Ваалайкум ассалом!
عَنْ عَدِيِّ بْنِ حَاتِمٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا نَزَلَتْ - حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكُمُ الْخَيْطُ الأَبْيَضُ مِنَ الْخَيْطِ الأَسْوَدِ مِنَ الْفَجْرِ- قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي أَجْعَلُ تَحْتَ وِسَادَتِي عِقَالَيْنِ عِقَالًا أَبْيَضَ وَعِقَالًا أَسْوَدَ، أَعْرِفُ اللَّيْلَ مِنَ النَّهَارِ. وَزَادَ فِي رِوَايَةٍ: فَجَعَلْتُ أَنْظُرُ فِي اللَّيْلِ فَلَا يَسْتَبِينُ لِي، فَقَالَ عَلَيْهِ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ: إِنَّ وِسَادَتَكَ لَعَرِيضٌ، إِنَّمَا هُوَ سَوَادُ اللَّيْلِ وَبَيَاضُ النَّهَارِ
Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Токи тонг пайтида сизга оқ ип қора ипдан ажрагунча...» ояти нозил бўлганда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен кечадан кундузни билиш учун ёстиғим остига икки арқонни – бир оқ арқонни, бир қора арқонни қўйганман», дедим.
Бошқа ривоятда:
«Тунда қарай бошладим, ажратиб бўлмаяпти-ку!» дедим».
У зот алайҳиссолату вассалом:
«Ёстиғинг кенг экан. У кечанинг қоронғилиги ва кундузнинг ёруғлигидир», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ривоятда рўза ибодати янги жорий қилина бошлаган пайтда бўлиб ўтган латиф ҳодисани келтириш орқали оғизни қачон бекитиш кераклигиинг ҳукми баён этилмоқда.
Маълумки, Аллоҳ таоло оғизни бекитадиган вақтнинг ҳукмини маълум қилиш учун:
«Токи тонг пайтида сизга оқ ип қора ипдан ажрагунча енглар, ичинглар» деган оятни нозил қилган.
Ушбу оят нозил бўлганида баъзи кишилар, жумладан, Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу ҳам зикр қилинган «ип»дан мурод мажозий «ип» эканлигини англаб етмаганлар. Шунинг учун ҳам саҳарлик пайтида битта оқ рангли, битта қора рангли ар¬қонни олиб, уларнинг ранги қоронғида кўзларига алоҳида кўрингунча саҳарлик қилишга ўтганлар. Лекин бу ишларида ноқислик сезиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилганлар ва у зот оятда зикр қилинган ипдан мурод арқон эмас, кечанинг қоронғилиги ва кундузнинг ёруғлиги эканлигини тушунтириб берганлар.
Демак, рўза тутмоқчи бўлган одам тонг отгунча саҳарлик қилиши мумкин экан. Тонг отгандан сўнг эса саҳарликни тўхтатмоғи вожиб бўлади. Акс ҳолда рўзаси рўза бўлмайди. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!