Ассалому алайкум! Ёшим 24 да ўзимиздан катта кишилар, отахонлар, кўчада ва жамоат жойларида нотўғри иш қилса, нотўғри гапирса, биз ёшлар қандай йўл тутишимиз кeрак? Нотўғри ишдан, гапдан, кимлардур зарар кўришлари мумкинку? Ахир биздан кичиклар улардан ўрнак олишлари мумкинку.
Ва алайкум ассалом! Бир ёши кекса киши чала таҳорат қилди. Уни кўрган ака-ука унга таҳоратни тўлиқ тарзда таълим беришни ирода қилишди ва кекса кишининг ёнига бориб, ака-ука иккиси тўлиқ суннатга мувофиқ таҳорат қилишлари ҳақида баҳслашиб қолганликлари ва ўша кексани ўртада ҳакам бўлиб беришини сўрашди. Бирин кетин иккиси ҳам фарз, суннат ва мустаҳабларини ўз ўрнига қўйиб таҳорат олишди ва иккисидан қайси бири тўғри таҳорат олганини сўрашди. Шунда кекса киши, иккиси ҳам таҳоратни тўғри қилиб, аксинча ўзи хатога йўл қўйганини айтди. Қиссачилар ўша икки йигитдан бирлари имом Ҳасан, иккинчиси имом Ҳусайнлар бўлганларини айтишади. Санад уламоларидан бу ривоятни тўқима деганлари ҳам бор. Мақсадимиз бу ривоятни далил қилиш эмас. Шундай йўл тутишни мисол келтириш холос. Ким шундай йўл тута олса, тутсин. Валлоҳу аълам!