Ассалому алайкум! Ишларингизга Аллоҳ ривож ва барака берсин. Яқинда бир танишимдан эшитдим, улар эр-хотин эски бузиладиган маҳаллада яшашади, уйлари бузилиш арафасида, давлат томонидан бериладиган уй ва ерлардан кўпроқ олиш ниятида эр хотин ЗАГСдан ажрашган деган қоғоз кўрсатишлари керак экан. Ажабланиб “ер, уй-жойни деб оилани бузасизларми” десам, “шаръий ажрашмаймиз, фақат ЗАГС орқали ажрашамиз, уй жой олиб яна бошқаттан ЗАГСдан ўтволамиз” дейди. Бу иш тўғрими? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом!
Давлат тарафидан берилаётган уй-жойлар халқнинг мулки ҳисобланади. Хийла қилиб унга эга чиқиб олиш, халқ мулкини ўзлаштириш ҳисобланади. Бунга қанчалик далиллар келтириб, чечанлик қилиб рухсат олсада, Аллоҳнинг наздида улар учун ҳалол бўлиб қолмайди.
КИМГА БИРОДАРИНИНГ ҲАҚҚИ ҲУКМ ҚИЛИБ
БЕРИЛСА, УНИ ОЛМАСИН, ЧУНКИ ҲОКИМНИНГ
ҲУКМИ ҲАРОМНИ ҲАЛОЛ, ҲАЛОЛНИ ҲАРОМ ҚИЛМАЙДИ
حَدَّثَنَا عَبْدُ الْعَزِيزِ بْنُ عَبْدِ اللهِ، حَدَّثَنَا إِبْرَاهِيمُ بْنُ سَعْدٍ، عَنْ صَالِحٍ، عَنِ ابْنِ شِهَابٍ قَالَ: أَخْبَرَنِي عُرْوَةُ بْنُ الزُّبَيْرِ، أَنَّ زَيْنَبَ ابْنَةَ أَبِي سَلَمَةَ أَخْبَرَتْهُ، أَنَّ أُمَّ سَلَمَةَ زَوْجَ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم أَخْبَرَتْهَا عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، أَنَّهُ سَمِعَ خُصُومَةً بِبَابِ حُجْرَتِهِ فَخَرَجَ إِلَيْهِمْ فَقَالَ: «إِنَّمَا أَنَا بَشَرٌ، وَإِنَّهُ يَأْتِينِي الْخَصْمُ، فَلَعَلَّ بَعْضَكُمْ أَنْ يَكُونَ أَبْلَغَ مِنْ بَعْضٍ، فَأَحْسِبُ أَنَّهُ صَادِقٌ فَأَقْضِي لَهُ بِذَلِكَ، فَمَنْ قَضَيْتُ لَهُ بِحَقِّ مُسْلِمٍ، فَإِنَّمَا هِيَ قِطْعَةٌ مِنَ النَّارِ، فَلْيَأْخُذْهَا أَوْ لِيَتْرُكْهَا
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Умму Салама розияллоҳу анҳо шундай хабар қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларининг эшиги олдида даъволашувни эшитиб қолиб, уларнинг олдига чиқдилар ва шундай дедилар: «Мен бир инсонман, холос. Олдимга хусуматчилар келади. Эҳтимол, бирингиз бошқасидан сўзамолроқ бўлиб, мен уни ростгўй санаб, шунга биноан унинг фойдасига ҳукм чиқарарман. Шунинг учун кимга бир мусулмоннинг ҳаққини ҳукм қилиб берсам, у дўзахнинг бир парчаси, холос. (Истаса) уни олсин ёки ташласин». (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий).
Талоқ қилувчи гапларни гапиришмаса ЗАГСни бекор қилиш никоҳни бекор қилмайди. Валлоҳу аълам!