Ассалому Алайкум! Фазилатли Шайх жаноблари Сизга ва барча яқинларингизга Аллоҳ таолонинг раҳмати ва барокотлари бўлсин!Шайх жаноблари Сиз тақдим этаётган рисолаларни ўқиб ўрганиш жараёнида шариатимиз ахкомлари ҳақида жуда кўп маълумотлар олмоқдамиз, бунинг учун Сизга алоҳида миннатдорлик изҳор этамиз. Лекин, хаёт давом этар экан турли туман вазиятлар бўлиб туриши табиий хол. Шу кеча кундузда «Молиявий инқироз» деган янги термин пайдо бўлди. Бу вазиятдан фойдаланган баъзи бир устаси фаранглар савдо сотиқ ишларида ҳам турли туман янгиликларни ўйлаб топмоқдалар. Саволимиз ҳудди ана шу мавзу ҳақида. Тирикчилик ишлари билан баъзи давлатларга бориб савдо қилишга тўғри келади. Харом харишга аралашиб қолмаслик мақсадида Сизнинг савдо масалаларига атаб ёзган китобларингизни астойдил қунт билан ўқиб борамиз. Аммо, хаётимизда ақлимиз етмаётган ва манъбалардан қидириб топиб бўлмаётган вазиятларга учраб турибмиз. Бундай ҳолатларда эса, нима қилишни билмай хайронмиз. 1-ҳолат. Мисол учун Россия давлатини олсак у ерда пул бирлиги РУБЛЬ ҳисобланади. Айтайлик бизни фирмамизнинг ҳисоб рақамида 10.000 Рубль пулимиз бор ва шу пулга мол сотиб олмоқчимиз. Лекин, мол эгаси пулни ҳисоб рақам орқали эмас, балки нақд пул кўринишида тўлашни сўрамоқда. Бу холатда ҳисоб рақамдаги пулимизни нақд пулга айлантириш керак бўлади. Банкга бориб ҳисобимиздаги пулни нақд пулга айлантириб бериш сўралса, улар хозир нақд пул йўқ деб жавоб беришади. Ана шундай вазиятда «устаси фаранг уддабуронлар» пайдо бўлишади ва ҳисоб рақамдаги пулни бир зумда нақд пулга айлантириб бериш хизматини таклиф қилишади. Улар, ҳисоб рақамимиздаги 10.000 рублни ўзларини фирмалари хисоб рақамига ўтказишимизни, улар эса бизга 10.000 рубль ўрнига нақд 8.500 рубль беришлари мумкинлигини айтишади. Яъни, бизни пулдан 15 % кам.Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳисоб рақамдаги 10.000 рублга 8.500 нақд рубль сотиб олинмоқда. Ҳар иккала пулларни жинси эса, бир ҳил яъни рубль.Маълум бир пул бирлигини мисол учун Рублни Долларга ёки Еврога алмаштиришда уларни қийматига қараб, «Саррофлик» қоидаларига риоя қилган ҳолда алмаштириш мумкинлигини ўқиб ўргандик. Лекин, ахамият берган бўлсангиз бизни вазиятда масала бошқачароқ турибди.Савол: Шайх жаноблари бу ерда «Тиллога-тилло, кумушга-кумуш…ўхшашига-ўшхаш, тенгма-тенг ва қўлма-қўл», деган ҳадисга зид иш бўлмаяптимикан? Саволимизни янада аниқроқ берадиган бўлсак, бу савдо РИБО аралашган савдога кирадими ёки йўқми ? Иккинчи вазият эса ундан ҳам баттарроқ.2-ҳолат. Айтайлик қўлимизда 10.000 рубль нақд пулимиз бор. Лекин, сотиб олмоқчи бўлган товаримизни фақатгина пул ўтказиш йўли билан сотиб олиш мумкин. Шу сабабли қўлимиздаги нақд 10.000 рублни фирма хисоб рақамига тушириш учун банкга олиб борамиз. Бу ерда ҳам «устаси фаранг уддабуронлар» га дуч келамиз. Улар, бизнинг 10.000 рубль нақд пулимизни олиб, уни ўрнига фирмамиз хисоб рақамига 11.000 рубль пул тушириб беришга тайёр эканликлари айтишади. Яъни, пулимиз устига 10% фойда беришни таклиф қилишмоқда. Бундай бўлишига сабаб, юқорида айтиб ўтганимиздек хисоб рақамдаги пулни нақд пулга айлантиришда улар 15% кам пул таклиф қилишган эди. Бу ерда ҳам пулларни жинси бир ҳил эканлигига эътибор беришингизни сўраймиз.Савол: Шайх жаноблари бу савдода «Бас, ким зиёда қилса ёки зиёда қилишни талаб қилса, батаҳқиқ, рибога йўл қўйибди. Уни олувчи ҳам, берувчи ҳам барибир», деган ҳадисга зид иш бўлмаяптимикан. Саволимизни янада очиқ ойдин қилиб берадиган бўлсак, бу савдолар РИБО савдосига кирадими ёки йўқми? Шайх ҳазратлари бу муаммолар кундалик хаётимизда жуда ҳам кўплаб учраб турганлиги, савдо сотиқ ишларимизни эса, шариат қонун қоидаларига мувофиқ олиб бориш энг олий мақсадимиз бўлганлигидан Сиздан илтимос! Бу саволларимизга биз учун тушунарли бўлган аниқ йўналишни кўрсатиб беришингизни умид қиламиз.Аллоҳ таоло Сизга ва барчаламизга барокотли умр, ҳалол ризқ, соғлик саломатлик, тинчлик, хотиржамлик ва иймон ҳаловатини насийб этсин. Омийн !
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
1. Рибо аралашади.2. Бу ҳам мумкин эмас. Сизлар ўша 10% зиёдани камбағал одамларга бериб юборинглар.