Ассалому алайкум! Дуода икки дунё саодатини сўраш афзаллиги маълум. Шунинг билан баъзилар доим фақат шу дунё яхшиликларини сўраб бўлмайди дейишмоқда. Қандай ҳолларда фақат шу дунё яхшиликларини сўраб дуо қилиш мумкин эмас?
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:
فَإِذَا قَضَيْتُم مَّنَاسِكَكُمْ فَاذْكُرُواْ اللّهَ كَذِكْرِكُمْ آبَاءكُمْ أَوْ أَشَدَّ ذِكْرًا فَمِنَ النَّاسِ مَن يَقُولُ رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا وَمَا لَهُ فِي الآخِرَةِ مِنْ خَلاَقٍ
200. Ибодатларингизни тугатганингизда Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ зикр қилинг. Одамлардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда бергин», – дейдир ва охиратда унга насиба йўқдир. Ота-боболарининг қилган ишлари билан фахрланиш, мақтаниш бекорчи, қўлидан бир иш келмайдиганларнинг ишидир. Ислом дини эса мусулмонлар елкасига бутун дунё бахти учун курашиш масъулиятини юклаган. Шунинг учун ҳам, ҳаж ибодатларини адо этиб бўлгандан сўнг ота-боболарни эмас, уларга бундай улкан масъулиятни юклаган Аллоҳ таолони эслаш ва Ундан ёрдам, яхшиликларни сўрашга амр бўлмоқда: «Ибодатларингизни тугатганингизда Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ зикр қилинг». Аллоҳни эслаган одам албатта Ундан бирор нарса сўрайди. Лекин сўраш ҳар хил бўлади: «Одамлардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда бергин», – дейдир». Яъни фақат бу дунёнинг нарсаларини сўрайди. Жумладан, ҳажга келган қавмлардан баъзилари: «Аллоҳим, бу йилни ёмғирли қилгин, яхши болалар туғиладиган йил қилгин», – деб дуо қилар эканлар. Аллоҳ таоло ундай кишиларнинг ишлари нотўғри эканини баён қилиб: «...ва охиратда унга насиба йўқдир», – дейди. Кейинги оятда эса ҳажда Аллоҳни зикр этгандан кейин қилинадиган дуони ўргатади:
وِمِنْهُم مَّن يَقُولُ رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الآخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ
201. Ва улардан баъзилари: «Роббимиз, бизга дунёда ҳам яхшилик, охиратда ҳам яхшилик бергин ва бизни олов азобидан сақлагин», – дейдир. Бу дуо мусулмонларнинг дуосидир. Улар Аллоҳ таолодан икки дунёнинг яхшилигини сўрайдилар. Чунки Ислом дини икки дунёнинг ободлигига чақиради. Динсизу худосизларга ўхшаб, фақат бу дунёнинг ҳой-ҳавасини сўрамайдилар. Ёки баъзи тоифаларга ўхшаб, фақат охиратни ўйлаб, бу дунёни эсдан чиқармайдилар. Бу дуода юксак одоб ҳам ёрқин кўриниб турибди. Сўраладиган нарсани тайин қилиб, номини айтмасдан, умумий қилиб «яхшилик» деб айтилмоқда. «Яхшилик»нинг нималигини Аллоҳ таолонинг Ўзи яхши билади. Имом ибн Касир: «Ушбу дуо дунёдаги барча яхшиликларни ўзида жамлаб, ёмонликларни четлатган», – деганлар. Ибн Мурдавайҳ Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Байтуллоҳнинг бурчагидан ҳар ўтганимда, «Омин» деб турган фариштани кўрдим. Унинг ёнидан ўтсангиз, «Роббана атина фиддуня ҳасанатан ва фил охироти ҳасанатан ва қийна азабаннаар»ни ўқинглар», – деганлар. Бу дуо Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату вассаломнинг кўп қиладиган дуолари эди. Ибн Аби Ҳотим Абу Толутдан қилган ривоятда айтилади: «Анас ибн Молик ҳузурида эдик. Собит у кишига: – Биродарларингиз дуо қилишингизни сўрашяпти, – деди. Анас ибн Молик «Роббана атина...»ни ўқидилар. Бир муддат гаплашиб ўтирдилар. Турмоқчи бўлишганда: – Эй Абу Ҳамза, биродарларингиз туришмоқчи, уларни бир дуо қилсангиз, – деди. Шунда Анас ибн Молик: – Сизларга ишларни майдалаб беришимни хоҳлайсизми?! Агар Аллоҳ сизга бу дунё ва охиратнинг яхшилигини бериб, дўзахнинг азобидан сақласа, яхшиликнинг ҳаммасини берган бўлади-ку, – деди».
أُولَئِكَ لَهُمْ نَصِيبٌ مِّمَّا كَسَبُواْ وَاللّهُ سَرِيعُ الْحِسَابِ
202. Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир.(“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!