ҳилолини кўрдим деб гувоҳлик берса, етмайди. Икки одил киши гувоҳлик берсагина рўзани тугатиб ҳайит қилинади.Бу маънодаги масалаларда мусулмон оламининг бир тарафида ҳилолнинг кўриш шаръий асосда собит бўлса, бошқа ўлкаларнинг одамлари ҳам унга амал қилишлари лозимлигини жумҳури уламолар таъкидлаганлар.Қурбон ҳайитини белгилаш ҳам рўзаникига ўхшаш бўлади.Яъни, қурбон ҳайити ҳилолининг собит бўлиши ҳақидаги ҳукм ҳам худди рўза ҳайит ҳилолининг собит бўлиши кабидир.