Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ном бериш, яъни "ник"

20:58 / 17.10.2016 | Салават | 8330

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, Аллоҳ қилаётган яхши амалларингиздан рози бўлсин. Ҳозирда ижтимоий тармоқларда ўзига ном яъни «Ник» қўйиш оммалашиб кетган. Шулардан баъзилари «Азроилжон», «шайтонча», «фаришта» яна бир қатор номлар билан ўзларини номлаб олишади. Балки бу саволни ўқиб турганлар орасида ёки таниш-билишлари орасида шунақа номлар бордир. Шуларга шариатимиз қандай қарайди? Аллоҳ сизлардан рози бўлсин.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Исро” сурасида марҳамат қилади : وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلاً۝ 70. Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик. Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган Зотдир. Ана ўша Зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда: «Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик». Аввало, одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши азизу мукаррамликдан далолат бериб туради. Бошқа махлуқотларда бу шакл, бу мутаносиблик ва бу каби аъзолар йўқ. Сўнгра Аллоҳ таоло одамни Ўз қўли билан яратиб, мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб, улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Шу боисдан ҳам инсон азизу мукаррамдир. Аллоҳ таоло яна одам боласини Ўзи берган ақл билан мукаррам қилиб қўйди. Инсон ақли билан бошқа ҳамма махлуқотлардан устун туради. У Аллоҳ берган ақли ила турли тадбирлар қилади, нарсалар ишлаб чиқаради, бошқа махлуқотларни ўз фойдасига ишлатади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилиб қўйганининг намуналаридир. Аллоҳ таоло инсонга ваҳий туширади. Одамлар ичидан пайғамбар танлаб олади. Пайғамбарларга илоҳий китоблар нозил этади. Шариат ҳукмларини юборади. Буларнинг барчаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилганига намунадир. Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиши ҳам шунга далолатдир. Аллоҳ таоло охирги индирган Китоби Қуръони Каримда: «…Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик», – деб эълон қилишининг ўзи ҳам катта обрў-эътибордир. «...ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик...» Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан, қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар ва нақлиёт воситаларида юриб, оғир ишларни енгиллик ила бажаради. Одамларни кўтарадиган, унга улов бўлиб хизмат қиладиган маркаблар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Жаноби Ҳақ жорий этган қонун-қоида асосида уловлик вазифасини бажаради. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир. Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон учун сувда чўкмайдиган турли моддаларни яратиб, уларга маълум шаклларни беришни илҳом этиб, денгизларда сузиб юрадиган уловларни ўзи жорий қилган қонун-қоидалар асосида ҳаракатланадиган этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг одам боласини азизу мукаррам қилганидандир. «...ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик...» Аллоҳ таоло одам боласига барча пок нарсаларни ризқ қилиб берган. Уларни санаб, саноғига етиб бўлмайди. Одам бу пок ризқлардан тўғри фойдаланиб, уларни берган Зотга шукр қилса, жуда яхши бўлади. Ана шу сонсиз покиза ризқларнинг берилиши ҳам Аллоҳ таоло Одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйганидандир. «...ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик». Яъни одам бошқа махлуқотлардан мутлақо афзал саналади. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар Одам боласи учун беминнат хизматкордир. Лекин бу афзалликнинг жавобгарлиги ҳам бор. Қиёмат куни ҳар бир берилган афзаллик ва неъматлардан сўралади. Ҳисоб-китоб қилинади. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Мўмин киши кофирларга тақлид қилиб, ўзи эътиқод қиладиган нарсаларни масхара қилиши, беқадр қилиши ва арзимас нарса деб билиши жоиз эмас. Гоҳида бундай ҳазиллар инсонни динидан ажраб қолишига сабаб бўлади. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat