Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Оила қуриш

21:40 / 09.10.2023 | Qobil | 662

Ассалому алайкум! Қайси қариндошга уйланиш мукун эмас?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Никоҳи ҳаром бўлган аёллар

Аллоҳ таоло турли сабаб ва ҳикматларга кўра ҳар бир эркакка бир неча тоифа аёлларнинг никоҳини ҳаром қилган. Эркак киши уларга уйланиши мумкин эмас, бундай қилиш ҳаром ҳисобланади. Ким бу ишни қилса, гуноҳкори азим бўлади. Мазкур гуноҳга ботиб қолмаслик учун ҳар бир мусулмон шахс ушбу масалани яхшилаб тушуниб олмоғи керак.
«Мухтасари Виқоя»нинг соҳиби бу масалани қуйидагича баён қиладилар.
Қуйидагилар ҳаром бўлади: асли, фаръи, яқин аслининг фаръи, узоқ аслининг сулбидан бўлган қизи, хотинининг онаси ва жинсий яқинлик қилган хотинининг қизи, аслининг ва фаръининг хотини. 
1. Асли, яъни онаси, момолари: отасининг онаси ва онасининг онаси ва ҳоказо.
2. Фаръи, яъни қизи, фарзандларининг қизлари, яъни қиз набиралари.
3. Яқин аслининг фаръи, яъни ота ва онасидан тарқалганлар – опа-сингиллари.
4. Узоқ аслининг сулбидан бўлган қизи, яъни бобо ва момоларининг қизлари – амма ва холалари.
5. Хотинининг онаси, у хотин билан қовушганми, йўқми, барибир.
6. Жинсий яқинлик қилган хотинининг бошқа эридан бўлган қизи. Агар бир хотинни никоҳига олган, аммо унга яқинлик қилмаган бўлса, ундан ажраб, мазкура аёлнинг бошқа эридан бўлган қизига уйланса бўлади.
7. Аслининг ва фаръининг хотини, яъни отасининг ва ўғлининг хотини.
Ушбу тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаромлигига ояти карималардан ва ҳадиси шарифлардан бир қанча далиллар бор:

 حُرِّمَتْ عَلَيْكُمْ أُمَّهَاتُكُمْ وَبَنَاتُكُمْ وَأَخَوَاتُكُمْ وَعَمَّاتُكُمْ وَخَالاَتُكُمْ وَبَنَاتُ الأَخِ وَبَنَاتُ الأُخْتِ وَأُمَّهَاتُكُمُ اللاَّتِي أَرْضَعْنَكُمْ وَأَخَوَاتُكُم مِّنَ الرَّضَاعَةِ وَأُمَّهَاتُ نِسَآئِكُمْ وَرَبَائِبُكُمُ اللاَّتِي فِي حُجُورِكُم مِّن نِّسَآئِكُمُ اللاَّتِي دَخَلْتُم بِهِنَّ فَإِن لَّمْ تَكُونُواْ دَخَلْتُم بِهِنَّ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ وَحَلاَئِلُ أَبْنَائِكُمُ الَّذِينَ مِنْ أَصْلاَبِكُمْ وَأَن تَجْمَعُواْ بَيْنَ الأُخْتَيْنِ إَلاَّ مَا قَدْ سَلَفَ إِنَّ اللّهَ كَانَ غَفُورًا رَّحِيمًا۝ وَالْمُحْصَنَاتُ مِنَ النِّسَاء إِلاَّ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ كِتَابَ اللّهِ عَلَيْكُمْ 

Аллоҳ таоло:
«Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари – агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ – ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.
Қўлингизга мулк бўлганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди). Бу сизларга Аллоҳнинг ёзганидир», деган (Нисо сураси, 23-24-оятлар).
Ислом шариати мусулмон эркакларга уйланишни ҳаром қилган тоифалардан баъзилари ушбу оятда баён қилинган.
Ислом шариатида улкан ҳикматларни эътиборга олиб, насаб алоқаси, эмикдошлик алоқаси ва қудачилик алоқаси туфайли маълум тоифа аёлларнинг никоҳи маълум тоифа эркакларга ҳаром қилинган. Буни алоҳида-алоҳида ўрганиб чиқайлик:
Насаб алоқаси туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар:
«Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари...» ҳаром қилинди.
1. Никоҳи ҳаром қилинган аёллар тоифаси ояти каримада «оналар»дан бошланган.
Бу нарса насаб жиҳатидан асл бўлганларнинг никоҳи ҳаромлигига ишорадир. Яъни эркак кишининг ўз онасига, ота-онасининг оналарига никоҳланиши ҳаромдир.
2. Кейинги тоифа «қизларингиз»дир.
Бунга кишининг ўзидан тарқаган зурриётлари, жумладан, набира қизлари ва улардан кейинги табақалар ҳам киради.
3. «Опа-сингилларингиз...» 
Туғишган бўлса ҳам, ота бир, она бошқа ёки она бир, ота бошқа бўлса ҳам, опа-сингилларнинг никоҳлари ҳаромдир.
4. «Аммаларингиз ва холаларингиз...» 
Булар билан ҳам насаб алоқалари бўлиб, бу одамлар ҳам юқорида зикр қилинган тоифаларга ўхшашдир. Амма-холалар, одатда, онанинг ўрнига ўтадиган, ота ва она тарафнинг вакиллари ҳисобланади. Улар билан никоҳда бўлиш соғлик, ахлоқ-одоб ва қариндошлик жиҳатларидан катта зарарлар келтиради.
5. «Ака-укаларингизнинг қизлари ва опа-сингилларингизнинг қизлари...» 
Булар ҳам насаб томонидан алоқадор бўлиб, аввалги зикр қилинган ва яна Аллоҳ таолонинг Ўзи биладиган бошқа ҳикматлар сабабли никоҳлари ҳаром қилинган.
Қудачилик асосида никоҳи ҳаром қилинган аёллар:
«...хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари (ҳаром қилинди) – агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга (қизларига уйланишингизда) гуноҳ йўқ – ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Магар, аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».
1. «Хотинларингизнинг оналари...» 
Қайноналар ва катта қайноналарга (қайнота тарафдан бўлса ҳам, қайнона тарафдан бўлса ҳам) уйланиш куёв учун ҳаром. Булар қудачилик алоқалари туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар тоифасига кирадилар.
2. «Ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари...» 
Шариат ҳукми бўйича, эркак ва аёл рози бўлиб, никоҳ ақди ўтиши билан эр-хотинга айланадилар. Бирга эр-хотинлик қилиб яшасалар, араб тилида «духул бўлди», дейилади. Аммо никоҳ ақдидан сўнг бирга яшамаган ҳоллари ҳам бўлиши мумкин. Бу икки ҳолатнинг ўзига хос ҳукмлари бор. Ушбу ҳолатларни биз таржимада «қовушган» ёки «қовушмаган» деб зикр қилдик.
Ана ўша ҳолатларга тегишли ҳукмлардан бири никоҳи ҳаром бўлган аёллар масаласида ҳам келмоқда. Яъни бир одам аёл киши билан ақди никоҳни ўтказган бўлса ва «духул» қилган, яъни қовушган ҳам бўлса, ўша хотиннинг аввалги эридан бўлган қизи бу эркакка ҳаром бўлади.
Аммо юқоридаги шартга кўра, ақди никоҳ бўлган-у, ҳали духул бўлмаган аёл билан ажрашса, унинг қизига уйланса бўлади.
3. «Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари...» 
Яъни келинлар. Бу ерда «пуштингиздан бўлган ўғилларингиз» деб қайд қилиш билан бирга, тутинган ўғиллар бу ҳукмга кирмаслиги аён бўлмоқда. Келинларга уйланишни ман қилишда ахлоқий, инсоний эътиборлар билан бирга, худди юқоридаги ҳолатларга ўхшаб, қариндошлик алоқаларини эҳтиётлаш ҳикмати ҳам бор.
4. Оталарнинг хотинлари.
Аллоҳ таоло: 

 وَلاَ تَنكِحُواْ مَا نَكَحَ آبَاؤُكُم مِّنَ النِّسَاء إِلاَّ مَا قَدْ سَلَفَ إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَمَقْتًا وَسَاء سَبِيلاً۝

«Оталарингиз ўз никоҳларига олган аёлларни никоҳингизга олманг! Аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, у фаҳш иш, жирканч ва жуда ҳам ёмон йўлдир!» деган (Нисо сураси, 22-оят).

 عَنِ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ، قَالَ مَرَّ بِي عَمِّي الْحَارِثُ بْنُ عَمْرٍو، وَمَعَهُ لِوَاءٌ، قَدْ عَقَدَهُ لَهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقُلْتُ لَهُ أَيْ عَمِّ، أَيْنَ بَعَثَكَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ؟ قَالَ بَعَثَنِي إِلَى رَجُلٍ تَزَوَّجَ امْرَأَةَ أَبِيهِ، فَأَمَرَنِي أَنْ أَضْرِبَ عُنُقَهُ رَوَاهُ أَحْمَدُ 

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Амаким Ҳорис ибн Амр Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам берган байроқни кўтариб, олдимдан ўтиб қолди. Ундан: 
«Ҳа, амаки, Набий алайҳиссалом сизни қаёққа юбордилар?» деб сўрадим. У киши: 
«Отасининг хотинига уйланган кишига юбордилар, унинг калласини олишни буюрдилар», деди».
Имом Аҳмад ривоят қилган.
Мазкур тоифаларнинг никоҳи абадий ҳаромдир.
Шуларнинг ҳаммаси эмикдошлик орқали бўлганда ҳам.
Эмизиш туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар:
«...эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз...»нинг никоҳи ҳаром қилинди.
Бу жумлада эмиш орқали никоҳи ҳаром бўлган аёллар зикр қилинмоқда. Ояти каримада фақат икки тоифа – эмиш туфайли аслга айланган, яъни она бўлганлар ва уларнинг шохобчалари бўлмиш эмикдош опа-сингилларгина зикр қилинмоқда. Яъни насаб жиҳатидан қайси тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмиш туфайли ҳам ўша тоифаларнинг никоҳи ҳаром бўлади.
Бундай ҳукмлар остига кирадиган эмиш шуки, икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг онасидан бошқа сутли аёлни эмишидир. Ана ўшанда у аёл боланинг онасига, аёлнинг эри эса отасига, болалари ака-укаси ва опа-сингилларига айланадилар. Шунингдек, бошқа қариндошлар ҳам эмган болага хеш бўладилар.

 عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَحْرُمُ مِنَ الرَّضَاعَةِ مَا يَحْرُمُ مِنَ الْوِلَادَةِ رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Туғилиш туфайли ҳаром бўлганлар эмизиш туфайли ҳам ҳаром бўлади», дедилар». 
Бешовлари ривоят қилишган.
Туғишганлик, яъни насаб алоқаси бўйича қайси тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмизиш орқали, яъни бировнинг боласини бегона аёл эмизиши туфайли содир бўладиган эмикдошлик яқинлиги туфайли ҳам ўша тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлади.
Мисол учун, туққан онасининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмизган онасининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади. Туғишган синглисининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмикдош синглисининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади ва ҳоказо.

 وَرُغِّبَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فيِ نِكَاحِ بِنْتِ عَمِّهِ حَمْزَةَ، فَقَالَ إِنَّهَا لَا تَحِلُّ لِي، إِنَّهَا ابْنَةُ أَخِي مِنَ الرَّضَاعَةِ، وَيَحْرُمُ مِنَ الرَّضَاعَةِ مَا يَحْرُمُ مِنَ الرَّحِمِ رَوَاهُ الشَّيْخَانِ

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга амакилари Ҳамзанинг қизини никоҳлаб олиш тарғиб қилинди. Шунда у зот: 
«У (қиз) менга ҳалол бўлмайди, чунки у эмикдош акамнинг қизидир. Қариндошлик туфайли ҳаром бўлганлар эмикдошлик туфайли ҳам ҳаром бўладилар», дедилар». 
Икки шайх ривоят қилишган.
Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликларида ўз амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни эмизган аёлни эмган эдилар. Улар бир-бирлари билан эмикдош ака-ука эдилар. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қизларига уйланишдан бош тортдилар. Бу иш худди насабий аканинг қизига уйланишдек ҳаром эканини баён этдилар.
Шунингдек, ўзи билан зино қилган, ўзи ушлаган ёки уни ушлаган ва ички фаржига шаҳват билан назар солинган аёлнинг фаръи ҳам, асли ҳам ҳаром бўлади.
Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен жоҳилиятда бир аёл билан зино қилган эдим. Унинг қизига уйлансам бўладими?» деди. Ул зот: «Буни жоиз деб билмайман», дедилар.
«Ал Fоятус Самъония» номли китобда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 مَنْ نَظَرَ إِلَى فَرْجِ امْرَأَة، لَمْ تَحِلَّ لَهُ أُمُّهَا وَلَا بِنْتُهَا أَخْرَجَهُ ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ مِنْ حَدِيثِ أُمِّ هَانِئٍ مَرْفُوعًا

«Ким бир аёлнинг фаржига шаҳват билан назар солса, унга ўша аёлнинг қизи ҳам, онаси ҳам ҳаром бўлади», деганлар.
Ибн Абу Шайба Умму Ҳонеънинг ҳадисидан марфуъ ҳолда чиқарган.
Тўққиз ёшдан кичик қизлар иштаҳа тортадиган эмас.
Бас, шу ёшдан кичик қизларни ушласа ва уларга назар солса, аввалги сатрларда ўтган ҳукмлар собит бўлмайди.  (“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat