Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Закот олиб қарзига тўлаш

12:29 / 18.06.2017 | Bilolxon | 4517

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, ўрта ҳолдаги киши агар одамлардан қарзи бўлса закот пулини олиб қарзига тўласа бўладими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Ўзи бой бўлган киши қарздор бўлса, закот олиши жоиз бўлмайди. Ўлик моллари закот беришда ҳисобланмасада, закот олишда ҳисобланади. Нисоб уч хил бўлади. 1. Закот бериш вожиб бўлиши учун нисоб; 2. Закот олмаслик учун белгиланадиган нисоб. 3. Тиланишни ҳаром қиладиган нисоб. Биринчи нисобни белгилашда ҳожати аслийдан ташқари номий (ўсиб турувчи) моллари ҳисобланади. Масалан: тилло, кумуш, нақд пуллар, тижорат моллари ва закоти берилиши шариатда белгиланган чорва ҳайвонлари. Иккинчи нисобни белгилашда эса, ҳам номий, ҳам номий бўлмаган молларни ҳисоб қилинади. Ўсиб турувчилари юқоридагилардан маълум. Номий бўлмаганлари эса, тижорат мақсадида бўлмай ўғиллар учун сотиб олинган қуруқ ерлар, (ўзи ўтирган уйининг ёнидаги хоналардан ташқари) ижарага берилмай бўш турган уйлар, ўғил-қизга бериш мақсадида олиб қўйилиб, уларга мулк қилиб берилмаган сеп-сидириғлар(агар уларга мулк қилиб берилган бўлса, олган ўғил қизларнинг нисобига ҳисоб қилинади), ҳеч вақт истеъмол қилинмайдиган сувенир ва идишлар, телевизор ҳам ҳожати аслийдан ташқари мол ҳисобланади. Бу нарсалар гарчи закот беришда ҳисобга олинмасада, закот олишда ҳисобга олинади. Кимнинг ҳожати аслийсидан ташқари юқорида зикр қилинган нарсалари бор бўлиб, закот нисобига етса, ундай кишиларга закот олиш жоиз эмас. Лекин, зиммасига қурбонлик қилиш, ҳамда фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Биринчи нисобни билиш, закот берувчилар учун зарур. Иккинчи нисобни билиш эса, ҳам берувчи(ўз ўрнига бериши учун), ҳам олувчи учун зарурдир. Чунки бу нисобга ҳам кўп ҳукмлар тааллуқлидир. Масалан, садақаи фитр бериш ва қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Садақа олмаслик (ҳадя бўлса жоиз), назр қилинган гўштни емаслик, назр қилинган нарсаларни олмаслик керак бўлади. Учинчи нисоб бир кунлик егулиги бўлатуриб, тиланчилик қилиши ҳаром бўлган нисобдир. (Умдатул фиқҳ). Баъзи бирлар “нисобга эга бўла туриб, ёнида нақд пули бўлмаса қурбонлик қилиш вожиб эмас” деган гапларни айтишади. Бу нақд пули ҳам, ҳожати аслиядан ташқари сотадиган нарсаси ҳам бўлмаган ҳолатдадир. Қарз олиб қурбонлик қилишга келадиган бўлсак, қарз берувчи қурбонлик қилишингизни билиб туриб берса, жоиз. Ёнида нақд пули бўлмагани учун қарз олишга мажбур бўлса, қарз олиш лозим. Қарзи бўла туриб, қарзини узмасдан қурбонлик қилиш эса, жоиз эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қарзини узишга қодир бўла туриб бермаслик, зулмдир” деганлар. Ҳақдордан қурбонлик қилишни сўралганида рози бўлса, жоиз. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat