Ассалому алайкум! Аллоҳ қилаётган ишларингизни ажрини берсин. Саволим шуки мен баъзи ишларимни бажараётганимда аудио мп3 Қуръон тинглаб қилардим. Бир дўстим бу ишим нотўғри эканини Қуръон янграётган пайти доим ўтириб жим тинглаш кераклигини айтди. Лекин мен тинглаб иш қилсам ишимда барака бўлиб завқланиб ҳаракатда бўламан. Бу ишим жоизми? Жавоб учун катта раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасида марҳамат қилади:
وَإِذَا قُرِىءَ الْقُرْآنُ فَاسْتَمِعُواْ لَهُ وَأَنصِتُواْ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
204. Қачон Қуръон тиловат қилинса, унга қулоқ солинглар ва жим туринглар, шояд, раҳм қилинсангиз. Ушбу ояти каримадан фуқаҳолар намозда жим туриб эшитишни ҳукмини олганлар. Шундай бўлсада намоздан ташқарида ҳам Қуръонга қулоқ тутиш зарурдир. Бу билан асосий мақсад Қуръонни тинглашдир. Юриб тингланиладими, ўтириб тингланиладими ёки бемор ётиб олиб тинглайдими фарқи йўқ. Хунарманд ёки бирор ишчи қулоғи бекор турмаслиги учун мусиқа қўйиб қўйгани каби бўлмаслиги керак. Валлоҳу аълам!