Ассалому алайкум мухтарам устоз! Кадрли шайх хазратлари! Сизга жуда хам мухим савол билан мурожаат килмокдаман. Саволимда кутарилган масала ихтилофли масалалардан бири хисобланади. Мазкур масалада мен далилларни излаб, етарлича маълумот ололмадим. Имомларимиздан хам етарлича маълумот ололмадим. Бу масалада бир тўхтамга кела олмаяпман. Сиздан илтимос, бу масалага ойдинлик киритиб берсангиз. Расулуллох с.а.в ва авлиёларнинг хаққи-хурматини восита қилиб дуо қилиш мусулмонлар ичида учраб туради. Яқинда мана шу мавзудаги далилларга дуч келдим. Ўша далилларни келтираман:" 1) Ўликлардан дуо талаб қилиш жоиз эмас: Чунки, ўлик одам ҳаётлик пайтида қодир бўлгандек дуо қилишга қодир эмас. Ўликлардан шафоат сўраш мумкин эмас. Умар ибн Хаттоб, Муовия ибн Аби Суфён ва уларнинг ҳузурларида бўлган бошқа саҳобалар ҳам, уларга яхшилик билан эргашган кишилар (тобиинлар) ҳам қурғоқчилик пайтларида Аббос, Язид ибн Асвад каби тирик кишиларни тавассул қилиб дуо қилардилар, улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олдида ҳам, қабрларидан бошқа жойда ҳам у зот билан тавассул қилиб, ёмғир сўраб дуо қилмаганлар, балки у зотнинг ўринларига Аббос ва Язид каби кишиларни восита қилганлар. Умар розияллоҳу анҳу дуо қилиб айтардилар: «Эй Парвардигор! Биз Сенга пайғамбаримизни восита қилиб сўрардик, шунда Сен бизга ёмғир ёғдирардинг. Мана энди пайғамбаримизнинг амакиларини восита қилиб сўраймиз, бизларга ёмғир ёғдиргин». Улар шаръий йўсинда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тавассул қилиш имкони қолмагани учун ҳам шундай қилганлар. Йўқса, агар жоиз бўлса эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига бориб, у зотни восита қилишга бемалол имконлари бор эди.[Мажмуъул фатово (1/318,319)] Бундай қилмаганликлари ўликларни на дуолари билан, на шафоатлари билан восита қилишнинг жоиз эмаслигига далил бўлади. Агар у зоти шарифдан вафотларидан кейин ҳам худди тирикликларида бўлганидек дуо ва шафоат сўраш бир хилда мумкин бўлса эди, у зотни қўйиб бошқаларга асло мурожаат қилмаган бўлардилар. 2) Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаққи-ҳурматларини ёки бошқа бировнинг ҳаққи-ҳурматини восита қилиш жоиз эмас:«Агар Аллоҳдан сўрасангизлар, менинг жоҳим (ҳурматим)ни восита қилиб сўранглар, чунки Аллоҳнинг ҳузурида менинг жоҳим буюкдир» дейилган ҳадис ёлғон тўқима ҳадисдир. У мусулмонлар эътимод қиладиган бирон китобда келмаган, ҳадис илми олимларидан биронтаси зикр қилмаган.[Мажмуъул фатово (10/319)] Модомики бир ишнинг далили саҳиҳ бўлмас экан, уни қилиш жоиз бўлмайди. Чунки ибодатлар фақат саҳиҳ ва очиқ далиллар билангина собит бўлади."Юкоридаги ривоят ва далилларда юкоридаги каби восита килиб дуо килиш манъ этилмокда. Сиздан илтимос мана шу масалада сахобаларнинг ва турт мазхаб уламоларининг тутган йуллари кандай? Улар бу масалада кандай фатво беришади? Жавобингиз учун ташаккур!Умиджон Турсинов
– Ва алайкум ассалом! Сизга бир неча ерларда такрор-такрор келтирилган бир мақоламни яна бир бор, сиз учун алоҳида, қайта тақдим қилишга ижозат бергайсиз.
Саволда кўтарилган масала таввасул ёки васийла масаласи деб айтилади. Дуо қилишда бошқани васийла қилиш. Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида бу иш жоиз. Яъни, бир одамнинг дуоси қабул бўлмай қолса, бирор солиҳ амалиними ёки шахсними васийла қилиб дуо қилиш.
Усмон ибн Ҳанийф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир кўзи ожиз киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Аллоҳга дуо қилинг, менга офият берсин», деди.
«Хоҳласанг дуо қиламан. Хоҳласанг сабр қил. Бу сен учун яхшидир», дедилар».
«Дуо қилинг», деди.
Бас, уни яхшилаб таҳорат қилмоққа ва ушбу дуони ўқишликка амр қилдилар: «Аллоҳим! Албатта, мен Пайғамбарнинг, Муҳаммад – раҳмат Пайғамбари ила Сендан сўрайман ва Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад! Албатта, мен сен ила Роббимга ушбу ҳожатим юзасидан уни чиқсин дея юзландим. Аллоҳим! Унинг менинг ҳақимда шафоатини қабул қил».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда «Бас, кўзи очилган ҳолда қайтиб кетди» дейилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари доимо қабул бўлишидан баъзи кишилар ўз фойдалари учун дуо сўрашиб турар эдилар. Бунинг мисоллари жуда ҳам кўп. Кўпроқ саҳобаи киромлар томонида охират саодати ҳақида дуо сўрагани ҳам маълум ва машҳур. Ушбу ҳадисда эса, кўзи ожиз киши кўзи очилиши ҳақида дуо қилишни сўрамоқда. Афтидан у кишининг кўзи даволашга лойиқ эмас даражада ожиз бўлган бўлса керак. Бўлмаса, Пайғамбар алайҳиссалом доимо беморликни даволашга амр қилганлар. Аммо, бу кишига у ҳақда сўз очмаганларидан, унинг кўзи қаттиқроқ беморликка учраган бўлса керак.
Ушбу ҳадисдан олинадига фойдалар:
1. Аҳли фазл шахсдан беморликкка офият бўлиши учун дуо сўраш жоизлиги.
2. Бировнинг дардига офият сўраб дуо қилиш яхши иш эканлиги.
3. Кўзи ожиз бўлиб, даво топа олмаган инсон сабр қилса, катта ажрларга, ҳатто кўзи очилгандан ҳам юқорироқ даражага эришиши.
4. Дуо сўраган кишини икки нарсадан бирини: дуо қилиш ёки дуо қилмасликни танлашга таклиф қилиш жоизлиги.
5. Дуо қилишдан олдин яхшилаб таҳорат қилиб олмоқ аҳамиятли экани.
6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни васийла, шафоатчи қилиб дуо қилиш мумкинлиги.
Ушбу ҳадисни бу фаслда келтириш ила тавассул жоиз эканига ҳужжат ва далил келтирилмоқда. Дуони тўғридан-тўғри Аллоҳ таолонинг Ўзига қилавермасдан орага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатчи этароқ дуо қилиш тавсия этилганига ишора қилинмоқда. Шунингдек, бировдан дуо сўраб туравермай, инсон ўзи ихлос ила дуо қилиши кераклигини кўриб турибмиз.
Гоҳида киши ўзи дуо қилганда дуоси қабул бўлмаётганини мулоҳаза қилиб қолади. Шунда қандайдир бирор васийлага эҳтиёж сезиб қолади. Ана шундоқ пайтда васийла ила дуо қилиш йўлга қўйиш жоиз бўлади.
Имом Тобароний ушбу ҳадисни келтиришдан олдин бир қиссани келтирганлар, унда қуйидагилар зикр қилинган:
«Бир одам Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳузурига ўзининг бир ҳожати юзасидан кириб чиқиб юрар эди. Усмон унга илтифот ҳам қилмас, унинг ҳожатини ҳам чиқармас эди. Ҳалиги одам Усмон ибн Ҳанийфга учрашиб, мазкур ҳолат ҳақида шикоят қилди. Шунда Усмон ибн Ҳанийф унга «Таҳоратхонага боргин-да, яхшилаб таҳорат қил. Кейин масжидга бориб икки ракъат намоз ўқи ва» «Аллоҳим! Албатта, мен Пайғамбарнинг, Муҳаммад – раҳмат Пайғамбари ила Сендан сўрайман ва Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад! Албатта, мен сен ила Роббимга ушбу ҳожатим юзасидан уни чиқсин дея юзландим. Аллоҳим! Унинг менинг ҳақимда шафоатини қабул қил», деб туриб ҳожатингни сўра. Сўнг олдимга келсанг, мен ҳам сен билан бирга бораман», деди.Ҳалиги одам бориб унинг айтганини қилди. Кейин Усмон ибн Аффоннинг эшигига борди. Бас, эшик оғаси келиб, унинг қўлидан ушлаб ичкарига олиб кирди ва Усмон ибн Аффон ўтирган жойга, унинг ёнига ўтқазди. У «Нима ҳожатинг бор?» деб сўради. У ҳожатини айтди. Унинг ҳожатини чиқарди ва: «Шу вақтгача юравермай, ҳожатингни айтсанг бўлмасми-ди? Бундан кейин қандай ҳожатинг бўлса, келавер», деди.Кейин ҳалиги одам унинг олдидан чиқиб, Усмон ибн Ҳанийфнинг олдига борди ва, Аллоҳ сенга хайр берсин. Сен айтиб қўймагунингча, у менга илтифот қилмас эди, деди.
Шунда Усмон ибн Ҳанийф: «Аллоҳга қасамки, мен унга ҳеч нарса деганим йўқ. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир кўр одам келганини кўрдим. Ҳалиги одам у зотга кўзи кўр бўлиб қолганидан шикоят қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:«Сабр қила олмайсанми?» дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, етакловчим йўқ. Жуда қийналиб кетдим», деди.
«Таҳоратхонага бор. Таҳорат қилиб, икки ракъат намоз ўқи. Кейин ушбу дуоларни қил», дедилар.Кейин биз тарқалмасимиздан олдин ҳалиги одам олдимизга кириб келди. Аллоҳга қасамки, у худди кўр бўлмагандек эди», деди».
Бу амалга иккинчи далил қуйидагича:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлганда Аббос ибн Абдулмутталиб ила истисқо қиларди:
«Аллоҳим! Албатта, биз Сенга Пайғамбаримиз ила тавассул қилар эдик. Сен бизни сероб қилар эдинг. Энди, биз сенга Пайғамбаримизнинг амакиси ила тавассул қиламиз. Бизни сероб қилгин», деди. Яна: «Сероб қилинурлар», деди».
Бухорий ривоят қилган.
Бу ҳодиса ўн саккизинчи ҳижрий санада бўлган. Қаҳатчилик ҳаж вақтидан бошланган. Тўққиз ой давом этган. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу одамларни тўплаб, ҳазрати Аббос розияллоҳу анҳуни васийла қилиб истисқо қилганлар. Ривоят қилинишича, ўша куни Аббос розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолога тазарруъ қилиб: «Аллоҳим! Албатта, гуноҳ бўлмаса бало тушмас. Тавба бўлмаса, бу кўтарилмас. Мана биз қўлларимизни ўзингга очиб гуноҳларимизни эътироф қиламиз. Бошларимизни сенга эгиб тавба қиламиз. Бизни нажот ёмғири ила сероб қилгин, деганлар. Шунда, ёмғир қуйиб ёққан. Ер тўйиб, одамларга жон кирган. Валлоҳу аълам.