Ваалайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:
وَلَئِنْ أَتَيْتَ الَّذِينَ أُوْتُواْ الْكِتَابَ بِكُلِّ آيَةٍ مَّا تَبِعُواْ قِبْلَتَكَ وَمَا أَنتَ بِتَابِعٍ قِبْلَتَهُمْ وَمَا بَعْضُهُم بِتَابِعٍ قِبْلَةَ بَعْضٍ وَلَئِنِ اتَّبَعْتَ أَهْوَاءهُم مِّن بَعْدِ مَا جَاءكَ مِنَ الْعِلْمِ إِنَّكَ إِذَاً لَّمِنَ الظَّالِمِينَ
145. Агар китоб берилганларга барча ҳужжатларни келтирсанг ҳам, сенинг қиблангга эргашмаслар. Сен ҳам уларнинг қибласига эргашувчи эмассан. Ва улар бир-бирларининг қибласига эргашувчи эмаслар. Агар сенга келган илмдан кейин ҳам уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсанг, у ҳолда, албатта, сен золимлардан бўлурсан.
Ушбу ояти каримада аҳли китобларнинг табиати, феълидаги муҳим нуқта тушунтирилмоқда:
«Агар китоб берилганларга барча ҳужжатларни келтирсанг ҳам, сенинг қиблангга эргашмаслар».
Уларга ҳеч қандай ҳужжат керак эмас, уларнинг Исломга нисбатан душманликлари далил ва тушунчанинг етишмаслигидан эмас, балки билиб, тушуниб туриб қилинаётган душманликдир. «Аҳли китоблар қиблангга эргашмайдилар», – дейилишидан ҳам қибла бутун бошли дин ва миллатнинг рамзи экани кўриниб турибди. Шунинг учун ҳам:
«Сен ҳам уларнинг қибласига эргашувчи эмассан», – дейилмоқда.
«Ва улар бир-бирларининг қибласига эргашувчи эмаслар» деган жумладаги «улар» «Аҳли китоб» деган умумий ном остига бирлашган яҳудий ва насронийлардир. Улар Исломга қарши душманликлари туфайли бирга туюлсалар-да, уларнинг ўзаро зиддиятлари ниҳоятда кучлидир. Табиийки, ҳақиқий қибланинг эгаси уларнинг қибласига ҳеч қачон эргашмайди.
Мусулмонлар бу ҳақиқатни яхши тушуниб олмоқлари лозим.
Яҳудийлар ҳеч қачон насронийларнинг қибласига эргашмайдилар, уларнинг ораларида доимий душманлик ҳукм суради. Шунингдек, насронийлар ҳам яҳудийларга душмандирлар. Камига, яҳудийларнинг турли фирқалари бир-бирлари билан доимий душманликдадирлар. Насронийларнинг фирқалари орасидаги ўзаро душманлик ҳақида сўз очмасак ҳам бўлади. Улардаги ҳар бир мазҳаб ўзини алоҳида дин ҳисоблайди. Шундай бўлгандан кейин, қандай қилиб улар бир-бирларининг қиблаларига эргашсинлар?!
Ҳамма нарса очиқ ва равшан. Тўғри йўлни ҳам, илмни ҳам Аллоҳнинг Ўзи берган. Шундан кейин ҳам бошқаларнинг ҳавойи нафсига эргашган одам, албатта, зулм қилган бўлади.
«Агар сенга келган илмдан кейин ҳам уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсанг, у ҳолда, албатта, сен золимлардан бўлурсан», – дейилишининг боиси ҳам шу.
Хўш, нима учун аҳли китоблар Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирмаяптилар? Ёки улар у зотни танимаётганмиканлар? Йўқ!!! Ундай эмас!
الَّذِينَ آتَيْنَاهُمُ الْكِتَابَ يَعْرِفُونَهُ كَمَا يَعْرِفُونَ أَبْنَاءهُمْ وَإِنَّ فَرِيقاً مِّنْهُمْ لَيَكْتُمُونَ الْحَقَّ وَهُمْ يَعْلَمُونَ
146. Биз китоб берганлар уни худди болаларини танигандек танирлар. Ва албатта, улардан бир гуруҳлари билиб туриб, ҳақни беркитарлар.
Инсон ўз боласини ҳаммадан яхши танийди. Чунки бола унинг жигарбанди, унда ўзининг қони, ҳис-туйғулари ва бутун вужуди аксини топган. Баъзи ҳолларда боланинг ўзи у ёқда турсин, ҳидидан ҳам танийди. Шунга қиёсан, зарбулмасал қилиб айтиляптики,
«Биз китоб берганлар уни худди болаларини танигандек танирлар».
Чунки уларнинг муқаддас китоблари – Таврот ва Инжилда охирзамон Пайғамбари ҳақида очиқ-ойдин хабарлар келган. Яҳудийлардан инсофлилари ўша хабар асосида Набий алайҳиссаломга иймон келтириб, саҳобалик бахтига муяссар бўлганлар.
Ўшалардан бири Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу:
– Мен уни ўғлимдан ҳам яхши танийман, – деганлар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:
– Нима учун? – деб сўраганларида:
– Муҳаммаднинг пайғамбар эканига менинг ҳеч шубҳам йўқ, аммо ўғлимнинг онаси хиёнат қилган бўлиши мумкин, – деганлар. Шунда ҳазрати Умар у кишининг бошларидан ўпганлар.
«Ва албатта, улардан бир гуруҳлари билиб туриб, ҳақни беркитарлар».
Лекин аҳли китоблардан бир гуруҳлари ҳақни билиб турсалар-да, ҳасад қилиб, беркитадилар. Шу жумладан, Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканликлари ва қибла ҳақидаги илмни ҳам. Улардаги мавжуд ҳасад доимо ўзини кўрсатиб туради. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!