Ваалайкум ассалом! Бидъат деювчилар ҳам бор. Ишончли уламолар бўйинга масҳ тортилади деганлар.
ТАҲОРАТДА БЎЙИНГА МАСҲ ТОРТИШ
Танишларимиздан биридан оддий мусулмонларимизнинг динимизни ўрганишлари қандай бораётгани ҳақида сўрадим. У киши:
– Ҳамма иш яхши кетаётган эди, лекин ихтилофлар чиқиб, оддий мусулмонлар нима қилишларини билмай ҳайрон бўлиб қолишди, – деди.
– Оддий мусулмонларни ҳайрон қилиб қўйган масалалардан охиргиси қайси масала экан? – дедим мен муаммони тузукроқ билиш учун.
– Мисол учун, таҳоратда бўйинга масҳ тортишни ҳозиргача ҳамма «мустаҳаб» деб келган, омма ўқийдиган китобларда ҳам шундай ёзилган. Лекин янги чиққанлар: «Бу бидъат», дейишмоқда. Одамлар нима қилишларини билмай, ҳайрон. Сўрашга бирор одам топиш ҳам қийин, – деди танишим.
– Бундай ҳолатларда дарҳол далил-ҳужжат сўраш керак. «Нима учун бўйинга масҳ тортиш бидъат бўлади?» деб сўрамадингизми? – дедим мен.
– Бўйинга масҳ тортиш оятда ҳам, ҳадисда ҳам йўқ эмиш, уларда бўлмаган нарсани қилса, бидъат бўлар эмиш…
Сиртдан қараганда арзимас бўлиб кўринган бу масала кўпчилик оддий мусулмонларнинг иккиланишларига сабаб бўлгани бежиз эмас. Чунки «Таҳоратда бўйинга масҳ тортиш бидъатдир», деган тоифанинг сўзи бу билан тугамайди. Улар: «Таҳоратда бўйинга масҳ тортиш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Ҳар бир залолат дўзахдадир», дейишдан ҳам тап тортмасликлари мумкин. Агар шундай гап чиқадиган бўлса, таҳоратда бўйнига масҳ тортиб юрган бечораларнинг, уларнинг ота-боболарининг охиратдаги ҳоли нима бўлади?
Агар ушбу гап бидъат ҳақида юқорида зикр қилинган маънони ўз ичига олган ҳадиси шарифнинг жавҳарига мос бўлганда, унга қўшилиш ҳаммамизнинг бурчимиз бўлар эди. Аммо биз бу гапга мутлақо қўшила олмаймиз. Чунки бу гап мусулмонлар жумҳури ҳақ деб тан олган тўрт фиқҳий мазҳабдан энг каттаси – ҳанафий мазҳаби мужтаҳид уламолари қарийб ўн уч асрдан буён «мустаҳаб» деб келаётган амални «бидъат» деб эълон қилиш ҳақида кетмоқда.
Муҳтарам ўқувчи! Келинг, биргаликда ҳанафий уламолардан «Нима учун таҳоратда бўйинга масҳ тортишни мустаҳаб дегансиз?» деб сўраб кўрайлик. Ахир улар мусулмонларни ўн уч аср давомида бидъат ишга ундаб келмагандирлар?!
Бундай саволимизга жавоб қуйидагича бўлади:
Одамларни бидъатга, шариатимизда йўқ нарсага чақиришдан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин. Биз ҳеч қачон, ҳеч кимни бидъатга чақирганимиз йўқ. Биз шаръий масдарга суянмай туриб, ҳаргиз бирор ҳукм ҳақида оғиз очмаймиз. Таҳоратда бўйинга масҳ тортиш мустаҳаблигига қуйидаги далилларимиз бор:
Биринчи далил:
حَدَّثَنَا لَيْثٌ، عَنْ طَلْحَةَ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ؛ أَنَّهُ رَأَى رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، يَمْسَحُ رَأْسَهُ حَتَّى بَلَغَ الْقَذَالَ وَمَا يَلِيهِ مِنْ مُقَدَّمِ الْعُنُقِ مَرَّةً. رَوَاهُ أَحْمَدُ
Лайсдан, у Толҳадан, у отаси(Мусорриф)дан, у бобосидан ривоят қилинади:
«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларига масҳ тортганларини, бўйинларининг орт томонидан олд томонигача етказганларини бир марта кўрган».
Имом Аҳмад ривоят қилган.
Иккинчи далил:
Абулҳасан ибн Форис Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ва «саҳиҳ» деб таъкидланган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«مَنْ تَوَضَأَ، وَمَسَحَ بِيَدَيْهِ عَلَى عُنُقِهِ، وُقِيَ الْغُلَّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ»
Яъни:
«Ким таҳорат қилиб, икки қўли билан бўйнига масҳ тортса, қиёмат куни ғулдан сақланади».
Учинчи далил:
Имом Баззор Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда жумладан, шундай дейилган:
ثُمَّ مَسَحَ عَلَى رَأْسِهِ ثَلَاثًا، وَمَسَحَ ظَاهَرَ أُذُنَيْهِ، وَمَسَحَ رَقَبَتَهُ
Яъни:
«...Сўнгра бошларига уч марта, қулоқларининг сирт тарафига ва бўйинларининг сирт тарафига масҳ тортдилар».
Худди шу маънода бошқа ривоятлар ҳам бўлиб, уларнинг ҳаммаси бир-бирини қувватлаб келади. Яна нима керак? Ўзи ёки ўзига ёққан тараф билмаган ҳадисни топиб, амал қилганлар бидъатда айбланаверадими? Бошқалар ҳадисни топмаган бўлсалар, ҳанафийларда нима айб?
Биз юқоридаги сатрларда ҳозирда қайтадан ихтилофга сабаб бўлиб турган учтагина масалани мисол тариқасида муноқаша қилдик. Қолган ҳамма масалаларни ҳам худди шу тариқа муноқаша қилиш жуда ҳам осон иш. Бизнинг ниятимиз тортишиш эмас, ихтилофларга чек қўйиш бўлгани учун гапни чўзмадик. Мақсадимиз: эски ярани яна қўзғамай, тажрибадан ўтган ишончли йўлни маҳкам ушлашга даъватдир. Ана шунда ихтилофларга барҳам берилади, иншааллоҳ.
Ихтилофларнинг олдини олиш мақсадида, фиқҳий мазҳабларнинг Қуръон ва Суннат доирасида қилган ижтиҳодларини қайта қўзғаб, «Қани, кўрайлик-чи, кимнинг далили кучли экан», қабилида иш тутиш ҳам ман қилинган. Ҳатто баъзи бир кишилар илмда юқори даражаларга эришиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини кучсизидан ажратадиган даражага етса ҳам, ўзи учун фатво чиқариб олса майли-ю, кўпчиликнинг бошини айлантириб, ихтилоф чиқаришга сабаб бўлмасин, дейилган. Шунинг учун ҳам одатда, мазкур қоидаларни бузиб, ихтилоф чиқарган томон ҳар доим мазаммат қилинади. Ушбу баҳсимизда бетарафликни даъво қилсак-да, гоҳида гап бир томонламага ўхшаб қолиши ҳам ана шу қоида туфайлидир.
Ҳамма бало илмимизнинг йўқлигида. Билганларимиз жуда оз. Аммо жуда кўп нарсани даъво қиламиз. Билган жуда оз нарсамизга ўта мутаассиблик билан, бор илм шу, бундан бошқа нарса йўқ, деган нуқтаи назар билан қараймиз. Билмаган жуда кўп нарсамизни эса бутунлай инкор қиламиз. Натижада ҳозирда бошимиздан ўтиб турган ноқулай ҳолатларга дучор бўламиз.
Мазкур ишни ҳамаср уламоларимиз «бир китоб ва унёзар тасмаси маданияти» деб номламоқдалар. Дарҳақиқат, қўлимизга қаердандир тушиб қолган бир китобчани ўқиймиз-да, бутун дунёнинг илми шу китобчада жо бўлган, бундан бошқа илм йўқ, деган маънода иш тутишга ўтамиз. Унёзар (магнит) тасмасига ёки дискка ёзилган уч-тўрт тумтарақай маърўзани эшитиб олиб, дунёдаги мусулмонларнинг тўртдан учини ё кофир, ё мушрикка чиқариб юборамиз.
Ҳозирги кунда бутун Ислом уммати бир минг уч юз йилдан буён тан олиб, ардоқлаб, эҳтиром қилиб келаётган тўрт фиқҳий мазҳабларни инкор этиб, улар ҳақида нолойиқ гаплар айтиб, ўзини мужтаҳид санаб юрганларимиз аслида «бир китоб ва унёзар тасмаси маданияти»га мансуб кишилардир.
Биз ҳозир уларга фиқҳий мазҳаблар ҳақ экани ҳақида илмий баҳс тақдим қилиш ниятидан йироқмиз. Чунки ул биродарларимиз бундай баҳсни эътироф этишга тайёр бўлганларида, ҳозирги ноқулай ҳолат юзага келмаган бўлар эди. Ул биродарларимиз фиқҳий мазҳабларни инкор қилишдан олдин салаф уламоларимизнинг илмий баҳслари билан танишиб чиққан бўлар эдилар. Мазкур биродарларимиз фиқҳий мазҳабларни инкор қилишдек хатарли ишда ўзгаларга тақлид қилмоқдалар. Улар хусусан, чет элдан келган, ўзларини аллақандай номлар билан атайдиган шошқалоқ кишиларнинг этагини тутганлар. Улар бошқа томонларнинг гап-сўзларини эътиборга олмайдилар. (“Ихтилофлар, сабаблар ечимлар” китобидан). Валлоҳу аълам!