Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, ваҳий фақат пайғамбарларгагина келадими? Мен эшитдимки шоирларга хам ваҳий келар эмиш. Мен инкор қилмоқчи бўлсам улар менга «Илҳом келади деймиз, аслида илҳом нима? Ахир у фариштаку, ҳа илҳом фариштасидир» дея жавоб беришди ва яна шуни айтишдики “пайгамбарларга ваҳийни Жаброил алайҳиссалом олиб келган бўлса, бизга илҳом фаришталари олиб келади. Йўқса инсон кеча ўзини хаёлига келмаган нарсани қаердан ёзарди” дейишди. Шу қанчалик тўғри? Аллоҳ илмингизни янада зиёда қилсин. Раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Уларнинг гаплари нотўғри. Агар ўша илҳомни фаришталар олиб келганида эди, ёзган шеърларида асари кўринар эди. «Ваҳий» сўзи асл луғатда тезкор ва махфий хабар йўллаш маъносини билдиради. Уламолар эса ваҳийни қуйидагича таърифлайдилар: «Ваҳий – Аллоҳ таолонинг бандалари ичидан Ўзи танлаб олган шахсга Ўзи ирода қилган ҳидоятни тез ва махфий равишда билдиришидир». Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз анбиёларидан бирига диний кўрсатмаларини юбориши ваҳийдир. Бу юбориш тезлик билан, бошқалардан махфий равишда бўлгани учун «ваҳий» деб номланган. Илҳом эса қалбга залолат ва ҳидоятни бир-биридан ажратиб, фарқ қилиб турувчи нарсани илқо қилишдир. Уламоларнинг таъкидлашича, илҳом хоҳ эътиқод масаласида бўлсин, хоҳ ибодат масаласида бўлсин, ҳужжат бўла олмайди. Илҳомнинг ваҳийдан фарқи шуки, у Аллоҳ таолодан ҳам, фариштадан ҳам, шайтондан ҳам, нафснинг ўзидан ҳам бўлиши мумкин. Демак, илҳом ҳақ бўлиши ҳам, ботил бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун илҳом шаръий қоида ёки ҳукмга зид бўлса, унга асло эътибор берилмайди, балки хомхаёл, ваҳм ёки шайтоннинг васваси деб қаралади. Шунинг учун шоирларга илҳомни фақат фаришта олиб келади деган гап нотўғри. Акс ҳолда, баъзи шоирларнинг ширк ёки куфрга оид, одоб-ахлоққа, шариатга зид сўзларини ҳам фаришта олиб келган бўладими? Дуч келган одамнинг гапини гап деб, кўтариб юравериш мусулмон одамга ярашмайди. Бу каби саволлар билан ақлни банд қилмай, машҳур дин арбоблари, уламоларнинг китобларини ўқиб, илмингизни оширинг, дунёқарашингизни кенгайтиринг. Валлоҳу аълам!