Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Вақтинчалик никох(мутъа)

16:06 / 23.09.2021 | Shaxnoza | 4130

Ассалому алайкум! Бизнинг ахли сунна вал жамоада шариатимизда вақтинчалик никох яъни мута никох мавжудми? Агарда эр сафарда бўлсаю олдида хотини бўлмаса бошқа бир аёлга вақтинчалик никох қилиб ва аёл розилиги учун махрини бериб қўшилса бўладими? “Нисо” сурасининг 24-ояти шу вақтинчалик никох хақидами? Шу хакта маълумот берсангиз.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида бу иш ҳаром ҳисобланади. "Нисо" сурасининг 24-оятида умумий, доимий никоҳ назарда тутилган, вақтинчалик эмас.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَهَى عَنِ الْمُتْعَةِ وَعَنْ لُحُومِ الْحُمُرِ الْأَهْلِيَّةِ يَوْمَ خَيْبَرَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни мутъадан ва хонаки эшакларнинг гўштидан наҳий қилдилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ривоятда маълум бир муддат ўтганидан кейин, шароит етилганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мутъа никоҳи ҳаром бўлганини эълон қилганликлари ҳақида сўз кетмоқда. Ана шу эълон Хайбар уруши куни бўлган экан.

عَنْ سَبْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَائِماً بَيْنَ الرُّكْنِ وَالْبَابِ وَهُوَ يَقُولُ: أَيُّهَا النَّاسُ، إِنِّي قَدْ كُنْتُ أَذِنْتُ لَكُمْ فِي الْاِسْتِمْتَاعِ مِنَ النِّسَاءِ، وَإِنَّ اللهَ قَدْ حَرَّمَ ذَلِكَ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ، فَمَنْ كَانَ عِنْدَهُ مِنْهُنَّ شَيْءٌ فَلْيُخَلِّ سَبِيلَهُ وَلَا تَأْخُذُوا مِمَّا آتَيْتُمُوهُنَّ شَيْئًا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ

Сабра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рукн билан эшик орасида тик туриб:
«Эй одамлар! Мен сизларга аёлларнинг мутъасига изн берган эдим. Энди, албатта, Аллоҳ у нарсани қиёмат кунигача ҳаром қилди. Кимнинг ҳузурида ўшандоқ
(аёл)лардан бўлса, йўлини очиб қўйсин. Уларга берган нарсаларингиздан бирор нарса олманглар», деяётганларини кўрдим».
Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.
Шарҳ: Ушбу ривоятда зикр қилинаётган ҳодиса Видолашув ҳажида содир бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбаи муаззаманинг эшиги билан Ҳажарул асвад бурчаги орасида туриб олиб, кишиларга мутъа никоҳи абадийликка, қиёмат кунигача ҳаром қилинганлигини эълон қилганлар.
Шу кундан бошлаб, мутъа никоҳи тўла ва қатъий равишда ҳаром бўлган. Ўша кунда кимнинг ҳузурида мутъа никоҳи ила келган хотин бўлса, берган маҳридан ҳеч нарсани қайтариб олмай, унга жавоб бериб юбориш лозим бўлган.
Ушбу масалада келган ривоятларни жамлаб, ўрганадиган бўлсак, аста-секин, даражама-даража иш тутилиб, кишиларни тутуриқсиз жинсий ҳаётдан ҳалол-пок никоҳли ҳаётга олиб чиқилганини кўрамиз.
Биринчи босқичда мутъа никоҳи жорий қилиниб, иш бир оз тартибга солинган.
Иккинчи босқичда фақат зарур, ноилож пайтлардагина рухсат берилиб, бу доира торайтирилган.
Учинчи босқичда эса, шароитлар яхшиланиб, ҳамма нарса жойига тушиб, тушунтириш ишлари ҳам охирига етганидан кейин мутъа никоҳи бутунлай ҳаром қилинган.
Чунки бундай никоҳ фақат шаҳват қондириш кўзланган вақтинчалик алоқадир. Бу эса никоҳдан кўзланган асосий олий инсоний ғояларга тўғри келмайди.
Жумҳур мусулмонлар ушбу ҳукмни маҳкам тутганлар. Фақат шиъа мазҳабига мансуб кишиларгина «Мутъа никоҳ жоиз», дейдилар. Уларнинг бу гаплари ботил эканлигини уламоларимиз кучли далил-ҳужжатлар билан исботлаганлар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat