Ассалому алайкум! Устоз, бизлар учун вақт ажартиб бераётган жавобларингиз учун каттакон раҳмат. Сақич борасида берган жавобизни ўқиб бир савол пайдо бўлди. Сақич деганда ўзимизни олдинги (мазасиз, оқ рангда бўларди) ёки бугунги кунда мавжуд мазали орбит, дирол кабиларни тушуниш керакми? Сабаби, маълумки рўзадорни оғзидан ҳид келиши бор, ишхонада инсонлар билан сўзлашганда ноқулай бўлади. Жавоингиз учун раҳмат!
– Ва алайкум ассалом! Ўзимизнинг сақич. Ноқулай бўлса нима бўпти?!
Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен - Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Маълумки, овқат егандан сўнг маълум вақт ўтиб, таом ҳазм бўлиш жараёнида оғиздан ҳид чиқади. Одатда ўша ҳид мақтовга сазовор ҳид эмас. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорнинг оғзидан чиқадиган, арабчада «халуф» деб номланадиган ўша ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушку анбарнинг ҳидидан ҳам афзал эканини қасам ила таъкидламоқдалар. Бу рўзанинг фазли қанчалар улуғ эканини кўрсатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзларини фуқаҳоларимиз яхши ўрганиб, рўзадор киши пешиндан кейин мисвок қилмаслиги керак, мабодо у мисвок қилиб оғзини тозаласа, ўша мушку анбардан кўра хушбўй ҳид кетиб қолади, деганлар.
Сиз бўлса бошқа нарсани ўйлаб юрибсиз.