«Мўъжиза» сўзи луғатда «ожиз қолдирувчи» деган маънони англатади. Яъни, мўъжиза нарсани бошқалар қилишдан ожиз қоладилар.Истилоҳда эса Аллоҳнинг изни ила пайғамбарларга уларнинг пайғамбарлигини тасдиқлаш учун берилган одатдан ташқари, бошқаларнинг қўлидан келмайдиган иш мўъжизадир.Кофирлар одатда пайғамбарларни инкор қилиш билан бирга доимо ўз номаъқулчиликларини хаспўшлаш мақсадида турли баҳона, таклифлар қилиб мўъжиза кўрсатишни талаб қилиб туришади. Аввалги ўтган барча Пайғамбарларга худди шундай таклифлар қилганлар. Аллоҳ Ўз Пайғамбарларининг ҳақлигини тасдиқлаш, кофирларни ожиз қолдириш, мўминларнинг имонини мустаҳкамлаш учун Пайғамбарларга ўз замонаси ва қавмига мос мўъжизаларни берган. Мисол учун сеҳргарлик авж олган бир замонда юборилган Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло уларнинг сеҳридан бир неча марта устун турувчи мўъжизаларни берган.Моддапарастлик авж олиб, ҳар бир нарса моддий асосга эга деган эътиқодда бўлган қавмга юборилган Ийсо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло турли тузалмайдиган беморликларни тузатиш, ўликни тирилтириш каби мўъжизаларни берган.Ўтган Пайғамбарлар ўзларига берилган мазкур моддий мўъжизаларни ўз ўрнида ишлатганлар. Лекин уларнинг вафотлари билан барча мўъжизалар ҳам амалдан қолган. Чунки уларнинг пайғамбарликлари маълум бир қавмга, маълум бир маконга ва маълум бир замонга боғлиқ бўлган.Муҳаммад алайҳиссаломга эса абадий ва улкан мўъжиза қилиб Қуръони Карим берилган. Чунки У зотнинг пайғамбарликлари қиёмат қоим бўлгунча барча халқлар, маконлар ва замонлар учун бардавомдир. Шунинг учун У зотга моддий эмас, маънавий ва боқий мўъжиза Қуръони Карим асосий мўъжиза қилиб берилгандир.У зоти бобарокат ўтганларидан сўнг ҳам мўъжизалари бўлмиш Қуръон то қиёмат тургунча барҳаётдир. Шунинг учун ҳам қачон мушрик ва кофирлар у кишидан Пайғамбарликларини тасдиқловчи мўъжиза талаб қилишса, Қуръони Каримни рўкач қилганлар.Бошқа Пайғамбарларга улкан мўъжиза бўлиб хизмат қилган нарсалар Муҳаммад алайҳиссалом учун оддий бир иш эди. Деярли ҳамма Пайғамбарларга берилган мўъжизаларга ўхшаш ишлар Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётларида ҳам бўлиб ўтган. Бу ҳақдаги хабарлар ҳадис китобларида бор. Лекин бу нарсалар такрорланавериб оддий бир ҳолатга айланиб қолгандан, катта шов-шув қилинмасди.Ўзини билган одамлар учун ҳатто Исро ва Меърож каби катта ҳодисалар ҳам оддий бир иш бўлган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Исро ва Меърож қилганликлари ҳақида одамларга хабар берганларида ҳар ким ўзини турлича тутди ва ҳар хил гап айтди.Бир гуруҳ одамлар Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг: «У зот шу гапларни айтдими?» деб сўрадилар. «Ҳа», дедилар. У киши: «Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман», деди. Улар: «Шомга бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?!» дейишди. Абу Бакр: «Мен у кишининг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман», деди. Ҳа, осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиб олиш, Аллоҳнинг каломи Қуръонни қабул қилиб олиб кишиларга етказиш ва уни татбиқ қилиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг бош мўъжизалари эди.Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бошқа мўъжизалари У зотнинг пайғамбарликларининг тасдиғи сифатида ҳужжат қилинмас эди. Одамлар мўъжиза кўрсатиш талаб қилган пайтда ҳам уларга Қуръони Карим мўъжиза сифатида рўкач қилинар эди.Мўъжизанинг иймонга зарари йўқ. Инсон мўъжизага ишониб иймон келтирса бўлади.