Бу борада энг муҳими тақвони ошириш керак. Одатда, бу саволни кўпроқ илм ўрганаётганлар, Қуръон ёдлаётганлар беришади. Уларга тақвони ошириш билан бирга қуйидаги маслаҳат ҳам тақдим қилинади:Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик, бирдан Али келиб:«Ота-онам сизга фидо бўлсин, Эй, Аллоҳнинг Расули!, Ушбу Қуръон менинг кўксимдан чиқиб кетмоқда. Уни (ёдлашга) қодир бўла олмаяпман», деди.«Эй, Абул Ҳасан! Сенга Аллоҳ улар ила манфаат берадиган ва сен ўргатганларга ҳам манфаат берадиган ҳамда таълим олган нарсангни кўксингда собит қиладиган калималарни ўргатиб қўяйми?» дедилар.«Ҳа, Эй, Аллоҳнинг Расули!, менга таълим беринг», деди.«Қачон Жума кечаси бўлганда, агар кечанинг охирги учдан бирида туришга қодир бўлсанг. Албатта, у шоҳид бўлинган саотдир. Ундан дуо ижобат бўладир. Биродарим Ёқуб ўз ўғилларига «тезда сизлар учун роббимга истиғфор айтурман» деган. У буни Жума кечаси келгунча айтган. Агар қодир бўлмасанг, унинг яримида тур. Агар бунга ҳам қодир бўлмасанг, аввалида тур. Тўрт ракъат намоз ўқи. Биринчи ракъатда Фотиҳа билан Ясин сурасини ўқи. Иккинчи ракъатда Фотиҳа билан Ҳаа мийм Духон сурасини ўқи. Учинчи ракъатда Фотиҳа билан Алиф лаам мийм Танзийлус Сажда сурасини ўқи. Тўртинчи ракъатда Фотиҳа билан муфассалдаги Таборак сурасини ўқи. Қачон ташаҳҳуддан фориғ бўлсанг, Аллоҳга ҳамд айт ва Аллоҳга гўзал сано айт. Менга яхшилаб саловот айт. Бошқа набийларга ҳам. Мўминлар ва мўминалар ҳамда сендан олдин иймон билан ўтган биродарларинг учун истиғфор айт. Ана ўшалардан сўнг «Эй, Аллоҳим! Мени боқий қолдирган чоғингда маъсиятларни доимо тарк қилиш ила раҳим қилгин. Мени ўзимга бефойда бўлган нарсага уринмаслик ила раҳим қилгин. Мени Сени мендан рози қиладиган яхши назар ила ризқлантиргин. Эй, Аллоҳим! Эй, осмонлару ерни йўқдан бор қилган зот! Эй, жалол, икром ва мислсиз иззат эгаси! Эй, Аллоҳ! Эй, Роҳман! Жалолинг ила, юзингнинг нури ила сўрайман! Қалбимга китобингни Ўзинг менга таълим берганингдек ёд олишни лозим қилгин! Уни Сени мендан рози қиладиган тарзда тиловат қилиш ила ризқлантиргин.Эй, Аллоҳим! Эй, осмонлару ерни йўқдан бор қилган зот! Эй, жалол, икром ва мислсиз иззат эгаси! Эй, Аллоҳ! Эй, Роҳман! Жалолинг ила, юзингнинг нури ила сўрайман! Китобинг ила кўзимни мунаввар қилгин. У билан тилимни узун қилгин. У билан қалбимни очгин. У билан кўксимни кенгайтиргин. У ила баданимга амал қилдиргин. Чунки менга ҳақда Сендан ўзга ёрдам бера олмас. Уни Сендан ўзга бера олмас. Ўзгартиш ҳам, қувват ҳам фақатгина Аллоҳ ила бўладир», дегин.Эй, Абул Ҳасан! Ўшани уч жума ёки тўрт ёки бешда қилгин. Аллоҳнинг изни ила ижобат қилинурсан. Мени ҳақ ила юборган зот ила қасамки, бу ҳеч бир мўминни четлаб ўтмаган», дедилар».Ибн Аббос розияллоҳу анҳу:«Аллоҳга қасамки, беш ёки етти (жума) ўтиши билан Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига худди аввалгига ўхшаш мажлисга келди ва:«Эй, Аллоҳнинг Расули! авваллари тўрт оят ёки шунинг атрофидагинани олар эдим. Қачон уларни ўқийман десам ёдимдан чиқиб қолар эди. Бугун эса қирқ ва унинг атрофдагини олмоқдаман. Қачон уларни ўқисам, худди Аллоҳнинг китоби кўзим олдида тургандек бўлади. Ҳадисни ҳам эшитар эдим. Агар қайтармоқчи бўлсам ёдимга келмасди. Бугун эса сиз ҳадисларни айтганингизда бир ҳарфини ҳам қолдирмайман», деди.Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:«Мўминсан! Каъбанинг Роббиси ила қасам! Эй, Абул Ҳасан!» дедилар».Термизий ривоят қилган.