Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Касал юқиши

08:55 / 26.11.2016 | Muhammad Ali | 6662

Ассалому алайкум! Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг Аҳмад. Бухорий. Муслим  ва Абу Довуд Абу Ҳурайрадан; Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дeйдилар: (Дин ва эътиқотимизда) Адво, Тияра, Ҳома ва Сафарга эътиқод қилиш йўқдир дeган манабу муборак ҳадисларини кeнгроқ тушунтириб бeрсангизлар. Лeкин бизга баъзи касалликлар юқадиганга ўхшайдику. Аллоҳ таоло ҳаммамизга сабри жамил ато қилсин.



«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

КАСАЛЛИК ЮҚИШИ ВА ШУМЛАНИШ 
ЙЎҚ, ЭҲТИЁТ БЎЛИШ ЯХШИ  

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: لَا عَدْوَى وَلَا هَامَةَ وَلَا نَوْءَ وَلَا صَفَرَ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва софар йўқ», дедилар».
Учовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Исломдан олдинги жоҳилиятда ҳам жоҳилликнинг турли-туман кўринишлари мавжуд эди. Жумладан, тибга оид масалаларда ҳам. Ушбу фаслда келадиган ҳадиси шарифлар ана ўша нарсаларни муолажа қилади, уларни Ислом дини қандай қилиб тўғри йўлга солганлигини тушунтиради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадиси шарифда жоҳилиятнинг тўртта жоҳиллиги инкор қилинмоқда.
1. «Касаллик юқиши йўқ»
Жоҳилият аҳлида «Хасталикларда ўзига яраша қувват бор, улар бир кишидан иккинчисига ўша қувват ёрдамида ўтади», деган эътиқод бор эди.
Ҳозирги жоҳилиятда ҳам худди шу эътиқод бор. «Ундай бўлса, хасталик юқиши йўқми?» деган савол пайдо бўлиши турган гап. Бунга жавоб шуки, хасталик Аллоҳ ирода қилсагина юқади. Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларида ва шунга ўхшаш бошқа ҳадиси шарифлардаги «Касаллик юқиши йўқ» деган гапларида мужассам бўлган.
Дунёдаги ҳар бир нарса фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Жумладан, хасталик юқиши ҳам. Одамлардан жоҳилият эътиқодларини кетказиш учун шунга ўхшаш ҳассос нарсаларга алоҳида эътибор берилган.
2. «Бойқуш йўқ»
Жоҳилият даврида турли нарсалардан шумланиш мавжуд бўлиб, бу нарса уларнинг эътиқодига айланиб қолган эди. Жумладан, «Қаерга бойқуш қўнса, ўша ерда ёмонлик бўлади, ўша ер харобага айланади», деган эътиқод бор эди.
Ислом бу нарсани ҳам инкор этди. Бировга кўнгилсизлик ёки ёмонлик етадиган бўлса, бойқуш ёки бошқа қуш қўнгани сабабли эмас, Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади. Аллоҳ ирода қилса, ҳар қандай ҳолатда ҳам бандага хасталикни ориз қилганидек, бойқуш қўнса ҳам, қўнмаса ҳам ёмонликни воқеъ қилиши, гуллаб, яшнаб ётган жойларни харобага, вайронага айлантириши мумкин.
3. «Навъу йўқ»
«Навъу» – жоҳилият аҳли «ёмғир ёғдиради», деб эътиқод қиладиган юлдуз. Улар ўзларича «Ёмғирни ўша юлдуз ёғдиради», дейишар эди. Албатта, бу ҳам нотўғри. Ёмғирни фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи ёғдиради.
4. «Софар йўқ»
Жоҳилият аҳлининг Сафар ойи тўғрисида ҳам бидъат-хурофотдан иборат ақийдалари бор эди. Улар «У ойда сафар қилиб бўлмайди, у бўлмайди, бу бўлмайди», дейишар эди.
Ислом бундай бўлмағур эътиқодларни ҳам рад этди. Ойларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳ таолонинг ойлари, кунларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳ таолонинг кунлари эканлигини эълон қилди.
Қолаверса, бу ойнинг исми араб тилидаги «сод» ҳарфи билан ёзилади. Йўлга чиқиш, узоқ масофага отланиб чиқиш деган маънодаги сафар сўзи эса «син» ҳарфи билан ёзилади. Софар ойида сафар қилиб бўлмайди, деган гапларнинг қанчалик бўлмағурлиги шундан ҳам кўриниб турибди.
Ушбу ҳадиси шариф асосан эътиқодга оид масалаларни, жумладан, тибга оид эътиқод масаласини ҳам муолажа қилмоқда.
Демак, бизлар «Касаллик ўзи юқмайди, Аллоҳ таоло ирода қилсагина юқади», деган эътиқодни маҳкам тутишимиз керак экан. Бу масала кейин келадиган ҳадиси шарифларни ўрганишимиз жараёнида яна ҳам ойдинлашиб боради.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: لَا عَدْوَى وَلَا غُولَ وَلَا صَفَرَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Касаллик юқиши йўқ, ғул йўқ ва сафар йўқ», дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда аввалги баёни келган нарсаларга ғул ҳам йўқлиги қўшилмоқда.
«Ғул» – жоҳилият аҳли тасаввуридаги бир жин бўлиб, улар уни «Турли шаклларга кира олади, одамларни адаштириб, турли балоларга учратади», деган эътиқодни қилишар эди.
Ислом бу нотўғри эътиқодни ҳам рад этди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: لَا عَدْوَى وَلَا صَفَرَ وَلَا هَامَةَ، فَقَالَ أَعْرَابِيٌّ: يَا رَسُولَ اللهِ، فَمَا بَالُ الْإِبِلِ تَكُونُ فِي الرَّمْلِ كَأَنَّهَا الظِّبَاءُ، فَيُخَالِطُهَا الْبَعِيرُ الْأَجْرَبُ فَيُجْرِبُهَا كُلَّهَا قَالَ: فَمَنْ أَعْدَى الْأَوَّلَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Касаллик юқиши йўқ, сафар йўқ ва бойқуш йўқ», дедилар». Шунда бир Аъробий:
«Эй Аллоҳнинг Расули, унда туяларга нима бўлган? Қумда худди оҳудек юришади. Битта қўтир туя қўшилиб қолса, ҳаммасини қўтир қилиб юборади?» деди.
«Биринчига ким юқтирган?» дедилар у зот».
Шарҳ: Гап шу жойда. Агар хасталикни унинг юқиши тарқатадиган бўлса, унинг биринчи пайдо бўлиши ҳақида нима дейилади? «Ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади», деган эътиқодга келинмагунича, бу савол занжири узайиб бораверади. Аллоҳ таолога ва Унинг чексиз қудратига, ҳамма нарса Унинг иродаси ила бўлишига иймон келтирган кишиларгина «Хасталикнинг биринчи пайдо бўлиши ҳам, унинг юқиши ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади», дедилар.

وَعَنْهَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: لَا تُورِدُوا الْمُمْرِضَ عَلَى الْمُصِحِّ. رَوَاهُمَا الثَّلَاثَةُ

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Хастани соғнинг олдига келтирманглар», дедилар».
Иккисини учовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф туялар ҳақида айтилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хаста туяни олиб келиб, соғ туяни суғораётган жойда аралаштириб, суғормасликка амр қилмоқдалар. Чунки соғ туя ҳам хаста бўлиб қолса, эгаси «хасталик юқди», деб афсусланиб юради.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: لَا عَدْوَى وَلَا طِيَرَةَ وَلَا هَامَةَ وَلَا صَفَرَ، وَفِرَّ مِنَ الْمَجْذُومِ كَمَا تَفِرُّ مِنَ الْأَسَدِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْجُذَامِ

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Касаллик юқиши йўқ, қуш билан фол очиш йўқ, бойқуш йўқ ва сафар йўқ. Моховдан худди арслондан қочганингдек қочгин», дедилар».
Бухорий «Мохов касаллиги»да ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги биз «қуш билан фол очиш йўқ» шаклида таржима қилган ибора араб тилида «тияра» дейилади. Бу ибора «тоир» («қуш») сўзидан олинган. Ушбу ҳадисни ўқиган кишида «Қушнинг фол очишга нима дахли бор? Ёки ҳозирги баъзи фолчиларга ўхшаб, қушга хатни торттириб фол очиш авваллари ҳам бўлганми?» деган савол пайдо бўлиши мумкин.
Қуш билан фол очиш жоҳилият даврида бошқача бўлган. Жоҳилият аҳлидан бирортаси бир ишни қилиш-қилмасликда иккиланиб қолса, қушни қўлида тутиб туриб, учирган. Агар қуш ўнг томонга учса, ўша ишни қилган. Агар чап томонга учса, у ишни қилмаган. Агар қуш тўғрига учса, яна бошқа қушни учирган. Улар бу ишни жуда кўп қилганларидан фол очишнинг ҳар қандай турига ҳам «тияра» ибораси ишлатиладиган бўлиб кетган. Ислом дини буни ҳам рад этди.
Бу фаслнинг ушбу ҳадиси шарифгача бўлган ривоятларининг баъзисида касаллик юқиши йўқлиги, баъзисида касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиш кераклиги айтилган бўлса, бу ҳадиси шарифда мазкур икки масала ҳам зикр қилинмоқда. Бу билан касалликнинг ўзича юқмаслиги эътиқод масаласи эканлиги, касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиш эса динимиз биздан амал қилишни талаб қилган нарса эканлиги таъкидланмоқда.
Мохов хасталиги ҳам юқумли эканлиги ҳозирда ҳаммага равшан ҳақиқатдир. Исломда эса бу хасталикка учраган одамдан арслондан қочгандек қочиш кераклиги ўн беш аср илгари таъкидланган.
Ўрни келганда касалнинг юқишини илмий равишда биринчи бор исбот қилганлар ҳам мусулмон табиблар эканлигини айтиб ўтиш бурчимиз, бу ҳақиқатни биз эмас, ғарбликлар эътироф қилганларини таъкидлаш эса вазифамиздир.
Олмониялик машҳур олима Зигрид Хунке хоним «Аллоҳнинг қуёши Оврупони ёритур» номли китобида қуйидагиларни ёзади:
«1348 йилда андалуслик давлат одами (арбоби) ва табиб, Ғарнота султонининг вазири Ибн ал-Хатиб касалликнинг хаста киши орқали юқиши ва тарқалиши ҳақида илмий-мантиқий рисола ёзди.
Касалликнинг юқишини ва унинг хатарларини ҳамда унинг одамлар бошига келтирадиган ҳалокатларидан сақланиш йўлларини кашф этиш мусулмонларнинг яратувчилик фикри асосида юзага чиқарилган энг буюк кашфиётлардан иккитасидир. Бу билан мусулмонлар томонидан инсоният учун бебаҳо хизмат қилингандир» (275-276-саҳифалар).
Бошқа бир мусулмон табиб, Ғарнота (Гренада) қасрида яшаган Ибн ал-Хотийма қуйидагиларни ёзган:
«Менинг олиб борган узоқ муддатли тажрибаларим шуни кўрсатадики, ким юқумли хасталикка чалинган шахсга аралашса ёки унинг кийимини кийса, ўша хасталикка дарҳол чалинади. Аввалги беморда қандай аломатлар бўлса, бунда ҳам ўша аломатлар пайдо бўлади. Биринчи бемор қон туфласа, иккинчиси ҳам қон туфлайди. Биринчисига яра чиққан бўлса, иккинчисига ҳам яра чиқади».
Бундан саксон йил ўтгандан сўнг Оврупо бирдан касалликнинг юқишини тушуниб қолди. Одамлар беморларни ушлашдан ёки уларга яқинлашишдан қочадиган бўлишди. Ўзларича тумор тақишни бошлашди. Улар ўзларича «Тумор касаллик юқишидан сақлайди», деб эътиқод қилишар эди. Худди шу эътиқод ила улар хушбўй нарсаларни тутатишга ўтдилар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat