Ассалому алайкум! Азиз устозлар, бир танишимни айтишича одам зоти ҳамма нарсага кўникувчан экан. Ҳатто дўзахга тушган одамлар тезда азобга ҳам кўникиб, бир-бирларига дўзах оловини отиб, ўйин ўйнашар экан. Кейин Аллоҳ таоло уларни оловли дўзахдан олиб музли дўзахга ташлар эмиш. Лекин хеч қаерда музли дўзах ҳақида эшитмаганман. Шу хақида ёзилганми?
Ва алайкум ассалом!
Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида марҳамат қилади :
إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُواْ بِآيَاتِنَا سَوْفَ نُصْلِيهِمْ نَارًا كُلَّمَا نَضِجَتْ جُلُودُهُمْ بَدَّلْنَاهُمْ جُلُودًا غَيْرَهَا لِيَذُوقُواْ الْعَذَابَ إِنَّ اللّهَ كَانَ عَزِيزًا حَكِيمًا
56. Оятларимизга куфр келтирганларни албатта оловга киритиб, куйдирурмиз. Қачонки терилари етилиб пишганда, азобни тотишлари учун уларга бошқа тери алмаштирурмиз. Албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир.
Куфрнинг охири яхшиликка олиб бормаслиги аниқ. Куфр келтирганлар бу дунёда турли бало-офатларга дучор бўлиб ўтишлари собит бўлган, инкор этилмас ҳақиқатдир. Куфр келтирганларнинг охиратда нима бўлишларини ушбу ояти карима васф этмоқда.
«Оятларимизга куфр келтирганларни албатта оловга киритиб, куйдирурмиз».
Аллоҳнинг оятига куфр келтирганлар жаҳаннамга кириш билан чегараланиб қолмайдилар.
«Қачонки терилари етилиб пишганда, азобни тотишлари учун уларга бошқа тери алмаштирурмиз».
Азобни яхшироқ тортишлари учун уларга терилари ҳар гал етилиб пишганда, бошқа янги терилар алмаштирилади ва азоб янгидан бошланади. Бу ҳолат абадул абад давом этади.
«Албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир».
Шунинг учун ҳам куфр келтирганларга мазкур азобни раво кўргандир.
Уламолар ушбу даҳшатли ҳолатни тушунтириш учун бир қанча ривоятлар келтирганлар.
Ибн Аби Ҳотим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда шундай дейилади:
«Бир одам ҳазрати Умарнинг ҳузурларида мазкур оятни ўқиган эди, у киши:
– Бу оятни менга яна қайтариб ўқиб бер, – дедилар. У одам қайта ўқиди. Шунда Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу:
– Бу оятнинг тафсирини мен биламан, териси бир соатда етмиш марта алмаштирилади, – дедилар. Ҳазрати Умар:
– Худди шуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман, – дедилар».
Демак, ўт-олов кучли бўлганидан, уларни бир зумда куйдириб, жизғанак қилиб ташлайди ва яна янгидан азоб чекишлари учун тезда терилари янгиланади. Аммо у терилар бу дунёдаги териларга ўхшаш бўлмайди, Аллоҳ таоло дўзахийларнинг азобини янада кучайтириш учун териларини ҳам бошқача қилиб қўйган бўлади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дўзах аҳлининг жисмлари дўзахда катталаштирилади. Ҳатто қулоқ учларидан бўйинларигача бўлган масофа етти юз йиллик йўлчалик бўлади. Териларининг қалинлиги етти чиғаноқчалик бўлади. Тишлари эса Уҳуд тоғича бўлади», – деганлар. Энди мана шундай бадан ва терининг соатига етмиш марта куйиб-битиб, алмашишини тасаввур қилиб олаверинг! Аллоҳ Ўзи асрасин. ("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!