Яқинда бир танишим ҳозирги кунда жума куни сурилиб қолган бўлиши мумкин, деган фикрни айтди. Бунга мисол қилиб, ҳозирги қамарий ҳисоб билан шамсий (милодий) ҳисоб параллел олиб борилишида қандайдир чалкашликлар юзага келиши мумкинлигини сабаб қилди. Лекин фикрини тузукроқ исбот қилиб бермади.
Танишимнинг юқоридаги фикрида ҳақиқат борми? Ҳозирги ҳафта кунларининг тартиби Одам Атодан бошлаб ўзгармай келаётганига бирор-бир уламонинг далиллари бўлса, илтимос, хабар беришингизни сўрайман. Зеро, ҳамма замонда Ислом умматининг бир гуруҳи қиёматгача адашмай, тўғри йўлдан боради.
Танишингизнинг фикрида ҳақиқатнинг зарраси ҳам йўқ. Бу алаҳлашдан ҳам баттар нарса. Чунки қамарий ҳисоб ҳам, шамсий (милодий) ҳисоб ҳам етти кунлик ҳафталардан иборат. Ойлар 28, 29, 30, 31 кун бўлишининг ёки йил 354, 355, 365 кун 6 соат, 366 кун бўлишининг ҳеч қандай фарқи йўқ. Ҳар доим пайшанбадан кейин жума келаверади.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077