Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Бир оят тафсири

10:21 / 04.09.2016 | Salohiddin | 2687

Ассалому алайкум! Шууро сураси 37-оятида “Катта гуноҳлар ва фоҳиша ишлардан четда бўладиган ва ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар учундир”. Катта гуноҳларни ва фоҳиша ишларни тарк қилмасдан туриб бу сифат (ғазабланган пайтда кeчириб юбориш)га эришиб бўлмайдими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!  فَمَا أُوتِيتُم مِّن شَيْءٍ فَمَتَاعُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَمَا عِندَ اللَّهِ خَيْرٌ وَأَبْقَى لِلَّذِينَ آمَنُوا وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ۝ 36. Сизга берилган нарсалар дунё ҳаётининг матоҳи, холос. Иймон келтирган ва Роббларига таваккул қилганлар учун Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқ ва боқийроқдир. Бандалар Аллоҳ таолонинг бу дунёда берган неъматларини ҳисоблайман десалар, ҳисобига ета олмайдилар. Лекин ушбу берилган нарсалар – хоҳ мол-дунё бўлсин, хоҳ мулк-давлат бўлсин, хоҳ ноз-неъмат бўлсин, хоҳ обрў-эътибор бўлсин – ҳаммаси бу дунёнинг матоҳи, ўткинчи ҳойи-ҳавас, холос. Ҳақиқий қадр мезонида уларнинг ҳеч бир оғирлиги, қиймати ва боқийлиги йўқ. Ҳақиқий қадр-қийматга, боқийликка эга нарсалар бошқа томонда – охиратда, Аллоҳнинг ҳузуридадир. Аллоҳнинг ҳузуридаги ўша нарсалар эса бу дунё матоҳига ўхшаб, ҳамма учун эмас. «Иймон келтирган ва Роббларига таваккул қилганлар учун Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқ ва боқийроқдир». Аллоҳнинг ҳузуридаги яхши ва боқий, қадр-қийматли нарсаларга эришиш учун қуйидаги сифатларни ўзида мужассам қилган жамоанинг аъзоси бўлиш керак: Биринчиси: Иймонли бўлиш. Иймон мазкур сифатларнинг асли ва асосидир. Иймон, умуман, дунёдаги барча яхши сифатларнинг асосидир. Агар иймон бўлмаса, инсон инсон эмас. Агар иймон бўлмаса, бошқа ҳамма яхши сифатларнинг заррача ҳам фойдаси бўлмайди. Иймон бўлмаса, дунё ва ундаги нарсалар тўғри тушунилмайди. Иймон бўлмаса, дунё ҳақидаги тасаввур ҳам, ундаги тасарруф ҳам умуман бошқача бўлади. Яъни нотўғри бўлади. Шунинг учун иймонсиз бирор яхши иш қилиб бўлмайди, қилинганда ҳам, асоссиз, қандайдир ғараз билан қилинган бўлгани учун савоб ҳисобига ўтмайди. Инсоннинг дунё ҳақидаги, ҳаёт ҳақидаги тасаввури ва ундаги тасарруфи фақат иймон билан тўғри бўлиши мумкин. Шу сабабдан, ҳамма нарса ҳақиқатда яхши бўлиши учун иймон шартдир. Шу сабабдан ҳам, Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги яхши ва боқий нарсаларга эга бўлишга сазовор жамоанинг энг бош сифати ўлароқ иймон зикр этилмоқда. Иккинчиси: Роббларига таваккул қилган бўлиш. Аллоҳ ҳузуридаги яхши ва боқий нарсаларга эга бўлишга сазовор жамоанинг иймондан кейинги иккинчи сифати Роббларига таваккул қилиш – ҳар бир нарсада фақат Аллоҳ таолога суянишдир. Бу эса ҳақиқий тавҳиддир. Мўмин-мусулмон ўзининг фикрида ҳам, зикрида ҳам, тасаввурида ҳам, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина таваккул қилади – суянади. Унинг Аллоҳдан ўзга ҳеч бир суянчиғи йўқдир. Бирор нарсада Аллоҳдан бошқага суяниш тавҳидга зарар етказади, ширкка олиб келади. Шунинг учун ҳам барча нарсада фақат Аллоҳга таваккул қилиш – суяниш иймондан кейинги энг муҳим сифат ҳисобланади. Аллоҳнинг ҳузуридаги яхши ва боқий нарсалар: وَالَّذِينَ يَجْتَنِبُونَ كَبَائِرَ الْإِثْمِ وَالْفَوَاحِشَ وَإِذَا مَا غَضِبُوا هُمْ يَغْفِرُونَ۝ 37. Катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўладиган ва ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар учундир. Мазкур улуғ мақомга сазовор бўладиган жамоа аъзоларида бўлиши шарт қилинган сифатларнинг учинчиси: «Катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда...» бўлиш. «Катта гуноҳлар» шаръий истилоҳда «гуноҳи кабиралар» деб аталиши, ширк, одам ўлдириш, ота-онага оқ бўлиш, зино, ўғрилик, ароқхўрлик каби бир қанча оғир гуноҳлардан иборат экани олдинги сура ва оятлар тафсирида бир неча бор баён этилди. Ушбу оятда эса охиратда фақат айрим тоифа бандаларга хос қилинган яхши ва боқий нарсаларга эриштирувчи сифатлардан бири – ўша катта гуноҳлардан умуман четда бўлиш, уларга яқинлашмаслик экани айтилмоқда. Айни чоғда, ундай шахс фаҳш ишларга ҳам яқинлашмаган бўлиши керак. Уламоларимиз «фаҳш ишлар» деганда, шаҳватга тааллуқли гуноҳлар кўзда тутилишини айтганлар. Фаҳш ишлар ичида зинокорлик ва баччабозлик каби катта гуноҳлар қаторига кирадиганлари ҳам бор, катта гуноҳлар қаторига кирмайдиганлари ҳам бор. Инсон икки дунёда ҳам олий мақомга эришмоқчи бўлса, катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўлмоғи лозим. Бунга эса фақат иймон билан эришиш мумкин. Фақат қалби соф иймонга тўла кишигина катта гуноҳларни ва фаҳш ишларни қилмайди. Ана шундай соф иймонли мусулмонлар, катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўлган бандаларгина Аллоҳ ҳузуридаги яхши ва боқий нарсаларга соҳиб бўладилар. Мазкур улуғ мақомга сазовор бўладиган жамоа аъзоларида бўлиши шарт қилинган сифатларнинг тўртинчиси: «...ғазабланган вақтда кечириб юборадиган...» бўлиш. Яъни бирор киши ғазабини чиқарса, кечириб юбора оладиган даражада ҳалим бўлиш. Ғазаби чиққан вақтда уни ичига ютиб, ўша ғазаб чиқишига сабабчи одамни кечириб юбориш олий даражадаги ахлоқ доирасига киради. Лекин бу дегани, умуман ғазаб қилмаслик керак, дегани эмас. Баъзи ҳолатларда ғазабга келиш ҳатто вожиб бўлади, олийжаноблик ҳисобланади. Ояти каримада «ғазабланган вақтда» дейилаётганининг ўзиданоқ билса бўладики, Исломда инсондаги мавжуд сифатлар инкор этилмайди, уларни йўққа чиқаришга уринилмайди, балки уларни тартибга солиб, яхшиликка йўналтирилади, холос. Ислом инсонни нафси учун беҳуда ғазабланишдан қайтаради, ғазабини ютишни мадҳ этади, лекин шу билан бир қаторда, Аллоҳ учун, дину диёнат учун, номус учун ғазабланишни вожиб қилади. Демак, ҳамма нарса, жумладан, ғазаб ҳам, ҳилм ҳам ўрнида бўлиши керак. Шоир айтганидек, «Ноўрин ҳалимлик жаҳолатдир». Аллоҳ ҳузуридаги яхши ва боқий нарсалар яна وَالَّذِينَ اسْتَجَابُوا لِرَبِّهِمْ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَمْرُهُمْ شُورَى بَيْنَهُمْ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ۝ 38. Роббларига ижобат қилган, намозни тўкис адо этган, ишлари ўзаро шууро ила бўлган ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қиладиганлар учундир. ("Шууро" сураси 36-37-38-оятлар. “Тафсири Ҳилол” китобидан). Кимдадир ғазабланган вақтда кечириб юбориш сифати мавжуд бўлиши мумкин, лекин унинг ўзи билангина юқорида зикр қилинган мақомларга эришиб бўлмайди. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat