Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, сизлар сабабли кўп нарсани ўргандим. Бунинг учун аввало раҳмат. Бир савол мeни анчадан бeри қийнайди, бир кишининг тоғаси ўзининг отаси, опа-сингилларини анча дилини оғритган, отаси вафот этгунча 3 йил умуман олдига кирмаган, касал бўлиб ётиб қолганда ҳам қўшни бўлишсада опа-сингиллари билан уришгани уришган экан. Ҳаттоки базиларига қўл ҳам кўтарган. Шунча ишидан сўнг улар билан алоқани узиши жоизми? Онаси эса бунга қарши, нима бўлса ҳам жигарим, ундай қилма дeяётган экан. Тоғасини болаларидан ёмонлик кўрмаган, улар билан алоқалари яхши экан. Қариндошлар билан алоқани узиш яхши эмаслигини биларкан, лeкин қилган ишларини эслаб нафратланиб кeтаркан. Ўзи шу ҳолатда қариндошлар билан алоқни узишга рухсат бормикин деб сўраётган эди. Аслида тоғасини қилган ишлари бундандан ёмон экан, лекин «қоғозга» ўраб айтибди. Аҳвол бунданда чатоқ экан. Жавобингиз учун раҳмат.
Ва алайкум ассалом!
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِي رِزْقِهِ وَأَنْ يُنْسَأَ لَهُ فِي أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Кимни ризқининг кенгайтирилиши ва ажалининг ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи раҳм қилсин», дедилар».
Учовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу дунёда яшаб турган ҳар бир одам боласи ризқининг кенгайтирилиши ва ажалининг ортга сурилишини орзу қилиб яшайди. Бу икки нарсадан насибадор бўлиш учун елиб-югуради ва саъй-ҳаракат қилади. Бу йўлда ҳар қандай қийинчиликларга ҳам дош беради. Бу ҳадисга амал қилган одам эса ўзига вожиб бўлган амални бажариб, зиммасидаги вазифани адо этади ва бир йўла ризқи ҳам кенгайтирилади, ажали ҳам ортга сурилади. Аллоҳ таоло силаи раҳм қилган, қариндош-уруғларига яхшилик қилган, ёрдам берган, хайр-эҳсон қилган одамнинг ризқини кенгайтириб қўяр экан, бойлигини зиёда қилиб қўяр экан. Четдан қараганда, силаи раҳм қилинса, қариндошига ёрдам берса, моли ёки пули камайиб қолгандек кўринади. Лекин Аллоҳ таоло бунинг эвазига унинг молини кўпайтириб берар экан ҳамда у банданинг яхшилик билан эсланиб юришини таъминлар экан. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Силаи раҳм жуда ҳам зарур иш экани. 2. Силаи раҳм ризқнинг кенг бўлишига сабаб бўлиши. 3. Силаи раҳм эгасининг ажали ортга сурилишига сабаб бўлиши. Силаи раҳм қанчалик аҳамиятга эга амал эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олсак бўлади.
وَلِلْبُخَارِيِّ وَأَبِي دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيَّ: لَيْسَ الْوَاصِلُ بِالْمُكَافِئِ وَلَكِنِ الْوَاصِلُ الَّذِي إِذَا قُطِعَتْ رَحِمُهُ وَصَلَهَا
Бухорий, Абу Довуд ва Термизийларнинг ривоятида:
«Силаи раҳм қилувчи берганга яраша қайтарган эмас. Балки силаи раҳм қилувчи – ўзининг силаи раҳми кесилганда уни боғлагандир», дедилар».
Шарҳ: «Фалончи менга яхшилик қилган эди, мен ҳам унга яхшилигини қайтариб қўйишим керак» деган маънода иш қилган одам силаи раҳм қилувчи ҳисобланмас экан. Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи қариндошлик алоқасини узиб қўйганга яхшилик қилувчи шахс экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда ўзларининг бошқа бир ҳадиси шарифларида: «Уч нарса Аллоҳнинг наздида карамли ахлоқдандир: сенга зулм қилганни авф қилмоғинг, сени маҳрум қилганга ато бермоғинг ва сен билан алоқани узган билан алоқа боғламоғинг», деганлар. Бас, биз билан алоқани узган қариндошлар билан алоқани яхшилашга ҳаракат қилайлик.
وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الرَّحِمَ شَجْنَةٌ مِنَ الرَّحْمَنِ، فَقَالَ اللهُ: مَنْ وَصَلَكِ وَصَلْتُهُ وَمَنْ قَطَعَكِ قَطَعْتُهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм Роҳмандан олингандир. Бас, Аллоҳ «Ким сени боғласа, Мен ҳам боғлайман. Ким сени узса, Мен ҳам уни узаман», деди», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Силаи раҳмдаги «раҳм» сўзи Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлмиш Роҳман исмидан олинган. Шунинг учун Аллоҳ таоло силаи раҳм қилган киши билан алоқа қилади ва силаи раҳмни кесган кишидан алоқани кесади. Бу маънони тўлиқ тушуниб етмоғимиз ва унга алоҳида эътибор билан муносабатда бўлишимиз лозим. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!