Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жаннатга кириш

20:30 / 29.11.2017 | Otabek | 6815

Ассалому алайкум! Саволим нотўғри бўлса олдиндан узр. Жаннатга фақатгина мусулмон инсонгина ҳақлими ёки бошқа динга эътиқод қилиб яхши инсон бўлса кира оладими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Моида” сурасида марҳамат қилади:

لَقَدْ كَفَرَ الَّذِينَ قَالُواْ إِنَّ اللّهَ هُوَ الْمَسِيحُ ابْنُ مَرْيَمَ وَقَالَ الْمَسِيحُ يَا بَنِي إِسْرَائِيلَ اعْبُدُواْ اللّهَ رَبِّي وَرَبَّكُمْ إِنَّهُ مَن يُشْرِكْ بِاللّهِ فَقَدْ حَرَّمَ اللّهُ عَلَيهِ الْجَنَّةَ وَمَأْوَاهُ النَّارُ وَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ أَنصَارٍ۝

72. «Албатта, Аллоҳ Масиҳ ибн Марямдир», деганлар батаҳқиқ, кофир бўлдилар. Масиҳ эса: «Эй Бану Исроил, менинг Роббим ва сизнинг Роббингиз – Аллоҳга ибодат қилинг. Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва унинг жойи оловдир. Ва золимларга ҳеч қандай нусрат берувчилар йўқдир», – деди. 

Ийсо алайҳиссаломдан кейин насоролар у зот олиб келган соф ақийдани қандай қилиб бузганларини аввалги оятлар тафсирида ўргандик. Бу оятда эса ўша залолат ботқоғига ботган насороларнинг 

«Албатта, Аллоҳ Масиҳ ибн Марямдир», – деганлари куфр экани, уларнинг бу ақийдаси ва гапи Масиҳ ибн Марямнинг айтганларига ҳам буткул зид эканининг баёни келмоқда. Чунки Масиҳ ибн Марям алайҳиссалом ҳеч қачон насороларга «Мен Худоман, менга ибодат қилинг», демаганлар. У зот алайҳиссалом ўзларига эргашганларга: 

«...менинг Роббим ва сизнинг Роббингиз – Аллоҳга ибодат қилинг», – деганлар. У зот ўзларини ҳам бошқалар қатори, банда ҳисоблаганлар. Шу билан бирга, у киши одамларни умуман ширкдан – «Аллоҳнинг шериги бор», дейишдан қайтарганлар. Тавҳидга – ягона Аллоҳга эътиқод ва ибодат қилишга чақирганлар. Масиҳ ибн Марям алайҳиссалом насороларга: 

«Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва унинг жойи оловдир», – деганлар. Аммо Аллоҳга берган мийсоқ – аҳдномани бузган насоролар эса «Масиҳ ибн Марям Худодир», деб, Масиҳ ибн Марямнинг ўзлари таъкидлаб айтган маълумотнинг тескарисини қилмоқдалар. Бу улар томонидан бўлаётган катта зулмдир. 

«Ва золимларга ҳеч қандай нусрат берувчилар йўқдир».  

لَّقَدْ كَفَرَ الَّذِينَ قَالُواْ إِنَّ اللّهَ ثَالِثُ ثَلاَثَةٍ وَمَا مِنْ إِلَهٍ إِلاَّ إِلَهٌ وَاحِدٌ وَإِن لَّمْ يَنتَهُواْ عَمَّا يَقُولُونَ لَيَمَسَّنَّ الَّذِينَ كَفَرُواْ مِنْهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ۝

73. «Албатта, Аллоҳ учтанинг биридир», деганлар батаҳқиқ, кофир бўлдилар. Ягона Илоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ! Агар айтаётганларидан қайтмасалар, улардан куфр келтирганларини албатта аламли азоб тутадир. 

Насроний динидагиларнинг мантиқсиз, ўзлари ўйлаб чиқарган, ҳақиқий диний таълимотни бузиб кўрсатадиган ақийдаларидан бири ушбу оятда муҳокама қилинмоқда. Улар: «Аллоҳнинг табиати бир-бирига тенг учта кўринишдан – Ота худо, ўғил худо ва Муқаддас руҳдан иборатдир. Ўғил худо, яъни Ийсо воситаси ила бутун махлуқот Ота худога улашади. Шу билан бирга, ўзларини тавҳид ақийдасида эканларини даъво қиладилар. Худди мана шу мантиқсизлик қадимдан насоролар ўртасида турли келишмовчиликларни келтириб чиқарган. Ҳозирги кунда одамларнинг масиҳий динидан четланишида ҳам худди шу сабаб бор. Бир оз ақлини ишлатган одам бу сафсатани мутлақо қабул қила олмайди. Чунки соғлом ақл далолат қилган нарса: 

«Ягона Илоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ!» Бундан бошқа гапни айтиб, бузуқ эътиқод қилиб юрганлар ботил фикрларидан қайтмоқлари лозим: 

«Агар айтаётганларидан қайтмасалар, улардан куфр келтирганларини албатта аламли азоб тутадир». Бу муқаррар нарса. Бўлажак аламли азобдан ҳамма тириклик пайтида қутулиб олиши мумкин. Бунинг учун:

أَفَلاَ يَتُوبُونَ إِلَى اللّهِ وَيَسْتَغْفِرُونَهُ وَاللّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ۝

74. Аллоҳга тавба қилиб, Ундан мағфират сўрамайдиларми?! Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. 

У Зот тавба қилганларнинг тавбасини қабул этади. У Зот истиғфор айтганларнинг гуноҳини кечиради. Фурсат ўтмасдан аввал, бузуқ ақийдаларидан қайтиб, тавба қилсинлар, тўғри ақийда бўлмиш Ислом ақийдасига ишонсинлар ва ўтган гуноҳларини кечишини сўраб, Аллоҳга истиғфор айтсинлар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: وَالَّذِي نَفْسُ مَحَمَّدٍ بِيَدِهِ لَا يَسْمَعُ بِي أَحَدُ مِنْ هَذِهِ الْأُمَّةِ يَهُودِيٌّ وَلَا نَصْرَانِيٌّ ثُمَّ يَمُوتُ وَلَمْ يَؤْمِنْ بِالَّذِي أُرْسِلْتُ بِهِ إِلَّا كَانَ مِنْ أَصْحَابِ النَّارِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зот билан қасамки, ушбу умматдан бирортаси – яҳудийсими, насронийсими, менинг ҳақимда эшитсаю, сўнгра менга юборилган нарсага иймон келтирмай ўлиб кетса, албатта, дўзах эгаларидан бўлади», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳининг бу ҳадисни Аллоҳ фақат Ислом дининигина қабул қилиши ҳақидаги фаслда келтиришларининг сабаби очиқ-ойдин кўриниб турибди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни «Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зот билан қасамки» деб, Аллоҳ таоло билан қасам ичиб, бошламоқдалар. Шунинг ўзи ҳадисда келадиган гап ўта аҳамиятли эканлигини кўрсатади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий нарсаларга Аллоҳ таоло билан қасам ичмайдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ушбу умматдан» деган ибораларини тушунишимиз учун бир оз изоҳ лозим бўлади. «Уммат» Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан иккига бўлинади. Биринчиси – умумий маънодаги уммат. Бу уммат «Уммати даъват», яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари қаратилган уммат дейилади. Бу уммат ер юзининг барча аҳолисидир, чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари ер юзининг барча аҳолисига қаратилган. Иккинчиси – хос маънодаги уммат. Бу уммат «Уммати ижобат», яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларига ижобат қилган, динларини қабул қилган уммат, дейилади. Булар ер юзидаги барча мусулмонлардир. Ушбу ҳадиси шарифда гап «Уммати даъват» – бутун ер юзи аҳолиси ҳақида кетмоқда. Демак, ер юзида ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида, у кишининг динлари ҳақида эшитса, унга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, Ислом динига кириш лозим бўлади. Агар кирмаса, кофир бўлади, дўзахга тушади. Ҳадисда «яҳудийсими, насронийсими» деб, икки динга мансуб бўлган қавмлар алоҳида зикр қилинишининг ҳам сабаби бор. Ушбу ҳадис айтилган пайтда яҳудийлик ва насронийлик ер юзидаги илоҳий таълимот асосидаги динлар эди. Аллоҳ таоло уларнинг қавмига Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларни пайғамбар қилиб юборган, Таврот ва Инжил китобларини туширган эди. Бу қавмлар аҳли китоб деб аталади. Уларга алоҳида муносабатда бўлинади, чунки уларнинг ер юзидаги бошқа дин аҳлларидан фарқи бор. Бошқа динларнинг илоҳий, самовий дин эканлиги маълум эмас. Аллоҳ таоло уларга пайғамбар юборгани, китоб туширгани ҳам аниқ эмас. Модомики яҳудий ва насроний қавмлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида эшитганларида иймон келтиришлари лозим экан, динларининг самовий эканлиги маълум бўлмаган, умуман дини йўқ ёки сохта динларга эътиқод қилиб юрганларнинг иймон келтириши лозимлиги турган гап. Яҳудий дини самовий дин бўлган. Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларни бу диннинг пайғамбарлари қилиб юборган. Тавротни ўша диннинг муқаддас китоби қилиб туширган. Шу билан бирга, бу дин вақтинчалик эканлигини, кейин яна бошқа дин келишини айтган. Ниҳоят, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом дини билан келишлари ҳақида ҳам башорат берган. Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юбориб, у зотга Инжилни тушириши билан яҳудий дини ва Таврот китоби амалдан қолди. Аммо бу диндан фойда олиб турган бошлиқлар бу ҳақиқатни эътироф қилмадилар. Ийсо алайҳиссаломга иймон келтириш ўрнига у зотга душманлик қилдилар, «Тавротда башорати берилган пайғамбар бу эмас, бошқа», дедилар. Ийсо алайҳиссаломга иймон келтириб, масийҳий, яъни насроний бўлганлар у кишининг шариатларига, Инжилга амал қилиб юрдилар. Вақт ўтиши билан динни ва Инжилни бузсалар ҳам, барибир ўзларини «Насроний» деб, «Инжил аҳли» деб юрдилар. Аллоҳ таоло уларга ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом дини билан келишлари ҳақида башорат берган эди. Бу ҳақда алоҳида китоблар ҳам ёзилган. Кези келганда, Аллоҳ хоҳласа, бу тўғрида батафсил гапирамиз. Вақти-соати келгач, Аллоҳ таоло Ўзининг ҳақ ваъдасига вафо қилиб, Ўзи башорат берган сўнгги Расули – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги ва мукаммал дин – Ислом дини ила бутун башариятга пайғамбар этиб юборди. Насроний дини ҳам, Инжил ҳам амалдан қолди. Ўзини билган яҳудий ва насронийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарларини эшитишлари билан у зотга иймон келтириб, мусулмон бўлдилар. Кўпчилик эса яна нотўғри таъвилга ўтиб, «Таврот ва Инжилда башорати берилган пайғамбар бошқа» деб, иймон келтирмади. Демак, Исломнинг оламийлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ер юзининг барча аҳолисига пайғамбарликларининг маъноси шу. Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда: «Ушбу умматдан бирортаси – яҳудийсими, насронийсими менинг ҳақимда эшитсаю, сўнгра менга юборилган нарсага иймон келтирмай ўлиб кетса, албатта, дўзах эгаларидан бўлади», дедилар. Шунга биноан ер юзи аҳолисидан кимга Ислом чақириғи етса, мусулмон бўлмоғи лозим. Исломни қабул қилмаса, кофир бўлади ва дўзахга тушади. Ислом чақириғи етмаган кишилар эса «фитрат аҳли» дейилади. Чақириқ етмагани учун уларни кофир деб ҳукм чиқарилмайди, дўзахга тушишлари ҳақида ҳам ҳукм қилинмайди. Улар фитрат аҳли деб номланадилар ва қиёматда бошқа жонзотлар қатори тупроққа қоришиб кетадилар. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, бизларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати ижобатидан бўлишга муяссар қилди. Юртларимизни қадимдан Ислом нури ила мунаввар айлади. Халқларимизни чин мухлис мусулмонлардан қилиб, Ислом учун хизмат қилган машҳур халқлардан қилди. Халқимиздан чиққан уламоларни Ислом оламининг пешқадам уламоларидан қилди. Ушбу китобда ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганар эканмиз, деярли ҳар бир ҳадисда Бухорий, Насаий, Термизий каби имомларимизнинг хизматлари борлигига гувоҳ бўлиб, фахрланиб турибмиз. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдаларни такрорлашнинг ҳожати йўқ. Фақат ўрганиш, тушуниб етиш ва уларга амал қилишимиз керак. Биз ҳақ йўлда, ҳақ динда эканлигимизни англаб етишимиз ва бу ҳақиқатни билганимизча бошқа кишиларга ҳам англатишимиз лозим. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat